01.09.2020
Бугун сизу биз энг улуғ, энг азиз байрамимиз, жонажон Ўзбекистонимиз Истиқлолининг қутлуғ 29 йиллик тўйини кўп миллатли халқимиз билан биргаликда бир тану бир жон бўлиб, меҳнатдаги улкан муваффақиятларимиз тантанаси ила кўтаринки руҳда қарши олмоқдамиз.
Шу муносабат билан “Қўқон-1912” футбол клуби ЎФА ва ПФЛ ходимларини, суперлига жамоаларини ҳамда футбол соҳасида фаолият юритаётган барча инсонларни, шунингдек сиз азиз футбол мухлисларини ушбу буюк шодиёна, тарихий сана билан қизғин муборакбод этади.
Бу йил мустақиллигимизнинг 29 йиллигини “Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя билан кутиб олмоқдамиз. Бу эзгу шиор ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди, албатта.
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан натижаларга эришиб, изчил тараққий этиб бормоқда.
Йилдан-йилга қурилиб, қад ростлаб ишга туширилаётган янги иншоотлар бунинг исботидир. Келажакни кўзлаб амалга оширилаётган бундай ишларимиз, албатта, ўз самарасини беради.
Байрам шукуҳи сизу бизнинг қалбимизга олам-олам шодлик улашиб турган бир пайтда биз сизларни яна бир бор энг улуғ ва энг азиз байрамимиз билан самимий табриклаймиз!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Хонадонларимизни файзу барака, бахт ва қувонч асло тарк этмасин. Элимизнинг, Сиз азизларнинг бошингиз омон бўлсин! Ватанимиз равнақини, юртимиз келажагини, фарзандларимиз камолини кўриш бахти барчамизга насиб этсин!
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин!