Умид АҲМАДЖОНОВ: “Водийда футбол байрамини уюштирамиз”

13.01.2018

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов ишчи гуруҳ билан биргаликда 12 январь куни Фарғонага ташриф буюрди. Унда бир қатор масалалар куриб чиқилди. ЎФФ президенти водий футболининг салоҳиятини кўтариш лозимлиги ҳақида куйиниб гапирди. Қуйида ЎФФ президентининг ташрифига бағишланган мақола билан танишинг.

 

Танишув

Ташриф давомида ишчи гуруҳ ўз йўналишлари бўйича ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, камчиликларни бартараф этиш борасида ўз фикр мулоҳазаларини баён этишди.

ЎФФ президенти Фарғона вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Шуҳрат Ғаниев билан учрашиб, вилоятда футболни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар борасида суҳбатлашди.

Шундан кейин Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғонадаги муҳташам – “Истиқлол” ўйнгоҳига бориб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

2015 йили фойдаланишга топиширилган мазкур стадионда ўтган мавсумда “Нефтчи” ва “Истиқлол” жамоалари тўп суришди. Суперлиганинг янги аъзоси Қувасойнинг “Цементчи” клуби ҳам жорий мавсумда ушбу стадиондан фойланишни режалаштирган.

Бунёдкорлик ишларимизнинг намунаси бўлган ушбу стадион 20 минг мухлисга мўлжалланган бўлиб, учрашувларни юқори савияда ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. ЎФФ президенти “Истиқлол” стадионидаги  шароитларни юқори баҳолади.

Шундан кейин делегация вакиллари стадионнинг ёнида жойлашган Фарғона футбол мактаби майдонида машғулот олиб бораётган “Нефтчи” ПФК қошидаги аёллар жамоаси аъзолари билан учрашишди ва уларнинг машғулот жараёнлари қандай кечаётгани билан қизиқишди. Кейин эса аёллар жамоаси аъзоларига ЎФФ президенти томонидан тўплар совға қилинди.

Шундан сўнг, ЎФФ делегацияси “Нефтчи” ПФК академияси тарбияланувчилари билан учрашди. Болажонларга ҳам машғулотлар ўтказишда фойдаланиш учун тўплар туҳфа қилинди.

Ушбу учрашув ёш футболчилар учун унутилмас бўлгани аниқ. Зеро, ЎФФ президенти билан учрашиш, у кишидан совға қабул қилиб олиш ҳар доим ҳам насиб этавермайди.

Кейин ЎФФ делегацияси Суперлиганинг янги аъзоси – “Цементчи” футбол клуби қошидаги аёллар жамоаси машғулотини ҳам кўздан кечирди. Уларга яратиб берилаётган шариотлар билан қизиқди.

Клублар фаолияти билан танишилгандан кейин ЎФФ президенти бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилояти футбол федерациясига ташриф буюриб, федерацияси фаолиятини ўрганиб чиқди.

 

Водий футболи

“Истиқлол” стадионнинг анжуманлар залида Умид Аҳмаджонов махсус йиғилиш ўтказди. Мажлисда ЎФФ бошқарма бошлиқлари, Наманган, Андижон ва Фарғона вилояти футбол федерациялари ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни Умид Аҳмаджоновнинг ўзи олиб борди. Мажлис давомида Фарғона вилоят футбол федерацияси томонидан оммавий футбол, болалар ва ўсмирлар футболи, мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Мана шу йўналишлар бўйича фаолият юритаётган мутахассислар томонидан йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, тегишли кўрсатмалар берилди.

Болалар футболи хусусида гапирар экан, Умид Аҳмаджонов сўнгги йилларда водийдан терма жамоага мос келадиган ўйинчилар етишиб чиқмаётганини ачиниб гапирди.

