ФАРҒОНА ФУТБОЛИНИНГ НУРАФШОН КУНЛАРИ

03.07.2016

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан

Йигирма беш йил. Кўҳна тарих учун оний лаҳзаларга менгзагулик ниҳоятда қисқа фурсат. Аммо, мамлакатимиз учун моҳиятан асрларга тенг, бу давр. Зеро, ушбу йиллар бизга эрк ва ҳурриятни тақдим этиб, ўзлигимиз, шон-шуҳратимиз, миллий қадриятларимизни қайтариб берди. Ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлдик.

Эндиликда дунёнинг энг ривожланган ва тараққий этган илғор демократик давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилган Ўзбекистон қўлга киритаётган улкан ютуқ ва маррралар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳайрат ва ҳавас билан, ҳақли равишда эътироф этилмоқда, тан олинмоқда.

Истиқлол йиларида Фарғона футболи гуллаб яшнамоқда. Шу кунга қадар вилоятда бир қанча футбол мактаблари очилди. Кўпчиликнинг ҳавасини келтираётган “Истиқлол” стадиони барпо этилди. Футбол академияси ўз ишини бошлади. Бир сўз билан айтганда, Фарғона футболида ривожланиш, янгиланиш даври ҳукмронлик қилмоқда.

 

Биринчи футбол лицей-интернати

Бу дунёда ҳар биримиз учун Ватан – ягона. Ватан – бетакрор. Шу боис унинг ҳар қарич ерини зарга, ҳар ҳовуч тупроғини олтинга қиёслаймиз. Она заминимизни муқаддас билиб, ҳар бир неъматини кўзимизга тўтиё айлаймиз.

Мустақиллик бизга Ватаннинг қадр-қимматини янада теранроқ англаб етишни ўргатди. Бундан руҳланган ҳолда бугун халқимиз яратувчанлик, бунёдкорлик саодати билан яшамоқда. Бунинг ифодаси, аввало, юртимиздаги ҳар бир оила ва инсон,  шаҳару қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси, турмушимиз фаровонлигида кўзга яққол ташланади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзига хос туҳфалар бисёр.

Хусусан, истиқлолнинг илк йилларидан футболни ривожлантириш учун бир қатор қонунлар қабул қилинди. Пойдеворни мустаҳкамлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Масалан, бундан 22 йил муқаддам Фарғонада Республикамизда биринчилардан бўлиб футбол лицей-интернати ташкил этилди. Ҳозирда 3-сонли ихтисослаштирилган футбол мактаби деб аталаётган ўқув даргоҳида кўплаб ёшлар футболнинг сир асрорларини ўрганишмоқда.

Футбол мактаби тарихига назар ташлайдиган бўлсак, айнан шу даргоҳда таҳсил олган Мансур Саидов, Нодир Қўзибоев, Иқбол Акрамов каби ўйинчилар 2003 йилги ёшлар ўтрасидаги Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Бундан ташқари, Ғайрат Ҳасанов, Азиз Алижонов, Иброҳим Раҳимов сингари футболчилар ҳам шу лицей-интернат тарбияланувчилари саналади.

Шунингдек, 2009 йили Мисрда ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати қатнашчилари Дилёрбек Эрматов, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Каримов, Дониёр Усмоновлар ҳам ушбу футбол мактабида “миллионлар ўйини” сир асрорларини ўтганишган.

Ватан ободлиги, эл фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган одамларни бугун ҳар қадамда учратиб, кўнгил яйрайди. Юртдошларимиз руҳиятидаги кўтаринкилик беихтиёр сизга ҳам ўтади. Улар билан суҳбатлашиб тўймайсиз! Айниқса, нуронийларимизнинг суҳбати чанқоқни қондириб бўлмайди. Бундай инсонларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлганда қалбимизга нур инади.  Муҳаммаджон ака Раимжонов ҳам ана шундай инсонлардан биридир.

Ушбу футбол интернатининг очилишида Фарғона футболи фидойиларидан бири – Муҳаммаджон аканинг ҳиссаси катта бўлган.

