13.12.2019
Барчангизга маълумки “Қўқон-1912” футбол клубига Бахтиёр Ашурматов бош мураббий этиб тайинланди. Бу воқеа барча ОАВ ходимлари ҳамда мухлислар ўртасида анчагина қизғин муҳокама қилинди ва бу жараён давом этмоқда. Журналистлар ҳамда мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олиш мақсадида , “шунқорлар”нинг янги бош мураббийи билан суҳбат ўтказдик.
– Ассалому алайкум. “Қўқон-1912” жамоасига келишингиз қандай амалга ошди. Клуб билан қанча муддатли шартнома имзоладингиз ?
– Ва алайкум ассалом. “Қўқон-1912” футбол клубига, жамоа раҳбари Бахтиёрака Толипов томонидан таклиф бўлди.Қўқонга келиб жамоа раҳбарлари билан кўришдик ва маслаҳатлашиб ишни бошладим.Гапни очиғи қачондир Қўқон жамоасини бошқаришни ният қилиб юрардим.Ва бу ниятим амалга ошди.Мен учун шартнома муддати муҳим эмас.Мен учун энг асосийси раҳбарият ва мухлислар ишончини оклаш.Ниятим “Қўқон-1912” жамоасида кўпрок вақт давомида ишлаш ва Қўқон жамоасининг юкори ўринлар учун курашадиган жамоалар сафига қайтариш. Юракдан ишласак ва худо ҳоҳласа натижа яхши бўлади, натижа бўлгач шартнома муддати ҳам узаяверади.Имкониятдан фойдаланиб ишонч билдиришгани учун жамоа раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.
– Жамоа раҳбарияти олдингизга қандай мақсад ва вазифаларни қўйишди?
– Жамоа раҳбарияти жамоани барқарор ўйин кўрсатадиган, мухлисларга манзур бўладиган жамоага айланишини исташади ва бу йўлда тинимсиз меҳнат қилишмокда.Раҳбарият олдимга яқин йиллар ичида жамоани юкори ўринлар учун курашадиган жамоага айлантиришни вазифа килиб қўйишмокда. Раҳбарларимизнинг орзуси “Қўқон-1912” жамоасини Осиё чемпионлар лигасида иштирок этишини кўриш.Тўғри бу босқичма босқич амалга оширилади. Лекин ишончим комилки худо хохласа “Қўқон-1912” тез орада юқори ўринлар учун курашадиган жамоага айланади.Бу йилги мавсум учун аник вазифа эса мавсум бошланишидан олдин раҳбарлар билан бўладиган учрашувда белгиланади.
– “Қўқон-1912” мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради ?
– Мураббийлар штабида менга Қўқон футболи учун кўп меҳнати сингган Азиз Тўхтабоев, дарвозабонлар мураббийи Андрей Баклановлар ёрдам беришади. Шунингдек мураббийлар штабида Мухиддин ака Абдувалиев иш олиб боради. Мураббийлар штабининг тўлиқ таркибини янги йилгача аниқлаб оламиз.
– Жамоа қачондан янги мавсумга тайёргарликни бошлайди ? Режалар ҳақида гапириб берсангиз ?
Янги мавсумга тайёргарликни 20 декабрдан Қўқон шаҳрида бошлаймиз. Қўқонда 28 декабргача бўламиз. Янги йил байрамини ўтказиб олганимиздан кейин тайёргарликнинг кейинги босқичини 4-январдан 24-январгача Тошкентда ўтказамиз. Худо хохласа 26-январдан Фарғона шаҳрида бўладиган Хоким кубоги мусобақасида иштирок этамиз. Кейинги режаларимизда, имкониятларимизга қараб Туркияда ёки яна Тошкент шаҳрида йиғин олиб борамиз. Тайёргарликнинг аниқ режасини 1-2 кунда тасдиқлаб оламиз.
– “Қўқон-1912” жамоасининг ўтган мавсумдаги ўйинларини кузатиб борганмисиз ?
– Албатта, “Қўқон-1912” жамоасининг ўйинларини кузатиб бордим. Бу жамоа она шаҳрим жамоаси бўлгани учун ҳеч қачон Қўқонликларнинг иштирокларига бефарқ бўлмаганман. Ўтган мавсумларда Қўқонда ишлаган мураббийлар яхши жамоа тузишди. Лекин кўп ўйинларда омад етишмади деб ўйлайман. Шу ўринда ўтган мавсумда “Қўқон-1912” жамоасига меҳнатлари сингган мураббийларга миннатдорчилик билдираман. Нўмон ака Хасанов, кейин Азиз Тўхтабоев меҳнат қилишди. Мавсум охирида эса Тимур Кападзенинг ҳам хизматлари катта бўлди.
– Таркибда ўзгаришлар бўладими ? Қайси чизиқларни кучайтириш лозим деб ҳисоблайсиз ?
– Албатта таркибда ўзгаришлар бўлади. Энг асосийси жамоа ўзагини сақлаб қолишимиз керак. Жамоа сардори, жамоа учун жонини бериб ўйнайдиган Мурод Холмуҳаммедов,Қувондик Рўзиев ва бошқа бир нечта етакчи футболчиларни сақлаб қолмоқчимиз. Ва қўшимча ҳар бир позицияга яхши савиядаги футболчиларни таклиф қилишимиз керак бўлади.
Айтиб ўтганимдек охирги пайтларда жамоани омад тарк этган. Ўз меҳнатимиз билан омад яна биз билан ҳамроҳ бўлишини истаймиз. Мухлисларимиз озгина жамоага ишончларини йукотишган. Биз чиройли, жанговор ўйинларимиз билан мухлисларимиз ишончини қайтаришимиз керак. Мухлисларимизнинг меҳрини қозонишимиз керак.
Охирги пайтда мураббийлик фаолиятим бир текисда кечмаяпти. Мухлисларда ҳам икки хил фикр пайдо булган.Шу сабабли Қўқонда кўп йиллар давомида ишлаб, мураббий сифатида янги даражага чиқмокчиман. Қўқон шаҳридан 17 ёшимда чиқиб кетган эдим. Мана 26 йил ўтиб ўз туғилиб ўсган шаҳримга қайтибман. Худо хохласа Қўқон футболини юқори даражага олиб чиқиш, мухлислар меҳрини қозониш учун юракдан ишлайман. Менга раҳбарият, мухлислар катта ишонч билдиришяпти.Бу ишончни қадрига етган ҳолда, ишончни оқлаш учун бор кучим билан ишлайман.
-Қўқонлик мухлисларга тилакларингиз ?
– Келаётган янги йил Ўзбекистон халқи учун, жамоамиз мухлислари учун илоҳим омадли келсин. Футболчиларимизнинг бахтига мухлисларимиз доимо соғ-саломат бўлишсин. Хонадонларида фақат хурсандчилик кунлар бўлсин. ”Қўқон-1912” жамоасининг жуда ҳам жонкуяр мухлислари бор.Илоҳим янги мавсумда стадионни тўлдириб ўтиришсин, жамоамизга ишонишсин.Худо ҳоҳласа футболчилар билан биргаликда ҳар бир ўйинда жанговор,мухлисларга манзур бўладиган ўйин намойиш қилиш учун ҳаракат қиламиз.
Акрамжон Мамадалиев суҳбатлашди.