01.06.2017
Бугун 1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.
Болалик – ҳаёт уммонининг мусаффо сарчашмаси. Боиси, у ҳар бир мурғак қалб учун ташвишлардан йироқ, эзгуликка тўла лаҳзалардир. Гўдакларнинг баҳор тонги мисол беғубор қалби фақат яхшиликларга йўғрилган бўлади.
Шу сабаб 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни энг қувончли байрам сифатида бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади. Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир.
Мамлакатимизда ушбу кунда болалар учун кўплаб тадбирлар, байрам томошалари уюштирилади. Истиқлол йилларида баркамол авлодни вояга етказишдек улуғвор вазифага жиддий эътибор берилмоқда.
Юртимизда болаларни ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиш, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, спортга жалб қилиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади.
“Қўқон-1912” футбол клуби 1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан барча болаларни қутлайди.
Байрам муборак жажжи болажонлар!