2018 йилги мавсум регламенти тасдиқланди

30.12.2017

Ўзбекистоннинг профессионал футбол клублари ўртасидаги 2018 йил учун футбол бўйича мусобақалар регламенти тасдиқланди. 2018 йил учун футбол бўйича мусобақалар регламентидаги талаблар олдинги йиллардагидан анча ўзгарди ва такомиллаштирилди.

Ундан ЎФФ ҳамда ПФЛ байроғи остида ўтадиган мусобақалар тузилиши, формати, қатнашувчи клубларга қўйиладиган талаблар ўрин олган.

Мана шу талаблар ҳақида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директор Омон Ғофуров ўз фикрларини билдириб ўтди.

-Суперлигада иштирок этадиган клублар эндиликда аёллар ва футзал жамоасига эга бўлиши шарт. Шунингдек, клублар қошида ўз академияси ҳам мавжуд бўлиши керак. Бундай талабларларнинг клублар олдига қўйилиши қанчалик асосли?

-Бундай талаблар ўз-ўзидан келиб чиққани йўқ. Биз ФИФА ҳамда ОФК регламентини яхшилаб ўрганиб чиқдик. Профессионалликни даъво қилувчи ҳар бир клубда энг аввало академия бўлиши зарур. Клуб ўз тарбияланувчиларига эга бўлиши, ана шу тарбияланувчилари асосида жамоасини шакллантириши зарур. Шунингдек, клублар келажакда академияда етишиб чиққан истеъдодли футболчиларни бошқа клубларга сотиш ёки ижарага бериш орқали яхшигина маблағ ҳам ишлаб олиши мумкин.

Аёллар ва футзал жамоасига эга бўлиш жуда муҳим. Бу йўналишлар бутун дунёда ривожланмоқда. Профессионал клуб қошида аёллар ва футзал жамоаларининг мавжуд бўлиши мана шу клубнинг нуфузини ошириб, унга бўлган қизиқишни кучайтиради.

-Миллий чемпионатимиз форматида қандай ўзгаришлар рўй берди ва бу  ўзгаришлардан мақсад нима?

-Миллий чемпионатимиз формати 16та клубдан 12та клубга ўзгартирилди. Эндиликда Суперлига жамоалари икки босқичда, дастлаб икки даврадан иборат уй-сафар тизимида баҳс олиб боришади. Иккинчи босқичда эса, жамоалар ўз ўринларидан келиб чиқиб, 1-6 ўринлардаги жамоалар ҳамда 7-12-ўринлардаги жамоалар яна иккита гуруҳга бўлинадилар ва уй-сафар тизимида майдонга тушадилар.

Бунда “олтин очко” қоидаси амал қилади. Яъни 1-6 ўринларни эгаллаган жамоаларнинг 7-12 ўринлардаги жамоалар билан ўтказган учрашувларидаги барча натижалар чиқариб ташланади. 1-6 гача бўлган жамоалар ўртасидаги ўйинлар очколари сақлаб қолинади. Шунингдек, 7-12 ўринлардаги жамоалар очколари ҳам худди шундай тарзда ҳисобланади.

Про-лигада 1-ўринни эгаллаган жамоа Суперлигага тўғридан тўғри йўл олади. Суперлигада 12-ўринни олган жамоа Про-лигага тушиб кетади. Про-лигадаги 2 ва 3- ўрин соҳиблари Суперлиганинг 10 ва 11-ўринлардаги жамоалари билан ўтиш баҳсларида иштирок этишади.

Бу ўзгаришдан асосий мақсад миллий чемпионатимиздаги курашни кучайтириш, учрашувлардаги шиддатни янада ошириш. Эндиликда ҳеч қайси жамоа учун ўткинчи ўйинлар бўлмайди. Юқори ўринларда бораётган жамоалар билан аутсайдерлар ўртасида фарқ олдингидек катта бўлмайди.

Шунингдек, Суперлига клубларининг ёшлар жамоалари U-14, U-16, U-18 ёшгача футболчилар ўртасидаги мамлакат биринчилигида иштирок этишади. Илгари ушбу ёш тоифаларида Ўзбекистон биринчиликлари ўктазилган эмас. ПРО-лига ёшлар жамоалари эса U-14 ва U-16 тоифаларида ўзаро баҳс юритишади.

-Суперлига жамоалари тўп сурадиган стадионларга қўйилган талаблар нималардан иборат?

-Чиройли ва томошабоп футбол намойиш этиш учун биринчи навбатда шунга мос майдон бўлиши керак. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, Суперлигада иштирок этадиган клублар майдонининг чими борасида алоҳида талаблар қўйилди. Яъни чим халқаро талабларга жавоб берадиган, юқори сифатли бўлиши зарур.

Шунингдек, стадионда мухлислар учун барча қулайликлар яратилган бўлиши, журналистлар, юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида трибуналар ажратилиши шарт.

