30.07.2017
Ўзбек футболининг ватани дея эътироф этиладиган Қўқонда футболни жуда яхши кўришлари ҳеч кимга сир эмас. Қўқонлик мухлислар учун футбол бўладиган кун байрамга айланади.
“Қўқон-1912” жамоаси эса ўз мухлислари билан ҳамиша фахрланиб келган. Бугунги кунда жамоамиз ишқибозлари орасида ёш улуғ фахрийларимиз ҳам борлиги кишини қувонтиради.
86 ёшли фахрий журналист, жамоамизнинг ашаддий ишқибози Мўйдинжон ота Йўлдошев мана бир неча йилдирки, “Қўқон-1912”нинг ўйинларидан завқ олиб келади.
Мўйдинжон ота жамоамизнинг йил якунларига бағишланган тадбирларида ўзининг шеърлари билан футболчиларни хурсанд этишни канда қилмайди.
Яқинда “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтган янги футболчиларнинг таништирув маросимида иштирок этган Мўйдинжон ота жамоамизга бағишланган ўзининг янги шеърини йиғилганларга ўқиб берди.
Қуйида ушбу шеърни ҳукмингиза ҳавола этамиз.
ҚЎҚОН ШУНҚОРЛАРИ
(“Қўқон-1912” футбол жамоасига)
Футбол кезаётир юртимиз бўйлаб,
Берайин Қўқоннинг футболин сўйлаб.
Сардордан сўз очсак Носиржон ўзи –
Хўп дадил тўп сурар, қатъийдир сўзи.
Дарвозабон “ярим жамоа” дерлар,
Ўйинда Азизхон “ўлгунча” терлар.
Жалил ва Даркодан умидлар катта
Баҳодир кўрсатар ўзин албатта!
Мухлисларга суюк бизнинг Жавоҳир:
Рақиб ҳимоясин бузишга қодир.
Жарима тўпларни моҳир Муроджон –
Голга айлантириб қўйяр ҳар қачон?
Зарбалар берса гар Бердиев Суҳроб,
Кўплаб дарвозабон берсаолмас тоб.
Олис юртдан келди Филип Райевац,
Тўпурарликдан у бераётир дарс.
Жамоа зўр ўйин этса намойиш,
Ҳамма шоду хуррам, бўлмагай койиш.
Эй, “Қўқон-ўн икки” белингни боғла,
Қийин ўйинларга ўзингни чоғла.
Олдинда турибди ўйинлар “зўри”,
Ғолиб чиқсанг сенга давранинг тўри.
Орзулар кўп албат, қоқадир қанот,
Мухлислар орзуси бахш этсин нажот.
Рақиб дарвозаси тўпларга тўлсин,
Омад ва ғалаба Сен томон бўлсин,
Қўқон шунқорлари бўлинглар омон!
Яна ўзинг кўрсат, Ҳасанов Нўъмон!
Мўйдинжон ЙЎЛДОШ.