10.09.2018
Фарғона вилоятининг Риштон туманида “Миллионлар ўйини” бўлмиш футболни жуда яхши кўришади. Бу ерда бир пайтлар кучли жамоа бўлгани катта ёшдаги футбол ихлосмандлари мароқ билан эслашади. Риштондаги “Марказий” стадион мухлислар билан тўлиб тошганига гувоҳ бўлганман. Ўзим ҳам кўп ҳолатларда туманимиз жамоасининг ўйинларни жонли кўра олмасдим.
Йиллар ўтди. Мана бир неча йилдирки, Риштон туманидаги “Марказий” стадион ҳувиллаб ётибди…
Уч йил олдин, Риштон футболининг фидойилари томонидан фахрийлар жамоаси ташкил этилганди. Айнан мана шу фахрий футболчилар сабаб туманда кичик бўлса-да, футбол мусобақалари бўлиб турибди.
Ана шундай ўйинлардан бири 9 сентябрь куни тумандавги Истироҳат боғида жойлашган сўнъий майдонларда ўтказилди. Ушбу мусобақа Фарғона вилоят футбол ассоциацияси, Вилоят “Нуроний” жамғармаси, Риштон туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан юқори савияда ташкилланди.
“Ўзбек футболинининг 105 йиллиги” муносабати билан ташкил этилган турнирда Фарғона водийсининг олтита фахрийлар жамоалари иштирок этишди. Мусобақа регламентига кўра, жамоалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда курашга киршишди.
Дастлаб турнир ташкилотчилари қўшни вилоятдан ташриф буюрган жамоаларни кутиб олишди ва қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Шундан сўнг мусобақа олдидан қуръон тиловат қилинди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Риштон тумани ҳокимлиги вакиллари, вилоят “Нуроний” жамғармаси бўлими бош мутахассиси Ёрбек Тиллабоев сўзга чиқиб, фахрий футболчиларга омад тилашди.
Шундан кейин қуръа ташланиб, жамоалар ўз рақибларни билиб олишди ва бош соврин учун курашга киришишди. Кези келганда шуни айтиш жоизки, ҳар бир учрашув қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтди.
Ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритган Наманган вилоятининг “Навқирон” ва Андижон шаҳрининг “Андижон” фахрий футболчилари финалга йўлланма олишди. Ҳал қилувчи баҳснинг асосий вақтида 2:2 ҳисобидаги жанговор дуранг қайд этилди. Мусобақа регламентига кўра, пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Пенальтилар сериясида Андижон шаҳрининг “Андижон” фахрий футболчилар жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва мусобақа бош совринини қўлга киритди.
Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилган Риштон туманининг “Нуроний” жамоаси эса учинчи ўрин соҳиби бўлди. Учинчи ўрин учун баҳсда Ўринбой Юсупов сардорлигидаги жамоа Наманган вилоятининг “Хотира-79” фахрийларни пенальтидлар сериясида доғда қолдиришди.
Мусобақа якунига етгач, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ушбу мусобақа туфайли фахрий футболчилар мароқли дам олишди. Ҳақиқатдан ҳам мана шундай футбол мусобақалари кекса ёшдаги инсонларни соғломлаштириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
Айтганча, мусобақага Носир Отақўзиев, Муҳсин Низомиддинов, Ғайрат Ҳасанов каби ўзбек футболи юлдузларининг ташриф буюришганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Аброр ДЕҲҚОНОВ