10.07.2021
Coca Cola суперлигасида юзага келган танаффусдан фойдаланиб, қисқа муддат ҳордиқ олган “шунқорлар” кечадан бошлаб яна машғулотларга киришишди.
Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги жамоа аъзолари Тошкент вилоятининг “Чимён” тоғ зонасида жойлашган сўлим “Green Paradise” дам олиш масканига жойлашиб, кечадан ўз машғулотларини бошлашди.
Жамоа таркибида ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Бу сафарги йиғинга асосий таркибнинг барча аъзолари билан бирга ўринбосарлар таркибида ўзини яхши томонлама кўрсатган бир нечта ёш футболчилар ҳам жалб қилинган. Тоғдаги машғулотларда мураббийлар штаби асосан футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини кучайтиришга қаратилган машғулотларга кўпроқ эътибор қаратишади. Машғулотлар кунига икки маҳалдан олиб борилади. “Чимён”даги машғулотлар 10 кун давом этиши кўзда тутилган.