06.01.2021
Янги мавсумга тайёргарликни Қўқон шаҳрида олиб бораётган “Қўқон-1912” жамоасининг футболчилари , кунига икки маҳалдан машғулотларда иштирок этишмоқда. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари куннинг биринчи ярмида тренажёр залида, куннинг иккинчи ярмидаги машғулотларни эса стадионда олиб боришмоқда.
Жамоанинг тажрибали ҳужумчиси Шоҳназар Норбеков бугундан умумий гуруҳ машғулотларига қўшилди. Норбеков АГМКга қарши ўйинда олган жароҳатидан буткул халос бўлган. “Шунқорлар” таркибида бир нечта маҳаллий ёш футболчилар ҳам кўрикдан ўтишмоқда. Бугунги машғулотларга ўтган мавсумни “Нефтчи” таркибида ўтказган ярим ҳимоячи Рустамжон Абдухамидов ҳам қўшилди. Жамоада селекция ишлари бир муддат ҳам тўхтагани йўқ. Шу кунларда таркибга яна янги футболчилар келиб қўшилиши кутилмоқда.
“Қўқон-1912” жамоасининг тажрибали ярим ҳимоячиси Қувондиқ Рўзиев , ўтган мавсумнинг сўнгги баҳсларини кичик жароҳатлар билан ўтказган эди. Қувондиқ ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида даволаш муолажаларини олиб, саломатлигини тиклаш билан банд. Рўзиев “шунқорлар”нинг Тошкентдаги машғулотларида жамоа сафига қўшилади.