23.12.2019
Келгуси мавсум учун селекция ишларини қизғин тарзда олиб бораётган «Қўқон-1912» жамоасининг мураббийлар штаби , бугун “Сиз “Қўқон-1912” жамоасида ўйнашни ҳоҳлайсизми ?” деб номланган турнирда навбатдаги учрашувни кузатиб боришди. Қўқон шаҳридаги 2-БЎСМга қарашли стадионида “Учкўприк” ҳамда “Химик” жамоалари ўзаро куч синашдилар.
Майдонда ҳаракат қилган ёш футболчилар ўзларининг бор маҳоратларини ишга солишди. Учрашувни бошқариб борган хакам ҳар икки дарвозага бир мартадан пенальти белгилади. “Учкўприк” жамоасидан Олимжон Эркинов, “Химик” жамоасидан эса Азизжон Эркиновлар пенальтиларни аниқ амалга оширишди. Учрашувда “Учкўприк” жамоаси дарвозабони Эгамберди Алижонов кўплаб вазиятларда маҳорат кўрсатиб ўз дарвозасини голдан асраб қолганини таъкидлаш лозим. Ўйин эса 1-1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.
Ёшлар ўртасидаги футбол учрашувини Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги мураббийлар кузатиб боришди. Мураббийларимиз ён дафтарчаларига бир нечта футболчининг исм – фамилияларини ёзиб олишгани аниқ.
Эртага турнир давом этади.
Қуйида бугунги ўйиндан олинган суратларни томоша қилинг: