03.07.2017
Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси “Бунёдкор”га қарши Ўзбекистон Кубоги чорак финал дастлабки учрашувидан сўнг таътилга чиқди.
Жамоа 7 июлга қадар хордиқ олади. Шундан сўнг Қиргулида иккинчи даврага тайёргарлик жараёни бошланади ва 16 июлгача футболчилар Фарғонада шуғулланади. 17 июль санасидан бошлаб йиғин Тошкентда давом эттирилади. Пойтахт йиғинида 2 та ўртоқлик учрашуви режалаштирилган. Вадим Абрамов шогирдлари 18 июль куни “Қизилқум”га қарши беллашишса, 21 июлда тиббий кўрикдан ўтишгач, шу куни “Қўқон-1912” жамоаси билан навбатдаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Шундан сўнг, жамоа 26 июль куни “Бунёдкор” билан Ўзбекистон Кубогидаги жавоб ўйинида қатнашади.
Жамоанинг биринчи даврадаги қониқарсиз натижаларидан сўнг клуб раҳбарияти мураббийлар штабида жиддий ўзгаришларга қўл урди. Андрей Фёдоров ўрнига бош мураббийлик лавозимига Вадим Абрамов таклиф қилинди. Бироқ Вадим Абрамов мураббийлик давридаги натижаларда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмади. Мураббий мазкур давр мобайнида асосан жамоа футболчиларини кўздан кечирди ва амалдаги таркибдан бир қатор футболчиларнинг савияси бош мураббийни қониқтирмади. Мутахассис бир ойлик қисқа фаолиятидан шундай хулосага келдики, жамоа таркиби ислоҳотларга муҳтож. Шу сабабли давралар оралиғида ҳар бир чизиқни кучайтириш бўйича селекция ишлари олиб борилади. Бироқ айни пайтда кўплаб юқори савияли ва кучли футболчиларни ўз клублари билан амалдаги шартномаси борлиги туфайли, Вадим Карленович селекция жараёнини фаол тарзда ўтказиш имкониятига эга эмас. Лекин имкон даражасида таркиб яхши савияли ижрочилар билан шакллантиришга урғу берилади.
Ҳозирга келиб жамоа ўзининг собиқ вакиллари бўлмиш Мансур Саидов, Отабек Ҳайдаров ва Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ижарада бўлган Абдужамол Исроиловларни ортга қайтарди. Шунингдек 5-6 нафар янги футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Мазкур музокаралар Тошкент йиғини бошлангунга қадар ҳал бўлиши кутилмоқда. “Нефтчи”ни биринчи даврадан сўнг бир қатор футболчилар тарк этишди. Отабек Исроилов, Руслан Матниязов, Никита Павленко ҳамда Акром Баҳриддиновлар иккинчи даврани бошқа жамоада давом эттиришади. Таркибда яна бир қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
“Нефтчи” ПФКнинг айни пайтдаги энг асосий мақсади иккинчи даврада жамоани турнир жадвалининг юқори поғоналаридан жой эгаллаш ва мухлисларни стадионга қайтариш саналади. Жамоанинг иккинчи даврадаги натижалари Вадим Абрамовнинг зиммасида бўлади. Вадим Карленович учун клуб раҳбарияти барча шароитларни яратиб берган ва уни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Манба : fcneftchi.uz