16.06.2017
Вадим Абрамов футболга қайтди. Кўпчиликни хурсанд қиладиган хабар. Бу мураббийни мухлислар яхши кўради. Энг аввало, Ўзбекистон терма жамоасида эришган ютуқлари, кейин эса шахсий хусусиятлари туфайли. Футбол – аслида улкан бир шоу ва у фақат мухлисларга аталиши лозим. Вадим Абрамов эса буни тушунадиган камсонли мураббийлардан бири. Агар ягона бўлмаса.
Айнан шу сабабга кўра, Абрамовнинг «Нефтчи»да иш бошлагани нафақат фарғоналик, балки бутун республикадаги бошқа мухлисларни ҳам қувонтирди. Тўрт-беш йил муқаддам Ўзбекистон терма жамоасига ишқибозлик қилган инсон борки, Вадим Карленовичнинг қайтишидан бирдек хурсанд бўлди. Биз эса бу қайтиш Ўзбекистон чемпионатига нималар бериши мумкинлигини олти хил сабаб асосида кўриб чиқамиз.
1. «ЎЗБЕКЧА КЛАСИКО»
15-20 йил муқаддам «Нефтчи» ва «Пахтакор» ўртасида кечадиган ўйин улкан воқеликка айланарди. Учрашув бошланишига бир неча кун қолганда ҳамма иш йиғиштирилиб, барчанинг ўй-хаёли ўйин атрофида бўларди. Бежизга ўша вақтларда «Нефтчи»-«Пахтакор» қарама-қаршилигини «ўзбекча класико» деб аташмаган. Кичик ёшли укаларимиз ўша шиддатни тасаввур қила олмаётган бўлсалар, оталари ва акаларидан сўраб кўришсин. Улар унутмагани аниқ. Бундай ўйинларни эсдан чиқариб бўлмайди.
Аммо йил ўтгани сари «ўзбекча класико»дан ҳам файз кетиб, бора-бора оддий ўйинга айланиб қолди. Энди бу учрашув шунчаки, бошқалар қатори сезилмай ўтиб кетади. Айтайлик, жорий йилги баҳс 0:0 ҳисобида дуранг билан якунига етди, бироқ баъзи мухлислар дабдурустдан ўша ўйин натижасини эслай олишмаса ҳам керак. Вадим Карленовичнинг қайтиши эса мана шу вазиятни ўзгартириши мумкин.
Абрамов ҳар доим ўз олдига юқори мақсад қўйиб келган, «Нефт-чи»да ўз услубига содиқ қолиши аниқ. Ўз навбатида, «Пахтакор»даги ўзгаришлар ҳам катта, жамоа бошқарувига яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири бўлган Шота Арвеладзе таклиф этилди. Табиийки, ҳар икки мураббий ўзгача иштиёқ билан иш бошлашади. Бу эса ўша «Нефтчи»-«Пахтакор» ўртасидаги шиддатли қарама-қаршиликни қайтаришга умид пайдо қилади.
2. «НЕФТЧИ» – «БУНЁДКОР»
«Нефтчи» учун нафақат «Пахтакор», балки бошқа жамоаларга қарши кечадиган ўйинлар ҳам ўзгача аҳамият касб этади. Айниқса, «Бунёдкор» билан ўйинни энди мухлислар иштиёқ билан кутишса керак. Йўқ, бунга сабаб ҳар икки жамоа ўртасидаги тўқнашувлар тарихи эмас. «Қалдирғочлар» фаолиятининг энг юқори чўққисига кўтарилган вақтда «Нефт-чи»нинг ғалабали юришлари мозий қаърига ғарқ бўлиб улгурган эди. Клубни кетма-кет чемпион қилган Юрий Саркисян эса ҳозир «Бунёд-кор»да ишлаяпти. Шундай экан, «Нефтчи»-«Бунёдкор» тўқнашуви шиддати ошишида тарихнинг деярли ўрни йўқ. Гап бошқа томонда – мураббийларда.
Абрамов ва Қосимов мавзуси мухлислар учун ҳар доим муҳим аҳамият касб этган. Бу мутахассислар бир-бирини ашаддий рақобатчи сифатида кўрмаслиги мумкин, аммо ишқибозлар уларни ўзаро солиштиришда давом этаверади. Ёдингизда бўлса, яқингача ҳам «Қосимовчи» ёхуд «Абрамовчи» деган атамалар анча кенг ёйилганди. Бунга сабаб эса ҳар икки мураббий ҳам Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувида олиб борган ишдир. Энди ўша атамалар яна қайтса, ҳайрон қолмаймиз.
Вадим Абрамов миллий терма жамоага ҳужумкор услубни татбиқ этиб, Ўзбекистон футболининг Осиё кубогидаги энг яхши натижасини қайд этди (4-ўрин). Миржалол Қосимов эса бироз прагматик ўйинни маъқул кўрди, бироқ сал қолса, термани мундиалга олиб чиқиши мумкин эди. Мураббийга очко эмас, қандайдир бир-иккита гол етмай қолди. Табиийки, ҳар икки мураббийнинг мухлислари етарли. Мана энди ўша кураш майдони терма жамоадан олий лигага кўчади. Шу вақтга қадар «Қосимов кучлими ёки Абрамов?» деган савол устида тортишиб юрганлар энди унинг жавобини бевосита майдонда олиш имкониятига эга бўлишади.
3. ҚОЛМОҚ ЁКИ КЕТМОҚ
Биз «Нефтчи»нинг шонли тарихи ортга қайтиши ҳақида гапирмоқдамиз, аммо ҳозир жамоанинг аҳволи анча оғирлигини унутиб қўйдик. Фарғоналиклар айни вақт олий лигада 15-ўринда боришмоқда ва омадсизликлар давом этса, қуйи лигага йўл олиши ҳам ҳеч гапмас. Мусобақа жадвалига қарагудек бўлсак, «Шўртан», «Металлург» ва «Обод» ҳам аутсайдерлар орасида эканини кўриш мумкин. Аммо ўртамиёна клублар билан орадаги фарқ катта эмас. Шундай экан, олий лигада «жон» сақлаш учун кураш анча кескинлашади, ишонаверинг.
«Нефтчи»га эса, ҳаттоки, Вадим Абрамов билан ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Боз устига, биринчи давра якунида асосий рақобатчиларга қарши майдонга тушиш лозим. Фарғоналиклар навбатдаги турда «Динамо» билан куч синашишади. Кейин эса «Металлург»га қарши кечадиган ўйин кутиб турибди. Бу учрашувлар «Нефтчи» учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Вадим Абрамов қисқа фурсат ичида вазиятни ўнглай оладими? Мана шу савол энди жуда қизиқарли. Мураббий ўтган ҳафта «ИнтерФутбол» учун берган интервьюсида қизиқ факт келтирди. Унинг айтишича, бир вақтлари «Трактор»ни қабул қилиб олганда ҳам клуб оғир аҳволда бўлган. Ўшанда Вадим Абрамов жамоа бошқарувида илк ўйинини «Динамо»га қарши ўтказган ва… мағлубиятга учраган. Тақдир ҳазилини қарангки, мутахассис Фарғонадаги фаолиятининг бошида ҳам илк ўйинда айнан Самарқанд жамоасига тўқнаш келяпти. Бу нимадан далолат?
Вадим Абрамовнинг «Нефтчи» бош-қарувига тайинланиши бир жиҳатдан қизиқ – мураббий «жон» сақлаш учун курашда ўзини қандай тутади? Аутсайдер клуб билан ишлашни унутиб қўймаганмикан? Бу саволнинг жавобини яқинда билиб оламиз.
4. МУХЛИСЛАР ТАШРИФИ
«Нефтчи»нинг стадиони аввалгидек гавжум бўлмай қолгани ҳеч кимга сир эмас. Фарғонада янги қурилган арена эса вазиятни ўнглаш ўрнига, янада оғирлаштирди. Клубнинг нурсиз ўйини етмагандек, чипталар нархи ҳам ошди ва ўзи шундоқ ҳам кўп бўлмаган мухлислар сонига путур етди. Энди стадион тўлиши учун олий лига ўйини кифоя қилмаяпти, бирор қўшиқчи концерт ташкиллаштиришига эҳтиёж туғилмоқда.
