31.10.2017
Ла лига президенти Хавьер Тебас L’Équipe журналига берган интервьюсида ПСЖ устидан УЕФАга шикоят киритганини маълум қилди.
“Барселона” ҳужумчиси Неймар 222 млн. евро эвазига “ПСЖ”га трансфер қилинганидан кейин Ла лига раҳбарияти парижликлар молиявий фейр-плей қоидасини бузгани ҳақида баёнот берганди. Тебас бошчилигидаги ташкилот баёнот билан чекланиб қолмасдан, “ПСЖ” молиявий қонунбузарлик сирини очди.
Тебас 42 саҳифадан иборат шикоятни УЕФАга юборди. Ушбу ҳужжатда парижликларнинг трансфер бозорида ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўрсатиб берилган. Жумладан, Ла лиганинг исботлашича, “ПСЖ” даромадларининг аксарият қисмини Қатарнинг сохта компанияларидан олади. Айнан ушбу компаниялар Неймарнинг трансферини молиялаштирган.
“Сўнгги йилларда “ПСЖ” ва “Манчестер Сити” трансферларга кўп пул сарфлашмоқда. Бу клублар ўзларининг реал даромадлари орқали бундай харажатларга қўл ура олмайдилар. Шу боис, улар Қатарнинг сохта ҳомийлари маблағларидан фойдаланишмоқда.
“ПСЖ” клуби “Реал“, “Барселона“, “Манчестер Юнайтед” ёки “Бавария”га нисбатан кўпроқ даромад топаётган бўлса, у алдамоқда. Йил охиригача УЕФАнинг жавобини кутамиз. Агар жавоб бўлмаса, у ҳолда Европа иттифоқига мурожаат қиламиз. Бу ҳам ёрдам бермаса, ҳаракатларни давом эттирамиз. “ПСЖ”да қонунбузарликлар бор экан, нима учун жамоа еврокубоклардан четлатилмаслиги керак”, –дея Тебаснинг сўзларидан иқтибос келтирди L’Équipe.