– Водийда футболи жуда яхши кўришади. Ана шу мухлисларни, халқимизни хурсанд қилиш учун асдойдил меҳнат қилишимиз керак. Мана шу уч вилоятда энг кўп аҳоли истиқомат қилишади. Лекин охирги йилларда водий футболининг савияси тушиб кетди. Биламан бу ерда истеъдодлар кўп. Уларни топиб, тўғри йўналтиришимиз лозим. Энди бундай ишлаб бўлмайди. Водий футболини уйғотадиган пайтлар келди. Янги тизим яратишимиз лозим. Зеро, биздан халқ хурсанд бўлсин, – деди ЎФФ президенти.

 

Футбол мактабларидаги қабуллар

–  Футбол мактаблари, олимпия захиралари коллежларида истеъдоди йўқ ёш футболчилар ҳам таҳсил олаётганини яхши биламиз. Эндиликда футбол мактабларига қабулларни шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлашимиз керак. Махсус комиссия тузамиз. У ерларда фақат истеъдодли футболчилар ўқишлари лозим. Футбол мактабларимиз терма жамоаларимизга ўйинчилар етказиб беришлари керак. Қабул давомида ЎФФ масъул ходимлари албатта иштирок этади. Шунингдек, ОАВ вакиллари ҳам қабул жараёнини кенг ёритиб боришса мақсадга муфовиқ бўларди. Ҳалқимиз кўрсин, имтиҳонлар қандай ўтаётганини, – деди Умид Аҳмаджонов.

 

Мураббийлар хусусида

– Водийда мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш масаласига жиддий ёндашиш зарур. Эндиликда, Ўзбекистон футбол федерацияси ҳакамлар ва мураббийларнинг савиясини ошириш бўйича семинарларнинг барча харажатларини қоплаб беради. Бу чора-тадбирлар истеъдоди бўла туриб, молиявий сабаб лицензия ололмай юрган мураббий ва ҳакамларга яхшигина имконият беради. Бу ёғига вилоятлардаги ҳар бир футбол мусобақасига футбол федерацияси масъул бўлади. Бу ердаги барча натижаларга федерация жавоб беради. Бу борада Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт қўмтаси билан қўшма қарор чиқарганмиз. Энди ҳаммаси бошқача бўлади. Фақат ишлаш керак. Сиздан талаб қиладиган шу, – деди ЎФФ раҳбари.

 

Ҳакамлар ҳақида

– Доим мухлислардан бир гапни эшитамиз. Ҳакамлар фақат Тошкентдан қўйилади деб. Энди бундай бўлмайди. Бу борада ҳам кенг кўламли ишларни бошлаб юборганмиз. Суперлигада ҳар бир вилоятдан биттадан ҳакам бўлишини таъминлашимиз зарур. Фарғонада бу йил битта ҳакам Супер лигада, икки нафар ҳакам Про лигада фаолият юритиши керак. Ҳакамлар тайёрлаш тизимида ҳам ўзгаришлар бўлади,  – деб таъкидлади У. Аҳмаджонов.

 

Водийда футбол байрами

Маълумки, Қўқони латиф ўзбек футболининг ватани ҳисобланади. Бу ерда футболни жуда севишади. ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов бу борада тўхталиб ўтар экан, бу йил водийда, хусусан, Қўқонда ўзбек футболининг 105 йилиги кенг нишонланишини айтиб ўтди.
– Қўқон шаҳри ўзбек футболининг ватани. Насиб қилса, бу йил водийда футбол байрами уюштирамиз. Бу ерда халқаро талабларга жавоб берадиган шундай чиройли стадионлар барпо этилган. Бу стадионларда Олимпия терма жамоамиз иштирокида халқаро ўртоқлик ўйинлари ташкил этилади. Бу водий аҳли учун ўзига хос совға бўлади – деди Умид Аҳмаджонов.

 

Фарғонада халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади
Хабарингиз бор, 2015 йили Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионининг очилишида Ўзбекистон ва Янги Зеландия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашув ўтказилганди. Ўша ўйинда стадион мухлислар билан тўлганди. “Истиқлол” ўйингоҳида яна шундай аншлаг бўлиши мумкин. Аниқроғи, яқин орада Фарғона Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўртоқлик учрашувини ўтказади. Рақиб сифатида Жанубий Корея ва Япония олимпия терма жамоаларидан бири танланиши мумкин. Бу борада ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов айтиб ўтди.

