Дарко Гожкович: «Қўқонда кўп йиллар қолишга тайёрман»

18.11.2017

Мавсум кашфиётларидан бирига айланган «Қўқон-1912» жамоаси жорий йил Нўъмон Ҳасанов бошчилигида мазмунли ўйин намойиш этяпти.

Тўғри, қўқонликлар иккинчи даврада кутилганидан кўпроқ очко йўқотишди. Лекин умумий ҳисобда, барибир, клубнинг ютуқлари алоҳида эътирофга сазовор.

Ушбу муваффақиятларда легионерларнинг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Биз бир ярим йилдан бери «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилиб келаётган сербиялик ҳимоячи Дарко Гожкович билан суҳбат уюштириб, уни сизга ҳам илинишни лозим топдик.

– Дарко, келинг, суҳбатимиз аввалида Ўзбекистонга келишингиз тарихи ҳақида маълумот берсангиз. Бунга ким сабабчи бўлди?

– Жамоамиз бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг таклифи билан Ўзбекистонга келдим. Мураббий қўнғи-роқ қилиб, яна камида бир мавсум жамоага ёрдам беришимни сўради.

Аслида 2016 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасидан «Қўқон-1912» сафига қўшилгандим. Мусобақа якунланганидан сўнг Сербияга қайтдим. Таътил кунларининг бирида Ҳасанов мен билан боғланиб, иш таклиф қилди.

Жамоанинг ҳимоя чизиғида муаммолар борлиги ва бу позицияда мени кўраётганини айтди. Қишки йиғинларда қатнашдим ва мавсум бошланиши олдидан шартнома имзоладик.

– Нўъмон Ҳасанов билан олдин ҳам танишмидингиз?

– Йўқ, шу ерга келиб танишдим. У ҳақида фақат ижобий фикрларни айтишим мумкин. Футболчиларни ўйин-га тайёрлашни жуда яхши билади.

Талабчан ва ўз ишини хуш кўрадиган мутахассис. Ҳасанов шу кунгача мен билан бирга ишлаган мураббийлар орасида ажралиб туради.

– Сизга Қўқон, умуман, Ўзбекистон шаҳарлари ёқдими?

– Жуда маъқул келди. Бу ерда ўзимни худди уйда юргандек ҳис қиламан. Жамоада ягона сербиялик футболчи эмасман. Қолаверса, бош-қа клубларда ҳам ҳамюртларим бор.

Нолишга асло ҳаққим йўқ! Қўқон шаҳрининг тарихий масканлари, унинг одамлари менда илиқ таассурот қолдирди. Бир ярим йилдан бери шу жамоада ўйнаётганим бежиз эмас, албатта. Агар ёқмаганида, Сербиядан қайтиб келмасдим.

– Маҳаллий мухлислар ҳақида нима дея оласиз?

– Бу алоҳида мавзу. Очиғини айтаман, ўзим тўп сурган клубларим орасида қўқонлик мухлислардек фидойисини учратмадим. Бу мазкур клубда ўйнаётганим учун айтилаётган баландпарвоз сўзлар эмас.

Аксинча, айни ҳақиқатни гапиряпман. Умуман олганда, клуб президентидан тортиб, мураббийлар, футболчилар, жамоа ходимлари ва ишқибозларигача мен учун қадрли. Биз бир оиламиз.

– Ўзбекистон ошхонаси «қийнаб» қўймаяптими?

– Асло (кулади). Тўғри, бошида кўникиш бироз қийин бўлди. Лекин вақт ўтиши билан ўрганиб кетдим. Ўзбек ошхонаси энг зўри, таомлари жуда тансиқ.

Улар орасидан паловга алоҳида меҳрим тушган. Дўстларим тонг-саҳарда ошга олиб боришганида ҳайратдан ёқа ушлагандим. Чунки шу пайтгача бундай маросимга гувоҳ бўлмагандим-да!

Шунингдек, сомса ва кабобни ҳам севиб истеъмол қиламан. Шашликни бошқа давлатларда ҳам татиб кўргандим, лекин Ўзбекистонда тайёрланадигани яққол ажралиб туради.

– Жамоада ким билан яқиндан дўстлашгансиз?

– Ҳамма билан яхши муносабатдамиз. Жамоада кимгадир ака, кимгадир укаман. Бир оиладек бўлиб қолганимизни юқорида ҳам таъкидладим.

