02.09.2017
Aёллар футболи бўйича Ўзбекистон Кубоги баҳсларида муваффақиятли одимлаётган “Нефтчи” вакиллари “Навбаҳор” тўсиғидан ўтиб, чорак финалга йўлланмани қўлга киритишди.
“Нефтчи-W” жамоаси нимчоракнинг илк баҳсини сафарда, “Навбаҳор”га қарши олиб боришди ва 5:0 натижасида ғалабага эришишди. Баҳсда “Нефтчи”дан Адиба Омонова икки марта пенальтини аниқ амалга оширди. Шунингдек Шахноза Каримов, Хилола Обиджонова ҳамда Зархумор Неъматовалар биттадан гол киритишга эришишди.
Бугун эса Қиргулидаги “Нефтчи” СК стадионда мазкур баҳснинг жавоб учрашуви ўтказилди. Қизғин кечган рақобат голларга бой ўтмаган бўлсада, вакилларимизнинг зафари билан хотима топди. 1:0. Учрашувдаги ягона голга Зархумор Неъматова муаллифлик қилди.
“Нефтчи-W” жамоасининг Ўзбекистон Кубоги чорак финалидаги рақиби 4 сентябрь кунги қуръа ташлаш маросимидан сўнг бўлиб маълум бўлади.
“Нефтчи” матбуот хизмати