13.05.2017
Бугун Фарғона вилояти Риштон туманида марҳум спорт шарҳловчиси Давлат Турдиалиев хотирасига бағишланган фахрийлар ўртасида мини-футбол турнири бўлиб ўтди.
Мусобақа Риштон туманида яшовчи футбол фидойилари Шокиржон Қодиров ва Ўринбой Юсупов ташаббуси билан ташкил этилди. Мазкур турнирда Наманган вилояти ва Риштон туманидан ташкил топган олтита фархийлар жамоаси иштирок этишди.
Мусобақа очилиш маросимида “Нуроний” жамғармасининг Риштон тумани бўлими раиси Иномжон Обидов ва Давлат Турдиалиевнинг яқинлари ҳам қатнашишди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанларнинг барчаси марҳум Давлат Турдиалиевни ёдга олишиб, у киши ҳақида илиқ фикрларни билдиришди.
– Давлат Турдиалиевдан айрилганимизга ҳам яқинда уч йил бўлади. У кишини хотирлаб бу ерга жамланган барчадан миннатдорчилик изҳор этмоқчиман. Кези келганда, шуни айтишим жоизки, бу турнир ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилади, деди Шокиржон Қодиров.
Очилиш маросимида шунингдек, Холматжон Турдиалиев, Ўринбой Юсупов ва Мамадали Мўминовлар ҳам сўзга чиқишди.
Шундан сўнг, учрашувлар бошланиб кетди.
Биринчи ярим финалда Наманган вилоятининг икки жамоаси – “Хотира-79” (Уйчи тумани) ва “Нуроний” (Янгиқурғон тумани) майдонга тушишди. Ўйинда яққол устунликка эришган “Хотира-79” фахрийлари рақибларини 6:1 ҳисобида доғда қолдиришди.
Иккинчи финалчи номи – Наманганнинг “Навқирон” ва Риштон туманининг “Оқ олтин” жамоалари ўйинида аниқланди. Учрашувни кутаринки руҳда ўтказган “Навқирон” жамоаси вакиллари 4:3 ҳисобида рақибдан устун келишди.
Ҳал қилувчи баҳсда “Навқирон” ва “Хотира-79” жамоалари тўқнаш келишди. Мусобақага яхши тайёргарлик билан ташриф буюрган “Навқирон” жамоаси вакиллари 4:2 ҳисобида ғалабага эришишди ва бош совринни қўлга киритишди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда “Оқ олтин” ва “Нуроний” жамоалари майдонга тушишди. Учрашувда “Оқ олтин” фахрийлари 3:2 ҳисобида зафар қучишди.
Мусобақа якунига етгач, ғолибларни Шокиржон Қодиров ва Давлат Турдиалиевнинг акаси Холматжон Турдиалиевлар тақдирлашди.
Фахрийлар ўртасида ўтказилган ушбу турнир барчада бирдек ёқимли таассурот қолдирганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Салоҳиддин Холматов ва Мамадали Мўминовлар турнирнинг энг яхши ўйинчилари сифатида тан олинди. Шунингдек, Нўъмонжон Икромов ҳам мухлисларда яхши таассурот қолдирди.
Айтганча, яна бир хабарни айтиб ўтиш жоиз, шу йилнинг август ва сентябрь ойларида Наманган вилоятида 60 ёшдан ошган ҳаваскор фахрий футболчилар ўртасида “Олтин Водий” турнири ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда қантнашиш истагида бўлган Фарғона водийси фахрийлари қуйидаги телефон рақамига мурожаат этишлари мумкин:+998943006339
Аброр Деҳқонов