Вадим Абрамов жамоа бошқарувига келгани ҳамоно, энг аввало, мухлисларни стадионга қайтаришни бош мақсад қилиб олганини таъкидлади. «Олдимга қўйган энг асосий вазифалардан бири – мухлисларни стадионга қайтариш. Фарғоналикларнинг футболга қизиқмай қўйганига сира ҳам ишонмайман. «Нефтчи» ишқибозларини яхши биламан, улар албатта, стадионга келишади. Фақат бунинг учун муносиб ўйин намойиш этиш лозим. Йил охирига қадар стадион тўлиб-тошишига умид қиламан. Менимча, клубдаги ўзгаришлар ишқибозларни қизиқтириб қўйган ва кейинги ўйинга кўпроқ томошабин келса керак. Бизнинг вазифамиз – чиройли ўйин кўрсатиб, уларнинг кейинги ташрифига замин ҳозирлаш. Фарғонага мухлислар билан тўлиб-тошган стадион ярашади»,-деди мураббий.
Вадим Карленович бу ишни қай даражада уддалай олади? Ҳозирча бу саволнинг жавобини билмаймиз. Аммо бир масалада мураббий барибир, ҳақ – клубдаги ўзгаришлардан сўнг мухлислар ташрифи сезиларли даражада жонланиши мумкин. Уларни стадионда олиб қолиш эса, Абрамов айтмоқчи, жамоанинг ўз қўлида.
5. МАТБУОТ АНЖУМАНЛАРИ
Абрамовнинг футбол мухлислар учун ўйналишини тушунадиган мутахассислар сирасига киришини айтиб ўтдик. Дарҳақиқат, Вадим Карленович ҳеч қачон матбуот билан мулоқотдан бош тортмаган ва ҳар доим ўз фикрини очиқ-ойдин баён қилади. Унинг учун кимнидир юзхотир қилиш, андиша деган тушунча йўқ. Тортинмасдан бор гапни айтиб юбораверади. Бундай мураббий биз – журналистлар учун ҳам ноёб топилма. Айниқса, матбуот анжуманларида бир хилликдан зерикканларга Абрамовнинг қайтиши қувонч келтиргани шубҳасиз. У ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Мухлислар эса бундай гапларни яхши кўришади.
Малакали мутахассис «Барселона» фалсафасига яқин услубда ишлайди. Аммо гап келганда ҳеч кимни аямаслиги «Реал»нинг собиқ устози Жозе Моуриньони ёдга солади. Энди ўзбек футболида яна аввалгидек қочирим ва писанда гаплар кўпаяди. Бунга шубҳа йўқ. Бизга эса айнан шу нарса керак. Ўзбек футболида охирги вақтларда оддий гаплар жуда кўпайиб кетди, баъзан «нотўғри» фикрларни ҳам эшитгинг келаркан. Аксарият мураббийлар нимадир деб қўйиб, ҳакамлар ёки раҳбариятнинг жаҳлини чиқариб қўйишдан хавфсирашади. Вадим Абрамов эса айнан шундай гаплари билан танилган мураббий.
6. КУБОК
Бу йил Ўзбекистон кубоги учун кураш ҳар йилгидан ҳам қизиқарлироқ кечса керак. Вадим Абрамовнинг «Нефтчи»да иш бошлаши эса бу курашни янада қиздиради. Чунки мураббий айнан кубок туфайли ҳам Фарғонани танлаганини таъкидлаб ўтди. «Бу мусобақадаги иштирокини давом эттираётгани учун ҳам «Нефт-чи»ни танладим. Олий лигада масала маълум, ҳозирча «жон» сақлаш учун курашишга мажбурмиз. Аммо клубга ғолиблик имконини берадиган турнир ҳам зарур. Кубок эса бизга айнан шундай имкониятни туҳфа этади»,-деди Абрамов.
Демак, фарғоналикларнинг кубокка катта эътибор қаратишлари аниқ. Аммо бу борада «Нефтчи» ёлғиз эмас. «Бунёдкор» ва «Насаф» ҳам ғалабага катта умид боғлаган. Ўзбекистон кубоги Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини туҳфа этишини инобатга олсак, кураш анча шиддатли кечиши турган гап. Абрамовнинг Фарғонада иш бошлаши эса бу шиддатни янада ошириб беради.
Хуллас, кузатиб боринг. Вадим Карленович билан асло зерикиб қолмаслигингиз тайин.
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz