Олий лиганинг биринчи даврасига аталга мақолаларни беришда давом этамиз.
Олий лиганинг биринчи даврасида “Қўқон-1912” клуби жуда ижобий натижа қайд этишди. Ушбу жамоага батафсил тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
“Қўқон-1912”
Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги қўқонликлар дастлабки давранинг ҳақиқий кашфиётига айланишди. Водий клуби ўтган мавсум ёзги танаффусга 9 очко билан чиқиб кетган эди. Яъни 3та ғалаба ва 12та мағлубият билан! 2016 йилги мавсумда “Қўқон-1912” 30та ўйинда 29 очко тўплаган ва мавсумни 12-ўринда тугатган эди. Эътиборлиси қўқонликлар бу йил 15та ўйиндаёқ 27 очко тўплаб бўлишди. Жамоа бу йилги мавсумни ўз майдонида “Насаф”га қарши ўйиндаги мағлубият билан бошлади – 1:2. Кўпчилик худди ўтган йилгидек қўқонликлар пастки поғоналарда юришини тахмин қила бошлади. Бироқ Ҳасанов бошчилигидаги жамоани ўша ўйиндан кейин тўхтатиб қолишнинг имкони бўлгани йўқ. Сабаби илк турдаги мағлубиятдан сўнг “Қўқон-1912” қаторасига 11та ўйинда ҳеч қайси рақибга ютқазгани йўқ! Сафарда “Нефтчи”, ўз майдонида “Металлург”, “Қизилқум” ва “Бухоро” каби клублар мағлуб этилди. “Пахтакор” ва амалдаги чемпион “Локомотив” билан бир хил 1:1 ҳисоблари қайд этилди.
“Қўқон-1912” дастлабки даврада фақатгина битта баҳсда (“Олмалиқ” билан) гол ура олмади. Қолган 14та ўйиннинг барчасида қўқонликлар ҳеч бўлмаса битта тўп кирита олишди. Бошқа ҳеч бир клуб бундай натижа билан мақтана олмайди.
Жамоанинг ғалабаларида легионер ҳужумчи Филип Райевацнинг хизматлари жуда катта бўлди. Футболчи дастлабки турларда кетма-кет тўртта баҳсда майдонни голсиз тарк этмади. Райевац биринчи даврада рақиблар дарвозасини жами олти марта ишғол қилишга эришди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Суҳроб Бердиев ҳам 6та гол урди. “Металлург” билан баҳсда Бердиев 3та тўп киритиб хет-трикка эришганди. Дастлабки даврада фақат икки футболчигина хет-трик расмийлаштирди. Улардан бири айнан Бердиев бўлди. “Пахтакор”дан ижрага олинган Жавоҳир Сидиқовга ортиқча таъриф беришнинг хожати ҳам бўлмаса керак. Маҳаллий мухлислар унинг чиройли ҳаракатлари туфайли Сидиқовга “қўқонлик Месси” деб ном қўйишди. Иккинчи даврани Жавоҳир қайси клубда бошлаши ҳозирча маълум эмас. Шуниси аниқки агар “Пахтакор” ярим ҳимоячини қайтариб олса “Қўқон-1912” учун каттагина йўқотиш бўлади.
Биринчи даврада 3 нафар футболчи барча 15та ўйинда майдонга тушди. Энг кўп ўйнаган футболчи ҳимоячи Мурод Холмуҳаммедов бўлди. Йил бошида жамоага келган ҳимоячи 3 марта гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Юқорида Райевац ҳақида тўхталиб ўтдик. Бу ҳужумчи ҳам 15та ўйинда иштирок этди.
Барча ўйинларда қатнашган яна бир ўйинчи ярим ҳимоячи Баҳодир Акрамов бўлди. “Қўқон-1912” дастлабки даврада анчагина тартибли ўйин кўрсатганини ҳам таъкидлаш лозим. Нўъмон Ҳасанов шогирдларига 24та сариқ карточка кўрсатилди. Ҳакамлар қўқонлик футболчиларга умуман қизил карточка кўрсатишгани йўқ.