06.08.2017
Аслида миллий чемпионатимизга асос солинганидан буён «Нефтчи» жамоасига мухлислик қиламан. Аммо очиқ тан олишим керак, жорий мавсум «Қўқон-1912»га бошқача меҳр билан қараяпман.
Сабаби барчага тайин – Нўъмон Ҳасанов шогирдлари дарҳақиқат, ҳурматга лойиқ ўйин кўрсатишяпти. Жавоҳир Сиддиқов таркибда олиб қолинганини эшитиб, роса хурсанд бўлдим.
Бунинг учун клуб раҳбариятига алоҳида раҳмат! Жавоҳирнинг БАА термаси дарвозасига қандай гол урганини кўрдингларми? Ишонаманки, у олий лига иккинчи даврасида ҳам қўқонликларни ўз ортидан эргаштириб, бундай шедевр ҳаракатларни тез-тез амалга оширади.
Умуман, «Қўқон-1912»нинг ҳозирги мавқеини сақлаб қолиб, якунда ОЧЛга йўлланма олишини истардим. Ўйлайманки, юртимизда ушбу фикримга қарши чиқадиганлар кўп эмас. Чунончи, водий футболининг аввалги ҳолатга қайтиши учун озгина туртки керак.
Халқаро ўйинлар эса нафақат мухлислар қизиқишини янада оширади, балки «Нефтчи» ва «Навбаҳор» каби клублар раҳбариятини ҳам ишга бошқача ёндашишга ундайди. Демак, олға, «Қўқон-1912», сени ОЧЛда кутамиз. Ҳозирги шаштингни сира бўшаштирма!
Даврон ШОИМОВ, Фарғона тумани.
Манба: interfutbol.uz