20.03.2017
Фарғонада яна бир мусобақа ўзининг якуний палласига етиб келди. Сўнгги йилларда Фарғона вилояти Футбол федерацияси томонидан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Наврўз Кубоги-2017”да финалчилар номи маълум бўлди.
Кеча Фарғона давлат университетининг спорт соғломлаштириш мажмуаси (собиқ “Фарғона” ўйингоҳи)да ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди. Унда ўз минтақаларида биринчи ўринни қўлга киритган – “Олтиариқ” (Олтиариқ тумани), “Тошлоқ” (Тошлоқ тумани), “Қўқон-1912” (Қўқон шаҳри) ва Фарғона ёшлар терма жамоаси сифатида шакллантираётган “Баркамол авлод” жамоалари майдонга тушишди.
Ярим финалда “Қўқон-1912” жамоаси “Тошлоқ” вакилларига 2:4 ютқазиб қўйган бўлса, иккинчи финалчи номи “Олтиариқ” – “Баркамол авлод” жамоалари ўртасидаги ўйинда маълум бўлди. Ушбу баҳсда “Баркамол авлод” 2:1 ҳисобида ғалаба эришди.
Мусобақа ғолиби номи 21 март куни аниқланади. Финал учрашуви Фарғона давлат университетининг спорт соғломлаштириш мажмуасида соат 11:00да бошланиши режалаштирилган.
Аброр Деҳқонов