24.06.2020
Бир неча дақиқа олдин Қўқондаги 2-БЎСМга қарашли стадионда, U 21 биринчилиги 6-тур доирасидаги “Қўқон-1912″U21 – “Сурхон”U 21 ўйини бўлиб ўтди.
Учрашувдан олдин 2-БЎСМ стадиони, ўйинда фойдаланиладиган инвентарлар тўлиқ дизенфекциядан ўтказилди.
Беллашув кутилганидек шиддатли тарзда бошланди. Ҳар икки жамоа вакиллари илк дақиқаларда ҳужумкорликка зўр беришди. Биринчи хавфли вазият меҳмонлар томонидан содир этилди. Ушбу вазиятда дарвозабонимиз Муҳаммадали Собиров ишончли ўйнаб, рақиб ҳужумини бартараф қилди. Орадан уч дақиқа ўтиб, футболчиларимиз рақиб дарвозаси олдида иккита хавфли вазиятни юзага келтиришди. Аввалига Сардор Етовқўзиев кейин эса Рамзбек Исақовлар имкониятни қўлдан бой беришди.
16-дақиқада термизликлар ҳисобни очишди. Рақибларимизнинг ҳужумини Муҳаммадали Абдураҳмонов гол билан якунлади. Гол ўтказиб юборгач, футболчиларимиз катта куч билан ҳужумга зўр беришди. 23-дақиқада Суҳроб Нуруллоевнинг зарбасини рақиб посбони бартараф этган бўлса, 25-дақиқада Рамз Исақовнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. 31-дақиқада вакилларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Нурулловнинг зарбасини рақиб посбони ушлаб олди. 33-дақиқада рақибларимиз пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Жарима майдончаси ичида посбонимиз рақиб футболчисига қарши қўпол ўйнади. Пенальтини эса Сарвар Солиев ноаниқ амалга оширди. Унинг зарбаси ноаниқ бўлди. 42-дақида рақиб дарвозаси олдида яна бир хавфли вазият вужудга келди. Учрашувда фаоллиги билан ажралиб турган Рамзбек Исақов чалқанча услубда аниқ зарба йўллади. Дарвозабон тўпга эгалик қилди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим бошида футболчиларимиз ҳисобни тенглаштиришди. 48-дақиқада Иброҳим Мухторов рақиб дарвозасини ишғол этди. 61-дақиқада мезбонлар жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Мухторов оширган тўпни рақиб ҳимоячилари қийинчилик билан қайтариб қолишди. 72-дақиқада вакилларимиз ўнг қанотдан стандарт вазиятга эга бўлишди. Бу сафар Аброр Усмоновнинг зарбаси ноаниқ чиқди. 80-дақиқада бурчак зарбасидан кейин рақиб дарвозаси олдида яна бир хавфли вазият юзага келди. Рақиб посбони жамоасини голдан қутқариб қолди. Бугунги учрашувнинг энг яхши футболчиси Азамат Аҳмедов бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида рақиб дарвозаси олида босимни кучайтирган футболчиларимиз бир неча имкониятлардан фойдалана олишмади ва ўйин дуранг натижа билан ниҳоясига етди.
U-21 Биринчилиги
6-тур
“Қўқон-1912” – “Сурхон” – 1:1 (0:1)
Ҳакамлар: Алишер Тўхтасинов, Ойбек Азамжонов, Азиз Мелибоев, Санжар Раҳмонов.
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров.
Комиссар: Лазиз Қучқоров.
Голлар: Иброҳим Мухторов (48). – Муҳаммадали Абдураҳмонов (16).
“Қўқон-1912”: 12. Муҳаммадали Собиров, 2. Шаҳзод Маъмуржонов, 5. Жасур Ёқубов, 8. Суҳроб Нуруллоев, 25. Барҳаёт Саидаҳмаджонов, 29. Рамз Исақов, 31. Иброҳим Мухторов, 37. Муҳсин Норматов, 39. Сардор Етовқўзиев, 44. Шодиёр Ҳожиматов, 99. Бек Абдуллаев.
Захира: 67. Эгамберди Алижонов, 24. Абдуллох Миркомилов, 28. Элнур Турғунов, 32. Шукур Мўминов, 34. Бекзод Каримов, 35. Аброр Усмонов, 40. Жамшид Қобилов, 41. Абдулла Юнусов, 42. Рустем Асанов.
“Сурхон”: 12. Азамат Аҳмедов, 15. Муҳаммадали Номозов, 18. Амал Исматов, 22. Санжар Аҳмедов, 29. Нурмуҳаммад Номозов, 34. Камолиддин Ашуров, 36. Асилбек Темиров, 38. Муҳаммадали Абдураҳмонов, 60. Ўрал Чориев, 66. Бехруз Шайдулов, 99. Сарвар Солиев.
Захира: 28. Беҳруз Қулматов, 39. Аслиддин Хонимов.