20.03.2018
Хабарингиз бор, шу йилнинг 23 ва 27 март кунлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда ЖЧ-2018 иштирокчилари Сенегал ва Марокаш миллий терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади.
Кеча, 19 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Пахтакор” стадионида машғулот ўтказди. Аввалроқ хабар қилинганидек, миллий терма жамоани сафардаги ўртоқлик ўйинларида мураббийлар кенгаши бошқариб боради. Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Шота Арвеладзе каби мутахассислар терма жамоани шакллантириш, таркибга футболчиларни жалб қилиш ва машғулотлар олиб боришда ўз маслаҳатларини бериб ўтишди.
Аммо Шота Арвеладзе ва Рўзиқул Бердиев миллий терма жамоа билан Марокашга боришмайди. Арвеладзе ФИФА кунларидан фойдаланиб оилавий масала бўйича Грузияга йўл оладиган бўлди. Рўзиқул Бердиев эса “Насаф” клуби билан ОЧЛнинг навбатдаги ўйинига тайёргарлик кўриш учун Ўзбекистонда қоладиган бўлди.
Бугун, 20 март куни тонгда соат 09:15 да миллий терма жамоа аъзолари Истамбулга учишади. У ерда бир кун машғулот олиб бориб, кейин Марокашга йўл олишади.