19 сентябрь куни Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” ПФК ҳамда Фарғона вилоят футбол федерацияси хамкорлигида “Болалар – бизнинг эртамиз” шиори остида ёш футболчилар билан учрашув ташкил қилинди.
Унда “Нефтчи” вакиллари Мансур Саидов ва Музаффар Музаффаровлар иштирок этишди ҳамда ёш ўйинчиларга мастер-класс намойиш қилишди. Учрашувни ўтказишдан асосий мақсад, вилоятда болалар футболини ривожлантириш, ёш чарп тўп усталарини таниқли футболчилар билан учрашув орқали уларнинг миллионлар ўйинига бўлган эътибори ва қизиқишини янада оширишдан иборатдир. Айтиш керакки, ёш футболчилар ўз соҳасининг етакчи вакиллари билан биргаликда ўтказилган машғулотлар жараёнидан бир олам ижобий таассуротлар олишди.