18.10.2019
Маълумки, ўтган йили Қирғизистоннинг Баткен шаҳрида анъанавий халқаро турнири “Фарғона водийси кубоги” мусобақаси ўтказилганди. Бу йил ушбу мусобақага Фарғона шаҳри мезбонлик қилади. 19-21 октябрь кунлари Фарғона шаҳрининг бир қатор стадионларида мухлислар қизиқарли кечиши кутилаётган ўйинларга гувоҳ бўлишади.
Мусобақада “Нефтчи”, “Қўқон-1912”, Андижоннинг “Ўз-Тонг-Хонг-Ко” жамоалари билан бир қаторда Қирғизистоннинг икки клуби – Баткеннинг “Нур-Баткен” ҳамда Ўшнинг “Академия” жамоалари иштирок этишади.
Эртага мусобақанинг биринчи ўйинида – Қиргулидаги “Нефтчи” СК стадионида Фарғонанинг “Нефтчи” ҳамда Андижоннинг “Ўз-Тонг-Хонг-Ко” жамоалари куч синашади. Беллашув соат 15:00 да старт олади.
Мазкур учрашув ғолиби “Қўқон-1912” жамоаси билан майдонга тушади. Ушбу баҳс 20 октябрь куни “Истиқлол” стадионида соат 15:00да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, йил бошида Фарғонада бўлиб ўтган “Вилоят ҳокими кубоги-2019” баҳсларида “Қўқон-1912” жамоаси бош совринни қўлга киритган эди.