16.08.2022
Coca Cola суперлигасининг 16-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида, жамоамиз бош мураббийи Даврон Файзиев иштирок этди.
– Ўйиндан олдин айтмоқчи бўлган озроқ гапим бор: бугунги ўйинга иккала жамоага шароит яратиб бергани учун “Турон” раҳбарияти ва ишчи-ходимларининг барчасига раҳмат айтмоқчиман. Ўйиндан олдин мухлислар бизга ишониб, қўллаб-қувватлашди. Уларга жамоамиз номидан катта раҳмат айтаман. Бундан кейин ҳам “Қўқон-1912”га ишонишларини ва қўллаб-қувватлашда давом этишларини сўраб қоламан. Ҳақиқий дерби бўлди. Иккала жамоа мухлислари ҳам зўр олқишлашди. Иккинчи дербида яна ишқибозлар ғалаба қозонди, деб ўйлайман. Бугунги ўйинда ҳар икки клубга очко жуда зарур эди. Бу – футбол. Худони айтгани бўлади. Биз ҳаракат қиламиз. Бугунги учрашув учун йигитларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Охиригача ҳаракат қилишди. Фақат жароҳатлар бўлгани яхши бўлмади, ҳозир футболчиларимизнинг ҳолатини аниқ билмайман, эртага текширувдан ўтишганидан кейин биламиз. Хоҳ чемпионат, хоҳ Кубок ўйинлари бўлсин, охиригача курашамиз. Турнир жадвалидаги ўрнимиз бизга мос эмас, йигитлар бундан юқорисига лойиқ. Ишлашда давом этамиз.
– Захирадаги футболчиларга имконият беряпсиз. Бугун асосий таркибда тўп сурган Ваҳобовни ўйинига қандай муносабат билдирасиз?
– Футболчига баҳо бериш мухлисларга. Биз мураббийлар шундай касбни танлаганмиз, қайси ўйинда қайси ўйинчига ишонч билдиришда танлаш керак. Илҳом Ваҳобовни мақтамоқчи эмасман. Унда ҳали хато ва камчиликлар бор. Сеҳргар эмасман. Машғулотларда ишлаяпмиз, ишонч билдириш муҳим. Машғулотларда ўзини кўрсатдими, ўйинга тайёр деб майдонга туширяпман. Қолгани футболчини ўзига боғлиқ. Илҳом бугунги учрашувда ёмон ҳаракат қилгани йўқ. Яна ишлашда давом этса, уни потенциали бундан-да юқори. Уни мақтай олмайман. Чунки бош мураббий ҳеч қачон бирор учрашувдан ёки ўйинчидан 100 фоиз қониқдим, деб айта олмайди. Ўйинда дуранг бўлди. Биз ютганимиз ёки ютқазганимиз йўқ. Ҳа, мухлисларга ёқадиган шиддатли ўйин бўлди. Бош мураббий бўлиб келганимдан кейин 3 та ўйинда 3 та дуранг ўйнадик. Агар шу ҳақида мендан сўрасангиз, унинг ўрнига 2 та ютиб, 1 та ютқазган маъқул. Бу ҳам натижа, Худога шукр. Ҳозирги кунда турнир пешқадами “Навбаҳор” ҳисобланади. Тайёргарликка киришганимизда бугунги ўйиндаги камчиликлар кўрсатилади ва тушунтирилади. Ҳамма жойда раҳбарлар натижа талаб қилади.
– Жамоангиз ўйинидан ва натижадан қониқдингизми? “Навбаҳор” пешқадам эди. Бир очкога эга бўлдик, деб ўйлайсизми?
– Билмадиму, ўзим учун жавоб бераман. Натижадан қониққаним йўқ. Ўтган сафар “Олимпик” билан ўйиндан кейин ҳам айтгандим: қониққаним йўқ. Чунки охирги пас ва охирги якунловчи зарба барибир етишмаяпти.
– Пешқадамдан бир очко олдинглар…
– Пешқадам турдан-турга ўзгариб турибди. Бизни ҳам кам жойимиз йўқ. Ҳар бир жамоанинг ўз мақсади ва йўналиши бор. Сизга савол бераман, имконият кимда кўп бўлди?
– Деярли тенг курашлар остида ўтди…
– Майли, тенг кураш, тан оламан. Лекин имконият кимда кўп бўлди? Бизни дарвозабон нечта сейв қилди? “Навбаҳор” дарвозабони нечта сейв қилди? Қолгани статистика, қоғозда. Натижа таблода турибди. Бу ерда ортиқча гапни ҳожати йўқ. Мураббий сифатида натижадан қониқмадим. Бугун ғалаба қозонишимиз керак эди.
– Жамшид Ҳасанов асосан ярим ҳимояда ўйнарди, бугун ўнг қанот ҳимоясида тўп сурди…
– Жамшид Ҳасанов олдин ҳам ўнг қанот ҳимоясида тўп сурган. “Машъал”да ҳам, “Қўқон-1912”да ҳам. Фақат бугун Аваз Маматхўжаев бироз шамоллаб қолганди. Кеча иситмаси кўтарилган экан. Уни майдонга тушириб таваккал қилишни хоҳламадим. Бу вазиятда ҳеч қанақа муаммо кўрмаяпман. Биз қанотлар тезкорлиги учун Жамшидни қўйдик. Ҳеч кимни ёмон ўйин ўтказди дея олмайман. “Навбаҳор”да асосий фигура Искандеров эди. Уни янада кўпроқ ёпа олганимизда бундан-да осонроқ бўлиши мумкин эди, бизга. Футболчи универсал бўлиши керак. Фақат иккита жойда: дарвозабон ва марказий ҳимояда ҳақиқий эгалари ўйнайди, улар бошқа позицияда ўйнашмайди. Қолганлари ўнг, чап қанотлар ёки олдинга қўйса ўша ерда ҳам тўп суришга тайёр бўлишлари керак.