16.01.2018
Ўтган мавсумда “Қўқон-1912” жамоаси кўрсатган натижаларда ўзининг муносиб улушини қўшган моҳир ҳимоячи Жалил Кимсанов билан ўтган мавсум якунлари ва футболимиздаги ислоҳотлар мавзусида суҳбатлашдик.
– Жалил сиз учун ўтган мавсум қандай ўтди?
– Ўтган мавсум ҳақида эсласак жамоамиз учун яхши ўтди деб ўйлайман. Гарчи якунда ўзимиз истаган ўринга эга чиқмаган бўлсак-да, мухлисларимизни хурсанд қилган кунларимиз кўп бўлди. Ўзимга келсак мавсум бошидан мураббийларимиз асосий таркибда менга ишонч билдиришди. Қўлимдан келганча она шаҳрим шарафини ҳимоя қилдим. 2-даврани ярмидан кейин мен турли жароҳатлар сабаб, анча ўйинларни ўтказиб юбордим.
Яратганга шукр барчаси ортда қолди. Ҳозир соғ-саломатман, жамоамиз билан бирга машғулотларда астойдил тер тўкяпман. Мақсадим янги мавсумда иложини борича жамоамга фойдам тегса, мухлисларни ўзимни ўйинларим билан хурсанд қилсам дейман.
– Футболимиздаги ўзгаришлар ҳақида ҳам фикрингизни билдирсангиз...
– Барча соҳаларда ҳам изланиш, янгиликка интилиш бўлса ривожланиш бўлади. ЎФФ раҳбариятини футболимизга киритаётган янги ислоҳотларини қўллаб-қувватлайман. Бу ўзгаришлар ўзбек футболининг ривожланиши, терма жамоаларимизнинг ҳалқаро майдонлардаги натижаларини яхшиланишига хизмат қилади, деган умиддаман. Бизнинг мухлисларимиз ҳам жаҳон чемпионатларида ўзимизнинг жамоамизга мухлислик қиладиган даврлар яқинлашмоқда деб ўйлайман.
Бизнинг жамоамиз ҳам келаётган мавсумда ўзининг тарихида янги саҳифа яратади . Бунга ишончим комил. Чунки Нўъмон Ҳасанов бошчилигида барча мураббий ва футболчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишмоқда. Ўтган йилги таркибимизнинг асоси бу йил ҳам сақланиб қолганлиги эса жамоамиздаги ички муҳитнинг аъло эканлигидан далолат беради.
Шу ўринда мухлисларимизга доим бизни қўллаб келаётганлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Келаётган мавсумда ҳам улар биз билан доим бирга бўлишларига ишонаман – дейди Ж Кимсанов.