14.03.2022
Coca Cola суперлигасининг 3-турида жамоамизни Наманганда “Навбаҳор”га қарши жуда муҳим баҳс кутиб турибди. “Қўқон-1912” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган ҳар қандай учрашув, ҳоҳ у ўртоқлик , ҳоҳ расмий мақомда бўлсин доим шиддатли курашларга бой ва шиддатли бўлиб келган. Бу сафарги ўйин ҳам ҳар икки жамоа мухлислари ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.
Бу жамоаларнинг сўнгги ўйини ўтган мавсумнинг охирги турига тўғри келган эди. Наманганда бўлиб ўтган ўша ўйинда Бахтиёр Ашурматов шогирдлари 2-3 ҳисобида ғалаба қозонган эдилар.
17-март куни ҳар икки жамоа яна Наманганда учрашади. “Шунқорлар” бу сафар ҳам ўз мухлисларини хурсанд қилиш учун бор имкониятларини ишга солишади. Бунинг учун жамоа футболчилари машғулотларда астойдил ишламоқдалар. Зеро машғулотларда қийин бўлса, жангда осон бўлади деган гап бежиз эмас. Йигитларимизга навбатдаги “дерби”да омад тилаймиз !