Бундан ташқари, стадионларда ёритиш ускуналари 1200 люкс бўлиши кераклиги регламентда кўрсатиб ўтилди. Кўпгина стадионларда шу пайтга қадар ёритиш тизими яхши ишламагани туфайли ўйинларни вақтли, кундуз куни ўтказишга мажбур бўлишаётганди. Бунинг натижасида стадионга мухлислар ташрифи камайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас.

– Бу борада қандай ўзгаришлар амалга оширилади?

-Бу борада ҳам биз вазиятни яхшилаб ўрганиб чиқдик. Футбол аввало мухлислар учун. Мухлисларсиз футбол зерикарли бўлади. Футбол ишқибозларини стадионларга қайтариш учун энг аввало ўйинлар вақтини улар учун қулай пайтга тайинлаш зарур эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, янги мавсумдан бошлаб Суперлига учрашувлари 18:00дан кейин бошланиши регламентга киритилди. ПРО-лигада ҳамда Ўзбекистон кубоги ўйинлари эса 17:00дан кейин старт олади.

-Суперлигада иштирок этадиган жамоалар таркибида нечта легионер тўп суриши мумкин?

-Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчи клублари эндиликда 5 нафаргача хорижлик футболчиларни 4+1 форматида рўйхатдан ўтказиш имконига эга бўлишади. Сўнгги йилларда чемпионатимизда “легионер” дарвозабон ўйнаши мумкин эмас эди. Бу таъқиқ ҳам бекор қилинди. Энди клублар хорижлик дарвозабонлар билан ҳам шартнома имзолашлари мумкин бўлади.

Қолаверса, клуб тизимида ишлайдиган ҳодимлар борасида ҳам аниқ лавозимлар бўйича қандай ишчилар фаолият олиб бориши регламентда кўрсатиб ўтилди.

-Стадионларда мухлислик маданиятини ошириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

-Мухлислик маданияти энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Аксарият стадионларга ташриф буюрувчи футбол ишқибозлари ёмон хулқ-атворлари сабабли бошқа мухлисларни стадионга келишдан бездириб қўйишади. Айнан маданиятсиз мухлислар туфайли кўплаб ишқибозлар стадионларга фарзандлари билан ташриф буюра олишмайди. Мана шу ҳолатларни олдини олиш мақсадида, янги мавсумдан бошлаб клублар олдига мухлислар билан иш олиб бориш вазифасини қўйдик. Агарда қайсидир жамоа мухлислари стадионда ўзларини ёмон тутишса, ҳакам ва футболчиларни ҳақорат қилишса, ўша клубга 500 миллион сўмга қадар бўлган жарималар солиниши регламентга киритилди. Молиявий жазога тортилмаслик учун ҳам эндиликда клублар ўз мухлислари билан иш олиб боришга мажбур бўлишади.

-Мураббийлар олдига қўйилаётган талаблар борасида қандай янгиликлар бор?

-Суперлигада иштирок этувчи клублар мураббийлари эндиликда талабнома (“заявка”) беришдан олдин ўзларининг чорак ва йиллик режаларини бизга тақдим этишалари керак. Бу режани Ўзбекистон футбол федерацияси Илмий-методик бўлими мутахассислари ўрганиб чиқишади. Агар мураббийнинг режаси талабга жавоб бермаса, режасини ўзгаритиб, қайтадан топширмагунча,  мураббий 2018-йилги ўйинлар талабномасига киритилмайди.

Худди шунингдек, жамоа футболчилари ҳам белгиланган нормативларни бажармаса, 2018-йилги мавсумда ўйнашга рухсат берилмайди. Бундан асосий мақсад, мураббийлар футболчилар билан етарли даражада машғулот олиб боришлари, уларнинг жисмоний ҳолатини мунтазам назорат қилиб боришларини таъминлашдан иборат. Футболчиларга келадиган бўлсак, уларнинг жисмоний ҳолати қанчалик юқори бўлса, натижалари ҳам шунга қараб ўсиб боради. Улар спорт формаларини юқори савияда ушлаб туриш учун доимий равишда ўз устиларида ишлашга мажбур бўлишади. Бу ҳолат терма жамоаларимиз учун ҳам муносиб номзодлар етишиб чиқишига катта ёрдам беради.

-Про-лига бўйича регламентга қандай талаблар киритилди?

-Про-лига жамоалари олдига ҳам худди Суперлига каби жиддий талаблар қўйилмоқда. Аввалига, Про-лигада 24 ёшгача бўлган футболчилар тўп суриши режалаштирилганди. Кейинчалик мутахассислар ва жамоатчилик фикри чуқур ўрганиб чиқилиб, жамоаларнинг ҳозирги аҳволидан келиб чиққан ҳолда, бу чеклов олиб ташланди. Эндиликда Про-лигада исталган ёшдаги футболчилар тўп суриши мумкин. Лекин шу билан бирга, биз жамоалар олдига асосан ёшларга катта эътибор қаратиш вазифасини қўйганмиз.

2018 йилги мавсум регламентини ушбу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

Манба : the-uff.com

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО