25.12.2019
Аввал хабар берганимиздек Қўқон шаҳрида “Сиз “Қўқон-1912” жамоасида ўйнашни ҳоҳлайсизми?” деб номланган турнир бўлиб ўтмоқда.
2-БЎСМ стадионида бўлиб ўтаётган турнирда бугун ҳам навбатдаги учрашув ўтказилди. Майдонда “Қўқон-1912” жамоасининг ўринбосарлар таркиби футболчилари, турнир иштирокчиларидан тузилган терма жамоага қарши тўп суришди. Бу баҳс ҳар кунги ўйинлардан ҳам анча қизиқарли ва шиддатли бўлиб ўтди. Ўйинда дарвозаларга олтита гол киритилгани ҳам сўзимизга исбот бўла олади.
Терма жамоа таркибида майдонга тушган футболчилар ўзларини яхши томонларини кўрсатиш учун майдонда астойдил тер тўкишди. Улар “Қўқон-1912” ўринбосарлари урган 3 голга тенгма-тенг жавоб қайтаришди. Ўринбсарларимиз таркибида урилган голларга Отабек Қодиров (пен), Дилшод Баратов ҳамда Дилшод Самиқовлар муаллифлик қилишди. Терма жамоа таркибида эса Олимжон Эркинов иккита ҳамда Миродил Мамадиев пенальтидан битта гол уриб ўз номларини таблога ёздириб қўйишди.
Учрашувни доимгидек “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти ҳамда мураббийлар штаби аъзолари кузатиб боришди. Шунингдек кўплаб футбол мухлислари ҳам ҳар куни турнирда иштирок этаётган ёш футболчиларнинг ўйинларини томоша қилиб , уларни қўллаб қувватлаб туришибди.
Турнир эртага ҳам давом этади.