07.09.2017
“Динамо” – “Қўқон-1912” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Нўъмон Ҳасанов иштирок этди.
– Бугунги ўйинни кўрдингиз. Ҳар икки жамоа шиддатли ўйин кўрсатшга интилишди. Биз ҳар доим ғалаба учун майдонга тушамиз. Шунинг учун бугун икки очко йўқотдик дейишим мумкин. Бугун ҳар икки жамоа ҳам борини бериб ўйнади.
Учрашув дурангга мос равишда кечди. Ҳар икки жамоада биттадан голга тортадиган вазиятлар содир бўлди, холос. Мақсадимиз тўп ўтказиб юбормасдан битта гол уриш эди. Аммо бироз ўхшамай қолди. Ўзи негадир футболчиларимиз ўз майдонимизда бошқача, меҳмонда бошқача ўйин кўрсатишмоқда. Мана, “Динамо” ҳам ўз уйида яхши тўп суряпти.
Молиявий томондан камчиликларимиз йўқ. Клуб раҳбариятига бу борада ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Мавсум бошида жамоа олдига яхши ўйин кўрсатиб мухлисларимизни хурсанд қилиш мақсади қўйилган эди. Ҳамон ўша мақсадимиз ўзгаришсиз қолди.
Иккинчи давра арафасида жамоамизга тўрт нафар янги футболчиларни олгандик. Уларнинг барчаси менинг ишончларимни оқлашмоқда. Янги ўйинчиларимиз бизнинг оиламизга киришиб кетишди. “Қўқон-1912” жамоасини бир оила деб аташ мумкин.
Вақт ўтгани сари ўйинимиз янада кучайиб боришига шубҳам йўқ. “Динамо”га кейинги ўйинларда омад тилайман.