07.06.2019
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўртоқлик учрашувлари учун таркибни эълон қилганида таркибда янги футболчиларнинг номларини ҳам кўришимиз мумкин эди. Жумладан, «Қўқон-1912» жамоасидан ярим ҳимоячи Қувондиқ Рўзиев ҳам бош мураббийнинг эътиборига тушди.
– Миллий терма жамоадан чақирув олганингиз билан сизни табриклайман. Айтинг-чи, бу хабарни дастлаб кимдан эшитдингиз?
– Учта тур олдин биз Тошкенда «Бунёдкор» жамоаси билан ўйнагандик. Ўша учрашувда миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ҳам ўйинни кузатиш учун келганди. Мазкур баҳсдан икки кун ўтганидан сўнг жамоамиз мураббийи Азиз Тўхтабоев менга қўнғироқ қилиб, терма жамоамизнинг кенгайтирилган таркибига киритилибсан, хужжатларингни тўғрилаб тургин, балки сен ҳам Туркия билан ўйинга кетиб қолишинг мумкин деганди. Аммо ўша пайтда кенгайтирилган таркиб деганидан сўнг мени дарҳол йиғинга чақиришади деб ўйламагандим. Бироқ сурхондарёлик синфдош дўстларим менга қўнғироқ қилиб, терма жамоа рўйхатига киритилганим билан мени табриклашди. Кейин ўзим ҳам сайтга кириб қарасам чиндан ҳам рўйхатда менинг номим бор экан. Очиғи, ичимдан нималар ўтганини тушунтириб бера олмайман. Ҳар қандай футболчи ҳам ватан шаънини ҳимоя қилишни чин қалбидан хоҳлайди. Чунки футбол ўйнашдан ҳам асосий мақсадингиз аслида ҳам шу-да. Агар бунга эришмасангиз шунчаки умрингиз ўтиб кетган ҳисобланади. Озроқ бўлса ҳам қилаётган меҳнатларимиз тўғри йўлдалиги учун терма жамоадан чақирув олдим. Лекин бу мени миллий терма жамоага мунтазам равишда чақириласан дегани эмас. Шунга қарамай, мен учун терма жамоа эшиклари очилди. Тўғриси, Суперлиганинг охирги ўриндаги жамоасида ўйнаб туриб миллий термага таклиф этилишимни кутмагандим. Бу эса ҳар бир ўйинчида термада ўзини кўрсатиш учун имконият бор деганидир. Бош мураббий мени бежизга чақирмаганини қўлимдан келганича исботлашга ҳаракат қиламан.
– Биз ҳам «Қўқон-1912»нинг «Бунёдкор»га қарши учрашувини кузатгандик ва ўшанда майдонда энг фаол ўйинчилардан бири бўлгандингиз. Ушбу беллашувда Эктор Купернинг борлиги ҳам сизга қўшимча мотивация берганмиди? Унга ўзингизни кўрсатиш учун ҳам ўйнаганмидингиз?
– Ўша ўйинда биринчи таймнинг охирларида Куперга кўзим тушди. Шунда ўзимга-ўзим гапирдим: мана, сенга термага тушиш учун имконият, ҳамма нарса бўлиши мумкин, энди майдонга худди охирги марта тушаётгандек ўйнагин, дея руҳиятимни кўтардим. Натижада иккинчи бўлимга ўзимни бошқача тайёрладим. Ҳисобда ортда қолаётганимиз ва Купернинг стадионга келганлиги учун ҳам менда икки баробар қўшимча куч пайдо бўлганди. Дарҳақиқат, иккинчи бўлимни ўзим кутгандек ўтказа олдим.
– Ўзингиз айтганингиздек, охирги ўриндаги жамоадан ҳам термага футболчи чақириляптими, демак, ҳаммаси унинг ўзига боғлиқлигини яна бир бор кўрсатиб турибди. Энди миллий термада сиздан бундан-да яхши ўйинларни кутишади…
– Очиғи, ҳозирдан қаттиқ ҳаяжондаман. Чунки ёшлигимдан турли терма жамоаларга номзод бўлганман-у, аммо ҳеч қандай мусобақаларда иштирок этмаганман. Масалан, ёшлар ва олимпия терма жамоаларига 5-6 марта чақирув олганман. Бироқ асосий турнирларга келганда қайдномадан ўрин олмаганман. Энди эса миллий терма жамоага таклиф қилишди ва бу мен учун умуман бошқача дунё бўлади. Энди ўзимдаги ҳаяжонни енгиб, мухлислар олдидаги юзимни ёруғ қилишни истаяпман.
– Эктор Купер ҳақида нималарни биласиз?
– Эшитган бўлсангиз, Икром Алибоев менинг яқин дўстим. У билан ёшлигимдан бирга катта бўлганман. Икром билан мунтазам равишда алоқадаман. Осиё Кубогида ҳам ва яна бошқа ўйинларда ҳам у билан гаплашиб турардик. Купер бошқача мутахассис, унинг бошчилигида барибир Европа футболининг нафаси билиниб туради дея ўзининг тили билан таърифлаб берганди. Лекин ўшанда Алибоевнинг айтган гапларини ўзим учун унчалик яхши англай олмаганман. Албатта, Куперни қандай савиядаги мураббийлигини ҳаммамиз биламиз. Аммо у билан ҳали ишламаганим учун Эктор Купер мен учун ҳам жуда қизиқ. Энди эртага фарзандларимга ҳеч бўлмаганда Купер билан 12 кунлик йиғинда бирга ишлаганман деб айта оламан.