 

“Истиқлол” жамоасининг тақдири ойдинлашди

Ўтган мавсум кашфиётларидан бири бўлган Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси дебют мавсумидаёқ биринчи лига (эндиликда Про лига деб аталади, муал.) иккинчи ўринни қўлга киритди. Лекин янги регламент бўйича жамоанинг кейинги тақдири суроқ остида қолган эди.  Хавотирланишга ўрин йўқ. Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси ушбу мавсумда Про лигада иштирок этади.

– Про лигада ҳар битта вилоятдан битта жамоа иштирок этади дейишимизнинг сабаби бор. Республикамизнинг барча ҳудудларида футбол бир хил ривожланишини истаймиз. Масалан, айрим вилоятларимизда ҳатто Про лигада ҳам жамоа йўқ. Энди барча ҳудуддан битта жамоа Про лигада қатнашади. Про лига савияси Супер лигадан кам бўлмайди. Фарғонадан эса иккита жамоага рухсат берамиз. Бу жамоаларнинг бири “Истиқлол”, иккинчи жамоа номи яқин кунлар ичида расман эълон қилинади,  – деди Умид Аҳмаджонов.

 

Мухлисларга ажойиб совға

Тан олиш лозим, ЎФФда катта ўзгаришларни амалга ошираётгани мухлисларимизни хурсанд этаётгани аниқ. Хусусан, ишқибозларни стадионга қайтариш борасидаги ислоҳотлар ҳам мақтовга лойиқ.

– Супер лиганинг биринчи турида “Истиқлол” стадиони мухлислар билан тўлиши лозим. Шу куни стадионга келган ҳар бир ишқибозга совғамиз бор. Ўша куни стадионда ҳақиқий шоу уюштирилади, деди ЎФФ президенти.

 

“Олтин водий” дастури ҳақида

Бу йилдан эътиборан водий вилоятлари учун “Олтин водий” дастури амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа раҳбари Нодирхўжа Юлдашев дастур ва унинг келажаги ҳақида маълумот берди.

– Учта вилоятнинг энг кучли олтитатан жамоаси Водий чемпионлар лигаси мусобақасида иштирок этади. Шунингдек, турли ёшдаги болалар ва ўсмирлар жамоалари турнирлари ҳам ташкил этилади. Айни дамда ушбу дастур бўйича ишлар бошланмоқда. Режа бўйича бу йил бутун республика бўйлаб 1000 га яқин мусобақа ўтказиш режалаштирилган. Шулардан 600 таси водийда ўтказилади. Жумладан, Фарғонада 200 га яқин болалар ва ўсмирлар ўртасида мусобақа ўтказилади. Мақсадимиз водий футболини ривожлантириш, деди Нодирхўжа Юлдашев.

Йиғилишда шунингдек, ЎФФ вице президенти Шоакрам Исроилов ҳам сўзга чиқиб, қилинадиган ишлар юзасидан гапириб ўтди.

 

Мундиал орзуси

ЎФФ президенти йиғилиш якунида шундай деди: Мухлисларимизнинг армонига айланиб бораётган Жаҳон чемпионатига чиқиш вақти келди. 2020 йилги Олимпиада ва 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалда қатнашишни мақсад қилганмиз. Насиб бўлса барчамиз чартер рейсларда Дохага борамиз. Бу борада футбол соҳасида фаолият юритаётган барча мутахассислар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим. Бирдамликда гап кўп. Ғайбат қилишни тўхтатишимиз керак. Кимда қандай фикр бўлса, марҳамат менга айтсин. Чиқарган қароримиз нотўғри бўлса, уларни бекор қилишга тайёрман. Такрор айтаман, барчамизнинг мақсадимиз битта – ҳалқимизни хурсанд қилиш. Футбол хонадонларга байрам шукуҳини олиб кириши даркор.

Яна бир гап. Бизга халақит беришни мақсад қилганлар бўлса, илтимос футболдан кетсин! Уларга орамизда ўрин йўқ.

Аброр Деҳқонов

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО