03.05.2022
“Қўқон-1912” – “Насаф” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қатнашдилар.
Ўйин ҳақида
– Аввало, Рамазон ҳайит байрами билан Ўзбекистон халқини табриклайман. Футболчиларга ўтган турда мағлубиятга учрадик, бугунги учрашувда боримизни бериб, қўқонлик мухлисларга байрамга совға қилишимиз кераклигини таъкидлагандим. Афсуски, охирги пайтларда омад биздан юз ўгиряпти. Тан олиш керак камида дурангга мос ўйин эди. “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасида жуда тиғиз тақвимда ўйнаб Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилиб келди. Уларни кейинги босқичга чиқишгани билан табриклайман ва омад тилайман. Лекин ҳар сафар мағлубиятга учраб, рақиб жамоани ғалаба билан табриклаш мураббий учун жуда оғир. Бугун иккита ҳужумчи билан ўйнаб ҳужумкор тактикани танладик. Барибир тан олишимиз керак, вазиятларни кам яратдик.
– Гол ўтказилган ҳолатни қандай баҳолайсиз? Дарвозабон йиқилиб жароҳат олгандек кўринди.
– Бунақа вазиятларда ҳакамлар кўпинча дарвозабонларнинг фойдасига қарор чиқаришади. Аммо бу савол провакацион саволга ўхшаб қоляпти. Ҳозир қизиққонлик билан нотўғри фикр билдириб қўйишим мумкин. Ютқаздик, бўлар иш бўлди. Дарвозабонимизга айтдим, урилдими, бошқа бўлдими, нима бўлганда ҳам тўп назорати бизда эмасми, охиригача ўйнаб қўйиш керак эди. Ҳаммага ютуқ керак. “Насаф” охиригача ўйнади, уларни ҳам айблаш қийин. Ҳамма гап-сўзлар унутилади, натижа қолади. Ютқаздик, биз мураббийлар айбдормиз. Қўқонлик мухлислар олдида уятдамиз, ҳижолатдамиз. Чунки улар охиригача қўллаб-қувватлашди. Афсуски, дуранг натижани ҳам ушлаб қола олмаганимиз жуда аламли. Жамоамизда жароҳатлар кўплиги учун рақобат ҳам йўқ. Уйда ўйнаганимиз сабабли ҳужумга кўпроқ эътибор беришимиз керак эди. Шаҳзод Нурматов жароҳат олгач, ўйин охирида яққол ҳужумчисиз қолиб кетдик. Кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Мураббийлар штаби номидан мухлислардан узр сўраймиз. Тўғри, узр сўраш билан иш битмайди. Вазиятни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Бу олти очколик ўйин эди. Дуранг бўлганида ҳам биз турнир жадвалида нормал ҳолатда қолган бўлардик. Ҳозир пастки поғонадаги жамоалар бизга яқин турибди. Бу “Қўқон-1912”га мос эмас. Биз мураббийлар ечим топишимиз керак. Мухлисларга ҳам, раҳбарларга ҳам ғалаба зарур. Албатта, раҳбарият вазиятни тўғри тушуняпти ва бизни қўллаб-қувватлаяпти. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз. Лекин бу ҳолат футболда узоқ давом этмайди. Футболчининг ва мураббийнинг ҳаёти ўйиндан-ўйингача. Натижа борми, мураббийнинг иши кўзга кўринади. Натижа йўқми, демак, мураббий қаердадир хатога йўл қўйган ёки рейтингги ўз-ўзидан тушади. Шу боис вазиятни тўғрилашимиз керак, бошқа йўлимиз йўқ.