05.08.2017
Ўринбосарларимиз иккинчи даврадаги илк учрашувларини меҳмонда “Насаф”га қарши ўтказишди. Шиддатли ва кескин курашлар остида ўтган ўйинда жанговор дуранг қайд этилди.
Ўйиндаги дастлабки хавфли вазиятни мезбонлар яратишди. Лекин ушбу вазиятдан майдон эгалари унумли фойдалана олишмади.
8-дақиқада Ойбек Рустамовнинг зарбаси кучли, бироз ноаниқ бўлди. 10-дақиқада эса Муҳаммаданас Ҳасанов яқин масофадан зарба йўллашда адашди
16-дақиқада қаршиликлар пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Дарвозабонимиз пенальтини қайтарди.
Жаҳонгир Қурбонбобоев берган зарбани Абдуллаев ушлаб олди.
22-дақиқада учрашувда ҳисоб очилди. Мезбонлар қарши ҳужумдан унумли фойдаланишди. Гол муаллифи – А Неъматов бўлди.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида ваклларимиз қулай имкониятга эга бўлишди. Рустамов-Мелиқўзиев-Маматхўжаев комбинацияси чиройли чиқди. Сўнгги зарбани йўллайдиган футболчи топилмади.
Иккинчи тайм футболчиларимиз учун омадли бошланди. 47-дақиқада ўнг қанотдан Муҳаммаданас Ҳасанов ошириб берган тўпни Баратов боши билан чиройли тарзда рақиб дарвозасига жойлаб қўйди.
Комбинация ва гол шундай чиройли бўлдики, ҳатто махаллий мухлислар хам қарсак чалиб олқишлашди.
52-дақиқада Аброр Раҳмонов рақиблар дарвозасига иккинчи голни киритиб, вакилларимизни олдинга олиб чиқди.
Иккинчи голдан руҳланган ёшларимиз яна битта ажойиб комбинация ташкил этишди. Маликжонов тўпни Авиловга оширди. Авилов бир нечта футболчини алдаб жарима майдончасига ёриб кирди. Сўнгги паллада химоячи тўпни қайтариб юборди.
Шундан кейин ҳам Муҳсин Низомиддинов шогирдларида рақиб дарвозасини ишғол этиш учун имкониятлар вужудга келганди. Аммо улардан фойдалана олмадик.
67-дақиқада мезбонлар ҳисобни тенглаштиришди. Ҳимоячи ва дарвозабонимиз бир-бирига ишониб қолиши натижасида яна ўша Неъматов иккинчи марта дарвозамизни ишғол этди.
71-дақиқада Аброр Рахмонов дублга эришиши мумкин эди. “Насаф” посбони жамоасини яққол голдан сақлаб қолди.
78-дақиқада мезбонлар чиройли комбинация орқали хисобда олдинга чиқиб олишди. Гол муаллифи захирадан майдонга тушган Худоёр Сагдуллаев бўлди.
Мезбонларнинг захирадан майдона тушган дарвозабони бугунги учрашув қахрамони десак адашмаймиз. Абдувоҳид Неъматов 3 та яққол голли вазиятда жамоасини қутқарди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида вакилларимиз “Аждарлар” дарвозасини учинчи марта аниқ нишонга олишди. Ойбек Рустамов ҳисобни тенглаштирувчи голга муаллифлик қилди.
Бугунги ўйин бемалол олий лига даражасидаги ўйин бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мухлислар шиддатли ва чиройли футбол гувоҳига айланишди.
Ёшлар лигаси
16-тур
“Насаф” (Қарши) – Қўқон-1912” (Қўқон) – 3:3 (1:0)
Ҳакамлар: Дилшод Каримов (Тошкент), Артём Калинин (Қарши), Фарҳод Усмонов (Қарши), Равшан Абдувоҳидов (Қарши)
Назоратчи: Роман Дмитрий (Тошкент)
Голлар: Алфайзи Неъматов – 16, 67, Худоёр Сагдуллаев. – Дилшод Баратов – 47, Аброр Раҳмонов – 52, Ойбек Рустамов – 89.
“Насаф”: 44. Музаффар Шарипов, 5. Садулло Раҳматов, 6. Сирожиддин Қўзиев, 7. Акмалжон Олимов, 10. Алфайзи Неъматов, 14. Жаҳонгир Қурбонбоев, 15. Ғолиб Ғайбуллаев, 16. Шерзод Насруллаев, 28. Сардор Саъдуллаев, 34. Илҳомжон Алижонов, 38. Дониёржон Нарзуллаев.
Захира: 30. Абдувоҳид Неъматов, 13. Муҳриддин Зоиров, 22. Алижон Аҳматов, 32. Наврўз Саидов, 33. Шоҳруҳ Неъматов, 36. Анвар Ҳусанов, 45. Худоёрхон Сагдуллаев.
“Қўқон-1912”: 30. Ислом Абдуллаев, 4. Дониёр Тўлашев, 6. Дилшод Баратов, 7. Ойбек Рустамов, 10. Аброр Раҳмонов, 19.Достон Мелиқўзиев, 22. Муҳаммаданас Ҳасанов, 25. Исмоил Охунжонов, 28.Авазхон Маматхўжаев, 29. Иқбол Маликжонов, 75. Хушнудбек Авилов.
Захира: 12. Азиз Ашуров, 33. Рамзбек Исақов, 8.Бахтиёр Абдубаннонов, 15. Иброҳим Аҳмаджонов, 22.Мўминжон Содиқжонов, 24. Маъмур Раҳимов, 23. Аваз Юсуфжонов.