– 1992 йилда Президентимиз томонида футболни ривожлантириш борасидаги қарор чиқанидан кейин Фарғонада футбол лицей-интернати очишга қарор қилинди, дейди Муҳаммаджон ака. – Республикамизда биринчилардан бўлиб футбол лицей-интернати айнан бизнинг вилоятда фаолият юрита бошлаган. Албатта буларнинг барчаси истиқлол шарофати деб ҳисоблайман. Илгари бундай шаоитларга эга футбол мактаблари йўқ эди. Ҳам ётоқ билан таъминлайдиган, уч маҳал овқат берадиган, бир қатор фанлардан дарс берадиган. Президентимизга раҳмат ёшларга кенг йўл очиш беришган. Бундай шароитларни кўриб кишининг кўзи қувнайди. Янги шижоат билан ишлагинг келади. Яна ёшлик онларга қайтишни орзу қиласан. Бундай ғамғурликлар ўз мевасини бермоқда. Ҳали ушбу даргоҳдан яна кўплаб футбол юлдузлари етишиб чиқишига ишоним комил.

 

Янги қиёфадаги футбол мактаби

Албатта, мамлакатимизда ёш футболчилар учун яратилган қулай муҳит одамларнинг орзу-умидларига қанот бахш этди. Бугун  футболчи бўламан деган инсон учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳозир қишлоқларимизда ҳам шундай муҳташам иморатлар қурилмоқдаки, кўриб ҳавасингиз келади. Келажагимиз ворисларининг турмуш тарзигина эмас, дунёқараши ҳам ўзгарганини кўрсатадиган оловқалб ёшлар вилоятнинг ҳамма жойида бор. Улардаги кўтаринки руҳ, келажакка ишонч ҳаммани жипслашишга, истиқбол учун интилишга ундайди.

Юртимизда яратувчанлик, бунёдкорлик, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари билан тенг одим ташлаш учун ҳар биримизга барча шарт-шароитлар муҳайё этилди. Бундай улуғ мақсадларнинг рўёбга чиқиши учун ҳеч қандай тўсиқ-ғов йўқ.

“Нефтчи” профессионал футбол клуби қошида 2007 йилдан буён футбол мактаби фаолият юритиб келмоқда. Мазкур мактаби футбол стадиони 2009 йилда замонавий ҳолтга келтиришди. Аниқроғи, сўъний қопламали майдонга эга бўлди. Умуман олганда, футбол мактабининг қайта таъмирлаш учун бир ярим миллиардга яқин пул сарфланди. Бугунги кунда ёш футболчилар замон талабларига жавоб берадиган даргоҳда футбол билан шуғулланишмоқда. Футбол мактаби стадионида ҳар доим одам гавжум.

– Истиқлол шарофати бидан мактабимиз тубдан ўзгарди – дейди “Нефтчи” профессионал футбол клуби қошида футбол мактаби директори Маҳмуджон Зокиров. – Мазкур футбол мактаби 1988 йилда ташкил этилган бўлса-да, мустақиллик йилларда гуллаб яшнади. 2007 йилда футбол мактаби “Нефтчи” жамоасига бириктилгач, иш кўлами янада ошди.

Ўқув машғулотлар клуб мақсадига асосан мослаштирилди. Мураббийлар олдига янги вазифалар қўйилди. Ушбу футбол мактабида вилоятнинг турли туманларидан келган фарзандларимиз таълим-тарбия олишмоқда. Жорий йилнинг ўзида футбол мактаби тарбияланувчиларнинг 16 нафари “Нефтчи” жамоаси билан шартнома имзолади. Футбол мактаби фаолиятининг самараси турли жамоаларга муносиб футболчилар етказиб беришда кўршингиз мумкин. Футбол мактабида таълим олаётган, келажаги порлоқ ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Мамлакатимизнинг турлича ёшлар тоифаси мураббийлари энди тез-тез футбол мактабига ташриф буюрадиган ва тарбияланувчиларни ўзлари раҳбарлик қилаётган терма жамоаларга таклиф қиладиган бўлишди.

2011 йили ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган икки нафар футболчимиз Муҳсин Убайдуллаев ва Давлатбек Ёрбековлар президентимиз томонидан “Спарк” автомашанаси билан тақдирланишди.

