19.11.2020
Хабарингиз бор эртага Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида , Coca Cola суперлигасининг 23-туридан ўрин олган марказий ўйин бўлиб ўтади. “Қўқон-1912” жамоаси Шота Арвеладзе бошчилигидаги “Пахтакор” жамоасининг меҳмони бўлади.
Эртагалик ўйиннинг натижаси ҳар иккала жамоа учун ҳам жуда муҳим хисобланади. Сабаби “шерлар”га бу йилги мавусмда ҳам чемпион бўлишлари учун биргина ғалаба кифоя қилса, “шунқорлар” ўз тарихларида илк марта совриндорлар қаторидан ўрин олишлари учун эртагалик ўйиндаги ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Хуллас эртага Тошкентдаги ўйинни томоша қиладиган мухлислар зерикиб қолмасликлари аниқ.
Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” жамоаси футболчилари бугун ЖАР стадионининг машғулотлар майдонида ўйин олди машғулотларини ўтказишди. Бугунги машғулотларда терма жамоа йиғинидан қайтиб келган Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Ботирали Эргашевлар ҳам фаол иштирок этишди. Эртага жамоамиз таркибида битта йўқотиш бўлади. Сўнгги учрашувларда “шунқорлар”нинг ўнг қанот ҳимоясида алмаштириб бўлмас футболчига айланиб бораётган Авазхон Маматхўжаев сариқ карточкалари тўпланиб қолгани сабаб жамоамизга ёрдам бера олмайди. Қолган футболчиларимиз эса аъло кайфиятда учрашувга тайёргарлик кўришмоқда. Суҳроб Бердиев даволанишда бўлса ҳам шерикларига рухан далда бўлишга ҳаракат қиляпти. Шоҳназар Норбеков эса бугунги машғулотларга келиб жамоадошларини қўллаб-қувватлаб турди.
Қуйида бугунги машғулотлардан олинган суратларни томоша қилинг.