11.01.2018
Хабарингиз бор, ўтган йилнинг октябрь ойида ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов томонидан “Олтин водий” лойиҳаси тасдиқланган эди.
Лойиҳадан мақсад водий футболи савиясини яна аввалги мавқеига олиб чиқиш, ҳудуддаги “Нефтчи”, “Навбаҳор”, “Андижон” ва “Қўқон-1912” каби ўз тарихига эга жамоаларни Суперлигада тутган ўрнини мустаҳкамлаш бўлиб, унда асосий эътибор болалар футболига қаратилади. Айнан болалар футболида йўл қўйилган камчиликлар натижасида бугунга келиб водийда янги-янги Мирхолдиршоев, Исоқов ёки Ҳамидуллаев каби топ футболчиларни кўрмай қўйдик. “Олтин водий” лойиҳаси ўз ичига ҳудудий федерацияларни қамраб олган ҳолда, бевосита ЎФФ томонидан назорат қилинади.
Шу муносабат билан, бугун ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов томонидан тузилган катта ишчи гуруҳининг Фарғонага ташрификутилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибида ЎФФнинг барчабошқармалари раҳбарлари жой олган бўлиб, 11-12 январь кунлари ҳудуд футболи яна бир бор кўздан кечирилади.
Эртага “Нефтчи” жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган “Истиқлол” стадионида Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти футбол федерацияларининг биринчи Вице-президентлари, Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг бошлиқлари, Суперлига, Про-лигада иштирок этувчи клубларнинг болалар ва ўсмирлар футболига маъсул шахслари, Олимпия захиралари спорт коллежи ҳамда футбол интернатининг директорлари иштирокида “Олтин водий” лойиҳасининг структураси ва бажарилиши керак бўлган ишлар ҳақида йиғилиш бўлиб ўтади.
“Олтин водий” лойиҳаси асосида водий жамоаларини қамраб олган Водий лигаси, U-18 ва U-16 жамоалари ўртасида водий биринчилиги, 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида водий чемпионлар лигаси каби мусобақаларнинг йўлга қўйилиши жиддий назорат қилинади.
Режага кўра, ҳудудий терма жамоаларни шакиллантирган ҳолда, водийга ҳам ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги халқаро ўртоқлик ўйинларини ташкил қилинади. Ўзбекистон кубоги – 2018 финалининг мезбони сифатида Фарғона шаҳри кўрсатилиши ҳам “Олтин водий” лойиҳаси режаси асосида тасдиқланган эди.
Лойиҳанинг энг катта ишларидан бири, 2018 йил спорт коллежи (2005 йилда таваллуд топган футболчилар) ва вилоятдаги футбол интернатларига (2007 йилда таваллуд топган футболчилар) кириш имтиҳонларини шаффоф ўтказиш, у ерга ҳудуддаги энг яхши футболчиларни танлов асосида танлаб олиш бўлади. Айнан шу лойиҳа 2017 йил 2004 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасида Одил Аҳмедов томонидан амалга оширилган эди.
“Водийда 10 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Юз минглаб ёшларга юқори сифатдаги футбол тўгараклари керак. Водийга қилаётган катта ташрифимиз давомида бу ердаги муаммоларни чуқур ўрганган ҳолда, “Олтин водий” лойиҳаси асосида махсус дастурни ишлаб чиқамиз. Истардимки, бу лойиҳани бутун водий қўллаб-қувватласа. Болалар футболи катта вақтни оладиган лойиҳа, лекин бу ишни бугун бошламасак, ҳар бир ўтаётган йил бизни бир йилга кечиктираверади. Бу лойиҳамизни махсулини 6-7 йил ичида кўрамиз, шунда Одил Аҳмедов каби футболчилардан бир неча нафари “Навбаҳор”, “Андижон”, “Нефтчи” ва “Қўқон-1912″ каби клубларда ўйнайдилар. Водий лигаси эса, маҳаллий халқ учун катта совға бўлади деб ўйлайман. Шу йўл орқали Шаҳрихон ва Косонсой каби ҳудудларга яна катта футболни қайтарамиз. Футболга шинаванда халқ учун ишласак, терма жамоамиз учун ҳам яхши бўлади”, – дейди ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов.
Манба: www.the-uff.com