15.11.2020
Суперлига йўлланмаси учун баҳсни авж олдирди
Про лиганинг биринчи босқичида дастлабки тўрт ўринни эгаллаган жамоалар мусобақанинг иккинчи босқичидаги икки тур ўйинларини ўтказди.
Мусобақа жадвалида пешқадамлик қилаётган “Нефтчи” “Шўртан” ва “Динамо” жамоалари меҳмони бўлди. “Шўртан” билан бўлган баҳсда футболчиларимиз 2:1 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, Самарқандда “Динамо”га 0:2 га ютқазиб қўйишди.
“Нефтчи”нинг кутилмаган мағлубияти Яйпаннинг “Турон” жамоасига қўл келди. Самарқандда “Динамо”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган яйпанликлар “Шўртан” билан 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этиб, мағлубиятсиз ўйинлари сонини 6 тага етказиб олди. Сафардаги ижобий натижалар туфайли “Турон” мусобақа жадвалида иккинчи ўринга кўтарилиб олди ва пешқадам “Нефтчи” билан очколар фарқини икки очкога қисқартиришга эришди.
Учинчи турнинг марказий баҳси 15 ноябрь куни Яйпанда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу куни “Турон” “Нефтчи”ни қабул қилади.
Мўйдинжон СОБИТОВ.
Манба: “Фарғона ҳақиқати”.