12.11.2019
ФИФА кунлари муносабати билан суперлигада юзага келган танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётган “Қўқон-1912” жамоаси бугун назорат учрашувида майдонга тушди.
Вакилларимизга Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси рақиблик қилди. «Бунёдкор» академияси майдонида бўлиб ўтган беллашувда “шунқорлар” 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйиндаги биринчи гол футболчиларимиз томонидан киритилди. Рақиб футболчисиининг хатосидан кейин Суҳроб Бердиев, узоқ масофадан гол уриб ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида Вадим Абрамов шогирдлари ҳисобни тенглаштиришди. Гол муаллифи Дмитрий Островский бўлди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим бошланиши билан Қўқонликлар рақиб дарвозасига иккинчи тўпни киритишди. Жаҳонгир Аҳмадовнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг яна ўша Суҳроб Бердиев ўзини кўрсатди.
Орадан бироз ўтиб, “Бунёдкор” футболчилари иккинчи марта ҳисобни тенглаштиришди. Санжар Рихсибоев дарвозамизни ишғол этди.
Ўйин якунланиш арафасида яна ўша тиниб-тинчимас Суҳроб Бердиев , Шаҳбоз Эркиновнинг узатмасидан сўнг “қалдирғочлар” посбонини учинчи марта ранжитиб, жамоамизнинг ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, “Қўқон-1912” жамоаси Тошкентдаги йиғин чоғида иккита назорат урашувини ўтказиб, битта ўйинда ғалаба қозонди. Битта учрашувда мағлубиятга учради.