27.12.2019
Айни кунларда юртимизда байрам шукуҳи ҳукм сурмоқда. Ҳамма жойда янги йил байрами тантаналарига тайёргарлик авжига чиққан.
Кеча “Қўқон-1912” жамоаси аъзолари Қўқон шаҳридаги 12 меҳрибонлик уйига ташриф буюришди. Ташрифдан мақсад меҳрибонлик уйидаги болажонларни кириб келаётган янги йил байрами билан табриклаш, уларнинг мурғак кўнгилларига бироз бўлсада қувонч улашиш эди.
“Қўқон-1912” жамоасининг бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов болажонларни янги йил байрами билан чин қалбдан табриклаб, уларга келаётган йилда соғлик-саломатлик, омад , болажонларни орасидан келгусида етук инсонлар етишиб чиқишига тилак билдирдилар. Жамоамиз улар билан йил давомида ҳамкорликни йўлга қўйишини таклиф қилдилар.
Шунингдек жамоамиз сардори Мурод Ҳолмуҳаммедов ҳам болажонларни янги йил билан табриклаб, уларга телевизор совға қилди.
Шундан сўнг футболчиларимиз жажжи мухлисларига ўзлариниг тўп билан ишлаш маҳоратларини намойиш қилиб беришди.
Болажонларга энг яхши совға ўзлари севган футболчиларининг қўлидан футбол тўпларини қабул қилиб олиш бўлди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига Қўқондаги “Марказий” стадионида алоҳида сектор ажратиб бериладиган бўлди. Футболчиларимиз билан учрашувдан меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бир олам завқ олишди.