13.11.2017
Олий лиганинг 27-турида “Қўқон-1912” жамоаси сафарда “Бухоро” меҳмони бўлди. Учрашувнинг 87-дақиқасида тарихий воқеа рўй берди. “Қўқон-1912” жамоасини майдонга сардор сифатида бошлаб тушган Мурод Ҳолмуҳаммедов бухороликлар дарвозасига пенальтидан гол киритди. Бу гол “Қўқон-1912” жамоасининг Ўзбекистон чемпионатларидаги 500-голи эди. “Бухоро” – “Қўқон-1912” учрашуви жамоамизнинг олий лигадаги 368-учрашуви сифатида тарихга кирди.
Бундан олдинги юбилей голлар қачон ва ким томонидан киритилганлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз.
“Қўқон-1912” жамоасининг тарихий 100-голи 1994 йилда киритилган. Бу ҳодиса 1994 йилги чемпионатнинг 10-турида рўй берган. Ўшанда қўқонликлар ўз майдонларида “Пахтакор” жамоасини қабул қилишган. “Пахтакор” га қарши учрашувнинг 10-дақиқасида Мухтор Қурбонов рақиблар дарвозасига гол киритиб, “Қўқон-1912” жамоасининг 100-голига муаллифлик қилди. Ўша ўйинда жамоамиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Тошкентликларнинг ягона голига Николай Ширшов муаллифлик қилган эди. Шу йили жамоа олий лигадаги 100-очкосини ҳам қўлга киритганлигини эътироф этиш жоиз. Бундан ташқари, 1994 йилда жамоамиз тарихдаги энг яхши натижани ҳам қайд этишган. Ўша мавсумда вакилларимиз чемпионатни 5-ўринда якунлашганди.
1998 йили эса футболчиларимиз томонидан икки юзинчи давон забт этилган. 1998 йилги мавсумниг 21-турда “Косонсой” дарвозасига киритилган гол қўқонликларнинг Олий лигадаги 200-голи сифатида тарихдан ўрин олган. 2:1 ҳисобида вакилларимизнинг ғалабаси билан якун топган учрашувнинг 89-дақиқасида Зоҳид Нурматов жамоанинг ўйиндаги 2-голига муаллифлик қилган ва қўқонликларнинг 200-голи муаллифи сифатида тарихда қолган.
Яна бир юбилей гол 2000 йилги чемпионатимизда киртилган. 23-турда “Кимёгар” дарвозасига 300-гол киритилган. Мазкур баҳсда 4:2 ҳисобида Қўқон жамоаси ғолиб чиққан. Учрашувнинг 27-дақиқасида Муҳиддин Абдувалиев ўйиндаги иккинчи ва жамоа тарихидаги 300-голга муаллифлик қилган эди.
Жамоанинг тарихий 400-голи ҳам Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси дарвозасига киритилган. 2003 йилги чемпионатнинг 30-турида “Пахтакор” га қарши ўйиннинг 57-дақиқасида Адҳам Жоналиев ўйинда учинчи гол, жамоа тарихидаги 400-голни киритган. Ўша учрашуви 3:2 ҳисобида қўқонликларнинг ғалабаси билан якун топган эди. Ҳозирги “Қўқон-1912” жамоасининг бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ўша учрашувда ўйновчи мураббий сифатида майдонда жамоани бошқарган.
Қўқон-1912 жамоаси томонидан қайд этилган 500 голдан 3 таси 1995 йилда “Нурафшон” билан ўйиндаги техник ғалаба маҳсули. Шунингдек, 7 футболчи ўз дарвозасини ишғол этган. Қолган 490 гол қўқонликлар сафида майдонга тушган 78 футболчи томонидан амалга оширилган. Энг кўп гол Муҳиддин Абдувалиевга тегишли – 40 та. Кейинги ўринда Соли Қурбонов 34 та, Рустам Абдуллаев 32 та, Ойдинбек Алиев 30 та, Зоҳид Нурматов 29 та. Голлардан нақд 44 таси пенальтидан рақиб дарвозасига киритилган.
Мурод Ҳолмухаммедовдан олдинги барча юбилей голларни қўқонлик футболчилар киритганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.
Умид қиламизки , “Қўқон-1912” жамоасини олдинда янада шонли кунлар кутмоқда. Жамоа раҳбарияти олиб бораётган изланишлар ва интилишлар натижаси ҳали ўз мевасини беради. Қўқондан ҳали кўплаб иқтидорлар етишиб чиқади.
(Изоҳ:1992 йилдан 2002 йилгача жамоа “Темирйўлчи” деб номланган)
Акрамжон Мамадалиев тайёрлади.