10.07.2017
1-даврани кўтаринки кайфиятда ўтказган жамоамиз аъзолари, қисқа муддатли таътилдан қайтдилар.
Кеча Чирчиқ шаҳрида йиғилган футболчиларимиз 2-даврага тайёргарликни бошлаб юборишди. Машғулотлар бугундан бошлаб кунига 2 маҳалдан бўлиб ўтади. Футболчилар бош мураббийимиз томонидан ишлаб чиқилган режа бўйича тайёргарликни олиб боришади.
Мухлисларимизга бир хушхабарни етказмоқчимиз. Ўзининг ажойиб ўйинлари билан Қўқонлик мухлислар меҳрини қозонган Қувондиқ Рўзиев жамоамиз сафига келиб қўшилди. Рўзиев 2-даврани жамоамиз сафида ўтказади. Ҳозирча сафимизда бошқа янги футболчилар йўқ.
Сербиялик легионерларимиз Дарко Гожкович ҳамда Филип Райевацлар йиғинга бироз кечроқ қўшиладилар. Улар айни дамда ўз юртларида ҳордиқ чиқармоқдалар.
Жамоамиз машғулотларида дарвозабон Музаффар Абдуллаев иштирок этмаяпти. Абдуллаев 2-даврани собиқ жамоаси, Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубида ўтказиш эҳтимоли юқори.
Чирчиқдаги йиғин давомида сафимизда яна ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бу ҳақида ўзгаришлар аниқ бўлгач албатта сизларга хабар берамиз.
Ўқув – йиғин машғулотлари давомида «Қизилқум» ва «Нефтчи» жамоалари билан назорат ўйинлари ўтказиш режага киритилган.