28.05.2018
Сhampionat.asia сайти ходимлари 13-тур лауреатларини эълон қилди. Унга кўра, иккита номинация бўийча “Қўқон-1912” эътироф этилди.
Тур ўйини – “Қўқон-1912” – “Қизилқум” (0:1)
Турнинг марказий ўйини Тошкентда “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўртасида кечди. Аммо турнинг энг яхши ва қизиқарли беллашуви Қўқонда ўтказилди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси ўз уйида “Қизилқум”ни меҳмон қилган баҳсда бир қатор қизиқарли вазиятлар содир бўлди. Аввалига белгиланган пенальти ва дарвозабонинг маҳорати эвазига бартараф этилган гол. “Қўқон-1912″нинг биринчи бўлимдаги кўплаб ҳавога кетган хавфли вазиятлари, қизил карточка ва ҳоказо. “Қизилқум” эса шу куни қарши ҳужумда мезбонлар дарвозабони Ўткир Юсуповга етарлича ташвиш туғдиришга эришди. Аммо Элгужа Григалашвилининг ягона аниқ зарбаси эвазига муҳим ғалабани тантана қилди. Ушбу ўйин ҳажм жиҳатидан ҳам бошқа учрашувларга қараганда қизиқарли ва шиддатлироқ кечди. Шу боисдан ҳам турнинг энг яхши учрашуви сифатида “Қўқон-1912” – “Қизилқум” (0:1) ўйини эътироф этилди.
Тур дарвозабони – Ўткир Юсупов
“Қўқон-1912” “Қизилқум”га қарши ўйинда гарчи мағлуб бўлган бўлсада, беллашувда мезбонлар таркибидан биргина Ўткир Юсупов ушбу мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмади. Аксинча, бир қатор вазиятларда жамоаси жонига оро кирди. Хусусан белгиланган пенальтини бартараф этган ва иккинчи бўлимда иккита яққол вазиятда Артур Геворкянни зарарсизлантира олган Ўткир Юсупов сўзсиз турнинг энг яхши дарвозабони номига муносиб кўрилди. Ўтказиб юборилган голда эса Ўткир Юсуповнинг деярли айби йўқ.
Сhampionat.asia талқинига кўра 13-турнинг рамзий терма жамоаси (4-2-3-1)
Дарвозабон: Ўткир Юсупов (“Қўқон-1912”)
Ҳимоячилар: Азамат Исроилов (“Сўғдиёна”), Шерзод Аъзамов (“Пахтакор”), Дарко Станоевич (“Навбаҳор), Муҳсин Убайдуллаев (“Қизилқум”)
Ярим ҳимоячилар: Дилшод Раҳматуллаев (“Пахтакор”), Дониёр Ҳасанов (“Сўғдиёна”), Шавкат Саломов (“Бухоро”)
Ҳужумкор вингерлар: Тиаго Безерра (“Пахтакор”), Элгужа Григалашвили (“Қизилқум”),
Ҳужумчи: Зоҳид Абдуллаев (“Металлург”)