18.01.2018
Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва футболни оммалаштириш, истеъдодли болаларни саралаб олиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, болалар футболи мураббийларини малакасини ошириш учун хориждан мутахассислар таклиф қилиняпти, турли ёшдаги болалар ўртасида футбол мусобақалари ва фестиваллар ташкил этилмоқда.
2018 йилда бутун республика бўйлаб 1000га яқин чемпионатлар, биринчиликлар, Кубок беллашувлари, мусобақалар ва фестиваллар ўтказиш режалаштирилгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.
“Келажагимиз умидлари” деб номланган футбол фестивали 18 январдан бошлаб бутун водий бўйлаб старт олади. Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидан бошланадиган ушбу фестивалда ҳар бир вилоятда 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган 400 нафардан болалар қатнашади.
Айтиш керакки, “Келажагимиз умидлари” фестивали водийдан бошланиб, бутун республика бўйлаб давом этади. Фестивал давомида иштирокчиларига совға сифатида тўплар, спорт формалари тақдим қилинади.
Қуйида “Келажагимиз умидлари” футбол фестивали январь ойида қайси ҳудудларда бўлиб ўтиши кўрсатилган:
Андижон вилояти – 18-21 январь
Фарғона вилояти – 20-23 январь
Наманган вилояти – 20-23 январь
Хоразм вилояти – 27-30 январь
Қорақалпоғистон Республикаси – 28-31 январь
Манба: the-uff.com