Албатта, бу ютуқлар, ҳозирги кун талаб даражасида олиб бораётганимиздан дарак беради. Лекин бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Келажакда қиладиган ишларимиз кўп.

 

“Истиқлол” стадиони

2015 йил фарғоналиклар ҳаётида ўчмас из қолдирди десак муболаға бўлмайди. Фарғона шаҳрида янги қуриб битказилган марказий «Истиқлол» стадиони фойдаланишга топширилди. «Истиқлол» стадиони халқаро талабларга тўла жавоб беради. Тўртта ёритиш минораси худди шаҳарнинг тўрт томонидан мухлисларни бу ерга чорлаётгандай таассурот уйғотади. Замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилгани унинг тунда ҳам худди кундузгидек чароғон бўлишини таъминлайди.

Томошабинлар жойи, майдон ҳолати ҳавас қилгулик даражада. Майдонга Голландиядан келтирилган махсус майса уруғи сепилди, натижада майдон тўрт фаслга ҳам чидамли, йил давомида кўм-кўк яшнаб турадиган майсалар билан қопланди.

Стадионда спортчилар, ҳакамлар, мураббийлар ва маъмурият учун алоҳида хоналар ажратилган. Анжуманлар залида ва футбол мусобақаларини тасвирга олиш учун оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам қулай шароитлар яратилган. 20 минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар, муҳандислик таъминоти талабларига кўра, пастки ва юқори қаватларга бўлинган.

Видео табло, замонавий аудиосистема мосламалари ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган шарҳловчилар хонаси ўйин пайтида мухлисларни зарур маълумотлар билан тезкор равишда хабардор этиш, мусобақаларни тўғридан-тўғри эфирга узатиш, теле ва радио транслация сифатини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, “Истиқлол” стадионда Республика миқиёсидаги тадбирлар ҳам мунтазам ўтказилиб турилади. Бунга биргина мисол тариқасида яқинда бўлиб ўтган “Универсиада-2016” мусобақасини айтиб ўтиш жоиз.

Бир сўз билан айтганда, “Истиқлол” стадионини халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятининг бир намунаси сифатида эътироф этиш мумкин.

 

Эзгу орзуларимиз асоси

“Истиқлол” стадиони билан биргаликда янги футбол мактабининг барпо этилиши ҳам фарғоналиклар учун муносиб туҳфа бўлди, десак адашмаймиз.

– Олдинлари академиялар ҳақида фақат орзу қилардик, дейди футбол мактаби директори М. Зокиров. – Кўпчилик бу даргоҳни футбол академияси деб атамоқда. Лекин ундай эмас. 2016 йилнинг 15 февраль санасида шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, ушбу ўқув-даргоҳи “Нефтчи” қошидаги футбол мактабига бириктириб берилди.

Ҳозирги кунда мазкур футбол мактаби ихтиёрида тўртта  сунъий футбол майдони, 50 ўриндиққа эга ётоқхона, ошхона, рус, инглиз тиллари ўргатиладиган махсус ўқув хоналари, ечиниш – кийиниш хоналари, ювиниш хоналари, махсус жиҳозланган кенг хоналар, футбол бўйича назарий ўқув машғулотлари ўтказиш учун махсус хоналари мавжуд. Ҳозирда бу ерда “Нефтчи” фарм клуби машғулотлар ўтамоқда. Янги ўқув-йилидан ўқувчиларни қабул қилиш режалаштирилган. Футбол мактабининг умумий майдони 4 гектардан ортиқни ташкил этади. Бир нарса кишини қувонтиради. Олдинлари бундай шароитлар бўлмаган. Бундай имкониятлардан фақат самарали фойдалиниш керак холос.

 

Ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод

Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасида Ўзбекистон ёшлари турли халқаро мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришаётир.

Кейинги йилларда Фарғона вилоятидан спортнинг турли йўналишлари бўйича элликдан ортиқ жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққани фикримиз исботидир.

Бугун вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш учун барча шароит мавжуд. Шаҳар ва қишлоқларда, таълим масканларида замонавий талабларга жавоб футбол майдонлари барпо этилди. Тошлоқ, Учкўприк туманлари, Қувасой шаҳрида марказий стадионлар, Қува туманида соғломлаштириш маркази, Фарғона шаҳрида “Истиқлол” теннис мажмуаси ва марказий стадиони, ёпиқ сув спорти мажмуаси каби ўнлаб муҳташам спорт иншоотлари фойдаланишга топширилдики, буларнинг барчаси фарғоналик ёшларнинг турли нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этаётир.

Жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон номининг янграши, давлатимиз байроғининг мағрур ҳилпираши барчамизнинг қалбимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини юксалтиради. Президентимиз раҳнамолигида спорт, айниқса, футболни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ёшларимиз бизга бундай юксак туйғуларни кунда-кунора бахш этиши оддий ҳолга айланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Истиқлол шарофати туфали бугунги кунда футболчиларимиз дунёнинг турли мамлакатларига бориш бахтига муяссар бўлишмоқда.

2003 йил ўзбек футболида зарҳал ҳарфлар билан ёзилган десак муболаға бўлмайди. Айнан шу йили биринчи марта ўзбек уғлонлари Жаҳон чемпионатида ўйнаш ҳуқуқига эга бўлишганди. Виктор Борисов ва германиялик мутахассис Юрген Гёде бошқарган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси БААда бўлиб ўтган мундиалда муносиб иштирок этганини ҳамон мухлисларимиз мароқ билан эслашади. Ўшанда вакилларимиз Иньеста тўп сурган Испания ёшлар терма жамоаси билан тенг-тенг тўп суришганди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида фарғона футболи тарбияланувчилари ҳам бир нечтани ташкил этарди. Мансур Саидов, Иқбол Акрамов, Нодир Қўзибоевлар ёшларимизнинг мундиалда ёрқин ўйин ноамойиш этишида ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшишган.

– Бу биз учун яратилаётган шароитларнинг меваси эди, деб ўша кунларни ёдга олади Нодир Қўзибоев. – Илгари ҳаммамиз мундиал ўйинларини телевизор қаршида ўтириб томоша қилардик. Уларга ҳавасимиз келарди. Бугунги кунда эса ушбу орзларимиз рўйбга чиқди. Истиқлол туфайли барчасига эришдик. Ўша кунлар ҳамон ёдимда. Ўзбекистон мадҳияси янграганида кўзимга ёш келди. Мендаги ҳиссиётларни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Президентимиз айтганларидек биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни барчага намойиш этгандик. Бугунги кунда болалар футболига бўлган юскак эътибор ҳар қандай кишини хурсанд қилади.

 

Гвазаванинг ҳайрати

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган ва оширилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон дунёда тенглар ичра тенг бўлди. Жамият ҳаётидаги мустаҳкам барқарорлик, демократик ўзгаришлар йўлидаги собитқадамлик, мустақил юритилаётган ички ва ташқи сиёсат, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолатлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни эркинлаштириш, энг асосийси, биз ўз танлаб олган йўлимиздан оғишмай, қатъият билан дадил одимлаётганимиз эришаётган улкан ютуқларимиз гарови бўлиб қолаверади.

Юртимизда бўлаётган ўзгаришлар хорижликларнинг эътирофига сазовор бўлаётгани таҳсинга лойиқ.

Эсингизда бўлса, 2014 йилда “Нефтчи” жамоасида айни дамда Россияда истиқомат қилаётган грузиялик Левана Гвазава тўп сурганди.

36 ёшли собиқ футболчи юртимиздаги ўзгаришларни куриб лол қолганди.

– МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон ривожалниш борасида пешқадамлардан бири бўлиб тургани шубҳасиз, деганди Гвазава. – Сўнгги йилларда бир қатор Ҳамдўстлик мамлакатларида бўлдим. Лекин Ўзбекистонда бўлгани каби ўзгаришларга гувоҳ бўлмадим. Шаҳарсозлик борасида олиб борилган кенг кўламли ишлар, замонавий стадионлар, мамлакатда футболга бўлган юскак эътибор мени лол қолдирди. Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканлигига амин бўлдим.

Чиндан ҳам бугунги кунга келиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар келажагимиз порлоқ эканлигидан далолат бермоқда.

Барчамиз Фарғона футболиннинг янада ривож топишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Аброр Деҳқонов

“Футбол экспресс” газетасидан олинди.

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО