14.04.2017
Эндиликда «Қўқон-1912» жамоасининг собиқ футболчиси Баҳодир Пардаев Ж.Кореянинг «Бучеон-1995» клуби аъзосига айланди. Ҳужумчи йил бошида «Бухоро»дан қўқонликлар сафига бориб қўшилган эди.
«Бучеон-1995» Жанубий Кореянинг K League Challenge дивизионида иштирок этади. Бу мамлакатдаги иккинчи даражали лига ҳисобланади. Биз футболчимиз билан боғланиб, ундан янги клуби юзасидан интервью олдик.
– Нечанчи рақамни танладингиз?
– 24. Бу рақам менга «Бунёдкор»да омад келтирганди. Ўйлайманки, Кореяда ҳам шундай бўлади.
– Баҳодир, ўтган мавсум «Бухоро» шарафини ҳимоя қилгандингиз. Кўҳна шаҳар жамоасини тарк этишингизга нима сабаб бўлди?
– Мураббийлар штабининг ўзгариши кетишимга сабаб бўлди. Жамоа мухлисларига катта раҳмат. Фақат бир нарсага тушунмадим ва ҳалигача унинг жавобини топа олмаяпман. Ўтган мавсум аввалида «Бухоро» олдига чемпионатда 4-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилган ва бу мақсадга эришгандик. Лекин кутилмаганда клуб раҳбарияти мураббийлар штабини ҳеч қандай сабабсиз ҳайдади. Нима учун, ахир? Шуниси менга жуда ҳам қизиқ бўляпти.
– Кейин «Қўқон-1912» жамоасида пайдо бўлдингиз. Мавсумни бошладингиз ҳам. Лекин кутилмаганда Кореяга йўл олдингиз. Шартномада шундай банд бормиди?
– Ҳа, «Қўқон-1912» жамоасидан яхши таклиф тушди. Ўша пайтда бошқа клублардан ҳам қизиқиш бор эди. Лекин ўйлаб кўриб, «Қўқон-1912» вариантида тўхтадим. Чунки бу жамоада Нўъмон Ҳасанов бош мураббий эди. Ушбу мутахассис қўл остида «Пахтакор»да ўйнагандим. Бир-биримизни яхши билардик. Мендан ташқари «Бухоро»да бирга тўп сурган яна 3 футболчи – Руслан Мелзиддинов, Александр Мерзляков ва Мурод Холмуҳаммедов ҳам «Қўқон-1912» билан битим тузишди.
Лекин шартномада кетишим ҳақида банд йўқ эди. Корея клубидан таклиф тушганини Нўъмон акага айтганимда, бунга розилик бердилар. Ўзлари футболчи бўлганлари учун «Бундай имкониятни қўлдан чиқариш керак эмас, менга ҳам ўз вақтида хориждан таклиф тушганида бормаганман, сен бу хатони такрорлама», дедилар. Шундай вазиятда мени тушунганликлари учун раҳмат айтдим. Мабодо, маълум сабабларга кўра, Кореядан қайтсам, «Қўқон-1912» эшиклари мен учун очиқлигини ҳам қўшимча қилдилар.
– Корея клуби сиз билан қандай боғланди? Трансфер қай тарзда амалга ошди?
– «Бучеон-1995» жамосидан таклиф тушди. Бу трансферни Фаррух Сайфуллаев кореялик агентлар орқали омалга оширди.
– Жанубий Корея клуби «Қўқон-1912» жамоасига маълум миқдорда трансфер суммасини тўлаб бердими?
– Йўқ. Ҳеч қандай тўлов амалга оширилмади.
– Шартнома қанча муддатга имзоланди?
– Бир йилга. Аниқроғи, 2017 йилнинг 31 декабрь куни «Бучеон-1995» жамоаси билан имзолаган шартномам муддати якунланади.
– Корея клуби варианти нимаси билан сизни ўзига қарата олди?
– Бир-икки йилдан бери хорижда ўйнаш, ўзимни синаб кўриш истаги бор эди. Ниҳоят, бу йил шундай имконият юзага келди. Легионер номига муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
– Янги жамоангизнинг илк машғулотида иштирок этдингиз. Таассуротлар қандай?
– Ҳаммаси ажойиб. Ўзимни янги муҳитда яхши ҳис қиляпман.
– Янги клубингиздаги шароитлар сизни қониқтиряптими?
– Ҳа, шароитлар жуда ҳам яхши. Алоҳида уй ва машина беришди.
– Бу клубга ўтишда сиздан сал аввал ушбу мамлакат биринчи лигаси жамоаси сафига бориб қўшилган Баҳодир Насимов билан маслаҳатлашдингизми?
– Албатта. Насимовдан тавсия олдим. Тўғрисини айтсам, ҳалигача маслаҳат сўраяпман. Бунинг учун адашимга миннатдорчилик билдираман.
– Кореяда Баҳодир Насимов билан учрашмадингизми?
– Учрашдик. Бирга Сеул шаҳрида тушлик қилдик, суҳбатлашдик. Ҳар куни қўнғироқлашиб турибмиз.
– Жамоангизда сиздан ташқари яна легионерлар борми?
– Икки нафар бразилиялик ва бир босниялик футболчи ўйнашади.
– Корея K League Challengeда легионерларга чеклов борми?
– Бор экан. Бу ерда ҳам 3+1 лимити амалда экан. Клуб раҳбарияти осиёлик легионерга ажратилган жойни айнан мен билан тўлдирди.
– Тил масаласида муаммога дуч келмаяпсизми?
– Очиғини айтаман, бу борада жуда қийналяпман. Шунга қарамай, футболчилар ва мураббийлар штаби билан бир-биримизни тушуняпмиз. Фурсатдан фойдаланиб, газетангиз орқали ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳамда «Қўқон-1912» ва «Бухоро» жамоаси ишқибозларига ўз саломимни йўллайман. Уларнинг ишончларини оқлаш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Легионерларга ҳар қандай хориж чемпионатида ҳам осон бўлмайди. Корея клубида менга катта ишонч билдиришган. Жамоамиз олдига К-лигага чиқиш вазифаси қўйилган. Ўйлаймизки, бу мақсадга эриша оламиз. Тўпурарлик маҳоратимни намойиш этиб, терма жамоадан чақирув олишга умидворман. Бунинг учун ўз устимда астойдил ишлаяпман.
Терма жамоамизни олдинда ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидан ўрин олган 3та муҳим учрашув кутиб турибди. Бу ўйинларда ғалабадан ўзгаси бизни қониқтирмайди. Футболчиларга бўлажак ўйинларда омад тилайман. Кураш давом этар экан, бу борада терма жамоамизга ғалаба ёр бўлсин.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
«Интерфутбол» газетасидан олинди.