26.10.2017
“Қўқон-1912” жамоаси бу йилги мавсумни юқори савияда ўтказаётгани ҳеч кимга сир эмас. Гарчи, вакилларимиз иккинчи даврани барқарор ўтказа олмаётган бўлишса-да, футболчиларимизнинг ҳужумкор ўйинлари мухлисларимизни хурсанд этаётгани бор гап. Жорий йилда жамоамиз Қўқон футболи тарихига янги саҳифаларни очиб беришмоқда. Бу ҳақида мавсум якунига етгач, атрофлича тўхталамиз. Кечаги ўйинда жамоамиз Олий лигадаги 366-учрашувни ўтказди. “Навбаҳор” билан бўлиб ўтган баҳсда Олий лигадаги юбилей 450-очко қўлга киритилган бўлса, навбатдаги беллашувда яна битта тарихий воқеага гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу кунга қадар “Қўқон-1912” футболчилари чемпионат доирасидаги баҳсларда рақиблари дарвозасига 498 та гол киритишди. Яна иккита голдан кейин 500-довон ҳам забт этилади. Юбилей голга ким муаллифлик қилишни эса яқин орада билиб олсак ажаб эмас. Вакилларимизга навбатдаги ўйинларда омад тилаб қоламиз.