24.01.2018
20 январь куни Фарғонада Ўзбекистон Футбол федерацияси томонидан ташкил этилган “Келажигимиз умидлари” старт олганди. Бугун ушбу фестиваль ўз якунига етди. Айтиш жоизки, ўтган тўрт кун фарғоналик болажонлар учун унутилмас бўлди. 7 ёшдан 10 гача бўлган ёш футболчилари шу кунлар давомида ҳақиқий футбол байрамидан баҳраманд бўлишди. Уларга ЎФФ томонидан сахсус совғалар топширилди. Бир сўз билан айтганда барча хурсанд ҳолда уйларига қайтишди.
Фестивалнинг сўнгги кунида яна бир тарихий воқеа содир бўлди. Барчамиз учун таниш бўлган, айни дамда Қирғизистон Футбол федерациясида ишлаётган Баҳодир Қучқоров Фарғонага ташриф буюрди. Ўзбекистон ифтихори – Равшан Эрматовга Жаҳон чемпионати баҳсларида ён қанотда ёрдам берган собиқ ҳакам мамлакатимиздан олам-олам қувонч билан қайтди. Баҳодир Қучқоровда ЎФФ томонидан ташкил этилган фестиваль катта таассурот қолдирди. Қирғизистонлик мутахассис билан келажакда ҳамкорлик қилиб, турли мусобақалар ўтказишга келишиб олинди. Ҳамкорликнинг дебочаси сифатида яқин кунларда Қирғизистон жамоаларидан бири “Фарғона Вилоят Ҳоким Кубоги-2018”да иштирок этиши мумкин.
Шундай қилиб, тўрт кун юқори савияда давом этган футбол фетивали поёнига етди.