Филлип Райевац: «Қўқондаги каби фидойи мухлисларни ҳали кўрмагандим»

26.04.2017

Очиғи, анча йилдан бери Олий лига стартида бундай манзарага гувоҳ бўлмагандик. Ўзига хос шов-шув кўтарган жамоалардан бири бу «Қўқон-1912» клубидир. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари ўтказилган 7 та ўйиннинг бор-йўғи биттасида мағлубият аламини татиб кўришди. Жамоа ҳисобида 4 та ғалаба ва 2 та дуранг бор.

Ўзбек футболининг тамал тоши қўйилган шаҳар жамоасининг бугунги муваффақиятларига Филипп Райевац ҳам муносиб улуш қўшиб келяпти. Сербиялик ҳужумчи 4 та гол билан олий лига тўпурарлари сафида бормоқда. Биз бир неча бор турнинг энг яхши футболчилари қаторида эътироф этилган Райевацдан интервью олдик.

– Филипп, сизнинг сўнгги жамоангиз Сербиянинг «ОФК» клуби эди. қандай қилиб «Қўқон-1912» сафида пайдо бўлдингиз?

– Мени шахсан жамоа бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг ўзи таклиф қилган. У кишининг Сербияда дўсти бор экан. Айнан у мени тавсия қилган. Шу тариқа, Ўзбекистонга келдим ва мураббийлар кўригидан муваффақиятли ўтдим. Фарғона шаҳрида ўтказилган «Ҳоким кубоги-2017» мусобақаси доирасидаги 4 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та тўп киритдим. Шундан сўнг менга клуб раҳбарияти шартнома таклиф қилди. «Қўқон-1912» жамоаси билан бир йиллик битимга имзо чекдим.

– Мавсум сиз ва «Қўқон-1912» учун омадли бошланди. Жамоангиз пешқадамлар сафида боряпти. Бундай стартни кутганмидингиз?

– Ҳар бир жамоа майдонга фақат ижобий натижани кўзлаб тушади. Айниқса, легионер футболчи учун ғалаба ва уриладиган голларнинг аҳамияти жуда юқори бўлади. Кўз тегмасин, мавсум биз учун омадли ўтяпти. Лекин ҳали олдинда жиддий синовлар кутиб турибди. Кучли клубларга қарши ўтказиладиган ўйинлар бор. Жамоанинг асл кучи шунда билинади.

photo_2017-04-16_01-44-45

– Ҳозир қаерда яшаяпсиз?

– Меҳмонхонада.

– Ўзбекистон қандай таассурот қолдиряпти?

– Бу ерга келишимдан олдин Ўзбекистон ҳақида эшитгандим. Чемпионатингизда ўйнайдиган сербиялик футболчилардан ҳам маълумотлар сўрагандим. Ўзим келиб гувоҳи бўлдим ва эшитганларим ортиғи билан тўғри эканига амин бўляпман. Энг муҳими, мамлакат тинч. Ярим кечаси ҳам дўстларингиз ва яқинларингиз билан кўчада бемалол сайр қилиб юришингиз мумкин. Ўзбекистонга кўз тегмасин. Юртингиз жуда ҳам гўзал. Одамлари хушмуомала. Меҳмондўстлиги алоҳида мавзу. Бу ердаги таомларни бошқа ҳеч қаерда кўрмаганман. Фаолиятим мобайнида Сербия, Польша клубларида ўйнадим. Лекин бу ердаги таассуротларим ҳаммасидан яхши.

– Жамоада сизни яхши қарши олишдими?

– Жуда илиқ тарзда кутиб олишди. Ўзбекистон чемпионатида ҳамюртларим Дарко ва Никола ҳам тўп суришяпти. Зерикишга вақт йўқ. Бўш вақт бўлди дегунча улар билан гаплашаман.

– Бош мураббий ҳақида фикрингиз қандай?

– Нўъмон Ҳасанов футболчи сифатида катта обрўга эга бўлганлигини биламан. Бу унинг энг катта ютуғи. Футболчиларни тушунади ва шу билан бирга фикрини тушунтириб ҳам бера олади. Бирор муаммога дуч келсам ҳам тезда ҳал қилиб беради. Бир сўз билан айтганда, жуда яхши мураббий ва инсон.

– Кутилмаган натижалар ҳақида нима дея оласиз?

– Бу ерга келганимда менга «Локомотив», «Насаф», «Бунёдкор», «Пахтакор» жамоаларининг кучли эканлиги ва совринли ўринлар учун кураш айнан мана шу 4 та клуб ўртасида кечишини айтишганди. Лекин ҳозирча бундай бўлмаяпти. «Локомотив» мустасно. Чемпионатда кутилмаган натижаларнинг қайд этилиши мухлисларнинг ўйинларга қизиқишини яна ҳам оширади. Шу ўринда «Қўқон-1912» жамоаси ишқибозларини алоҳида тилга олишим шарт. Бундай фидойи мухлисларни ҳали ўзим ўйнаган клубларда кўрмагандим. Аслида 6-турдан сўнг биз турнир жадвалида пешқадамлик қилишимиз керак эди. Афсуски, «Машъал» билан ўйинда қимматли икки очкодан маҳрум бўлдик. «Машъал»нинг аввалроқ «Пахтакор»ни йирик ҳисобда мағлуб этганини инобатга олсак, биз қайд этган натижа ҳам ёмон эмас. Фақат охирги дақиқаларда гол ўтказиб, ғалабадан маҳрум бўлганимиз алам қилди.

photo_2017-04-08_06-28-31

– Нима учун бошқа спорт турини эмас, айнан футболни танлагансиз?

– Боиси, менда бошқа танловнинг ўзи йўқ. Отам ҳам ўз вақтида футболчи бўлганлар. Оилавий муҳит таъсирида мен ҳам тўп тепа бошлаганман. Катта футболдаги илк муваффақиятларимга «Будучность» клубида эришганман. Легионер сифатида Польшада ўйнадим. Ўзбекистонга келгунимга қадар Сербиянинг «ОФК» жамоаси шарафини ҳимоя қилгандим. «ОФК» клуби Сербияда «Црвена Звезда», «Партизан» каби машҳур жамоалар билан бир қаторда тилга олинади. Александр Коларов, Бранислав Иванович каби машҳур футболчиларни етказиб берган.

– Қайси ўйинчиларга ҳавас қиласиз?

– Роберт Левандовски ва Фернандо Торрес. Бу ҳужумчиларнинг ўйинига тан бераман. Улардан ўрганадиган жиҳатлар кўп.

– Клублардан-чи?

– Болалигимдан «Ювентус» мухлисиман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО