29.11.2017
Ўзбекистон Футбол Федерациясининг мажлислар залида федерация ва ПФЛ раҳбарияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар футбол федерациялари вице-президентлари, клуб раҳбарлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.
Кун тартибидаги масалалар қаторидан 2018 йил Суперлига ва Про-лигада иштирок этадиган клублар олдига қўйиладиган талабларнинг қай тарзда бажарилаётгани, келаси мавсумдан бошлаб Суперлига ва Про-лига клубларида иштирок этадиган футболчиларнинг жисмоний ҳолати назорат қилиб борилиши, клубларда фаолият юритаётган мураббийларнинг аттестациядан ўтказиш жараёни, ҳакамларни тайёрлаш масалалари ўрин олди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Футбол Федерацияси вице-президенти Шоакром Исроилов миллий чемпионатни кучайтириш ва ўзбек футболи савиясини янада ошириш мақсадида Суперлигада иштирок этадиган клублар олдига қўйилган талабларни ҳар бир клуб белгиланган муддатда бажариши зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтиб, талабларни бажармаган жамоалар мусобақа жадвалида эгаллаган ўрнидан қатъий назар келаси мавсумда Суперлигада иштирок этишга йўл қўйилмаслиги борасида огоҳлантирди.
Шунингдек, вилоят футбол федерациялари томонидан жойларда футбол инфратузилмаларини яхшилаш, клуб академиялари, базалари, футбол мактабларида зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлар тингланди. Ўз ўрнида йиғилишда сўзга чиққан вилоят футбол федерациялари масъуллари Профессионал Футбол Лигаси томонидан клублар олдига қўйилган талабларни бажариш бўйича жойларда комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, бу борада иш олиб борилаётгани, белгиланган муддатгача барча талаблар бажарилишини таъкидлаб ўтишди.
Мажлис сўнгида йиғилганларга Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар футбол федерацияларининг умумий аҳволини ўрганиш бўйича федерация ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, жойларга йўл олаётгани айтилиб, ушбу ишчи гуруҳнинг ҳисоботлари асосида тегишли хулосалар чиқарилиши яна бир бор эслатилди.
Манба : the-uff.com