– Балки 12 кунлик йиғин сиз учун биринчиси ва охиргиси бўлиб қолмаслиги ҳам мумкин. Агар Купернинг ишончини қозонгансиз, бу сиз учун яхши. Мураббийнинг ишончини қозониш сизга руҳий томондан катта қийинчилик туғдирмайдими?
– Бу мен учун янги босқич. Ҳаттоки, мен ҳали мухлислар тўла катта стадионларда ўйнаб кўрмаганман. Сиз миллий терма жамоа либосини кийдингизми, сизда барибир бошқача куч ва иштиёқ пайдо бўлади ва бунинг ўзиёқ сизга куч беради. Ўз имкониятларимдан-да юқорироғини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Биз битта шаҳарчани эмас, балки Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиш учун майдонга тушамиз. Бунинг ўзи сизга катта мотивация беради.
– 10 та ўйинда бор йўғи 6 очко жамғарган «Қўқон-1912»нинг охирги ўриндалиги ажаблантирмоқда. Умуман олганда, клубга нима бўляпти?
– Мағлубиятларга учрайверсангиз, энди қандай ютамиз экан, деган савол миянгизга ўрнашиб қолади. Биз учун энг катта минус шундаки, биз ҳали ўз майдонимизда ўйнамаяпмиз. Кетма-кет ютқазяпмиз. Масалан, «Насаф» билан Қўқонда ўйнашимиз керак эди, аммо Қаршига бордик. «Андижон» ва «Бухоро»га қарши ҳам Фарғонада тўп сурдик. Мухлислар ҳам бу ўйинларга кам келди. «Андижон» билан ўйинда эса биз худди андижонликларнинг майдонида ўйнаётгандек бўлдик. Чунки ўша куни «Андижон»нинг мухлислари кўпроқ эди ва ўз жамоасини фаол қўллаб-қувватлашди. Ушбу учрашувларни Қўқонда ўтказиб, ҳеч бўлмаганда бир ғалаба ва бир дуранг қайд этганимизда ҳам ҳозир охирги ўринда эмас, балки 10-ўринларда бўлардик. Аммо ҳозирги вазиятдан фожеа ясаш керак эмас. Иккинчи даврада 9 ёки 10 та учрашувни ўз майдонимизда ўтказамиз. Қолаверса, ҳали олдимиздаги клублар биздан анча илгарилаб кетишгани ҳам йўқ. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради деган гап ҳам бор. «Пахтакор» билан «Локомотив» чемпионлик учун курашаётгани боис уларга ҳар бир ўйин финалга тенг ва ютишга мажбур. Қолган клублар эса аввало ўз майдонида мухлисларини хурсанд қилиш ҳаракатида бўлишади. Шу боис иккинчи даврада биз учун бошқача бўлади.
– «Қўқон-1912» жарликка тушиб қолгани оқибатида бош мураббий ҳам истеъфога чиқарилди. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
– Гапнинг очиғи, мураббий алмашганидан хафа бўлдим. Нўъмон ака Қўқон футболини янги босқичга олиб чиқа олганди. Мураббий бошқа клубларда захирада ўтирган айтайлик, Мурод Холмуҳаммедов, Жавоҳир Сидиқов каби футболчиларни чақириб, уларнинг янгича қирраларини очиб бера олди. Масалан, мен ҳам «Локомотив»да захирада ўтиргандим. «Қўқон-1912»га келиб эса яна катта иштиёқ билан ўйнашга киришдим. Керак бўлса, ишқибозларни ҳам стадионларга қайтара олди. Ўтган йили «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» каби жамоаларга қарши учрашувларда ютқазмадик, дуранг ва ғалабалар қозондик. Ўша етакчилар биз билан баҳсларда уч очкони қўлга кирита олишмади. Ўйлашимча, Нўъмон акага яна бироз вақт бериб, иккинчи даврани кутиш керак эди. Агарда ўз уйимизда ўйнаб ютқазганимизда ҳам бошқа гап эди. Ҳеч бўлмаганда мураббийга яна иккита ўйинда имконият бериш керак эди. Чунки Нўъмон ака Ҳасанов ўз имзосига эга бўлган мураббийлардан бири.
– «Қўқон-1912» қачон ўз майдонида ўйнайди?
– 15 июнь куни «Динамо»га қарши ўз майдонимизда ўйнаймиз. Биз ҳам, мухлислар ҳам буни орзиқиб кутишмоқда. Тўғриси, жамоамиз учун чемпионат энди бошланаётгандек. Қўқонда ўйнашимизни ойлаб кутдик. Бу ўйин биз учун жуда ҳам муҳим. Ишқибозлар олдида юзимизни ёруғ қилишни хоҳлаймиз. Биз бунгача сафарда чин дилдан ўйнаётганимизни исботлайдиган пайт келди. Чунки сафар учрашувларида бизга мухлисларнинг ҳам далдаси етишмаётганди.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди