24.04.2018
Аёллар жамоалари ўртасида ўтказилаётган мамлакат чемпионатининг 5 ва 6-тур доирасидаги бир қатаор ўйинлар муддатида ўзгариш бўлди.
Жумладан, АГМК клуби бош директори И.Юлдашевнинг 6 апрелдаги 194-сонли хатида чемпионатнинг 5-туридаги АГМК – “Нефтчи” жамоалари учрашувини 25 апрелдан 24 апрелга кўчириш сўралган. Сабаби, АГМК клубининг Суперлига, Ёшлар ва аёллар жамоалари чемпионатнинг уй учрашувларини мазкур марказий стадионда ўтказади. 25 апрелга Ёшлар лигасининг 8-тур доирасида “Насаф”га қарши ўйини белгиланган.
Мурожаат қаноатлантирилди. Аёллар чемпионатининг 5-тур доирасидаги АГМК – “Нефтчи” жамоалари учрашуви 25 апрелдан 24 апрелга кўчирилди.
Шунингдек, “Металлург” клуби бош директори А.Маъруфалиевнинг 23 апрелдаги 185-сонли ҳамда “Бунёдкор” клуби бош директори М.Алиевнинг 23 апрелдаги 01/188-сонли хатлари ҳам инобатга олинди.
Мамлакат футзал терма жамоасининг ўқув-машғулот йиғини ва Осиё чемпионатида иштирок этиши, бунда юқорида тилга олинган клубларнинг уч нафардан кўп аъзолари терма жамоага номзод эканликларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокидаги қуйидаги ўйинлар санасига ўзгартиришлар киритилди:
5-тур. “Қизилқум” – “Металлург” ва “Бухоро” – “Бунёдкор” жамоаларининг 25 апрелдаги ўйинлари 16 июнга кўчирилди.
6-тур. “Қизилқум” – “Бунёдкор” ва “Бухоро” – “Металлург” жамоаларининг 28 апрелга белгиланган ўйинлари 19 июнга кўчирилди.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича аёллар терма жамоамиз 25 апрелда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига киришади. Беш кунлик машғулотлардан сўнг иккинчи маротаба ўтказилаётган Осиё чемпионатида иштирок этиш учун Таиландга жўнаб кетади. 2-12 май кунлари Бангкокда ташкил этиладиган қитъа чемпионатида қизларимиз мусобақанинг “Д” гуруҳида Туркманистон ва Эрон термаларига қарши баҳс олиб боради.