Тўғри, ҳар бир инсоннинг энг яқин дўсти бўлади. Ҳеч кимга айтмаган сирларингизни у билан баҳам кўрасиз. Менинг ҳам шундай дўстим бор, у – Филипп Райевац.

– «Қўқон-1912» билан шартномангиз йил сўнгида якунланадими?

– Худди шундай. Мавсум бошланиши арафасида клуб раҳбарияти билан бир йиллик шартнома имзолагандик. Ўтган йилни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бир ярим йилдан бери «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қиляпман.

– Келишувни яна узайтириш истаги борми?

– Ҳозир бу борада бир нарса дея олмайман. Келинг, аввал мавсумни якунлаб олайлик. Кейин бироз ҳордиқ чиқаргандан сўнг ушбу мавзуда гаплашиш мумкин бўлади.

– Таътилни қаерда ўтказасиз?

– Албатта, Сербияда. Уйдагилар ва яқинларимни жуда соғиндим.

– Шахсан ўзингизда Қўқонда қолиб, фаолиятни ушбу клубда давом эттириш истаги борми?

– Ўзимга қолса, яна бир неча йил шу жамоада тўп сурардим. Суҳбатимиз аввалида бу ерда менга барча нарса ёқиши, ўзимни уйдагидек ҳис этаётганимни айтдим. Шундай экан, вазиятни ўзгартириш учун бошқа сабаб кўрмаяпман.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам мавсумни юқори кайфиятда якунлаб олишимиз керак. Мухлислар олдида қарзимиз бор. Иккинчи давра баҳсларини худди аввалгидек ўтказа олмаяпмиз. Кутилмаган очко йўқотишлар кузатилди.

Мақсадимиз – қолган учрашувларда ғалаба қозониб, ишқибозлар кайфиятини кўтариш. Чемпионат якунланганидан сўнг шартномани узайтириш масаласини қайта кўриб чиқиш учун фурсат бўлади.

– Ўзбекистон чемпионатининг савияси ҳақида нима дея оласиз?

– Ўтган йилгиси билан таққосласам, бу борада ўсиш кўзга ташланяпти. Жорий мавсум биздан ташқари, «Бухоро» ва «Навбаҳор» клублари ҳам анча мазмунли ўйин намойиш этишяпти. Яқинда федерация амалга оширган ўзгаришдан сўнг чемпионат савияси янада ошса керак.

12та жамоа ўртасида шиддатли кураш кечишини ҳозирдан тасаввур қиляпман. Ўз навбатида, жамоамиз ҳақида алоҳида тўхталишни лозим топдим.

Нўъмон Ҳасанов «Қўқон-1912» бош мураббийи этиб тайинланганидан сўнг сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Жамоа анча ёрқин ўйин намойиш эта бошлади. Кучли рақибларга муносиб рақобат кўрсатиб, улардан очко тортиб оляпмиз.

Клуб раҳбарияти ҳам бош мураббий олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. Ўйлайманки, келаси мавсум «Қўқон-1912» янада кучлироқ жамоага айланади. Шахсан мен бунга ишонаман.

– Ўзбекистоннинг қайси клублари сизга маъқул келди?

– Бу борада шахсий фикримни айтаман. «Локомотив» ва «Насаф» бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоалари бўлиб турибди. Мазкур фикрни фақат турнир жадвалидаги жойлашувга қараб айтмаяпман. Ҳақиқатан ҳам бу икки клуб ўйин жиҳатидан бошқалардан устун кўриняпти.

– «Пахтакор» ва «Бунёдкор»-чи?

– Ушбу жамоалар ўзига яраша ҳурматга лойиқ, улар ҳақида ҳам илиқ фикр билдира оламан. Аммо «Локомотив» ва «Насаф» барибир, бошқалардан кучлироқ кўринмоқда. Алоҳида ажралиб турадиган қандайдир жиҳатлари бор.

Айниқса, қаршиликлар иккинчи даврада сезиларли даражада кучайишга эришдилар. Олдинда «Насаф» – «Пахтакор» учрашуви бор. Ўйлашимча, у йил ўйини мақомида бўлади. Чемпионатнинг кумуш медаллари тақдири айнан шу учрашувда ҳал этилса керак.

– Бўлажак баҳснинг қандай якунланиши борасида башорат қила оласизми?

– Йўқ. Шунчаки, жуда қизиқарли, курашларга бой ўйин кечишини тахмин қилишим мумкин, холос. Натижани эса олдиндан айтиш мушкул. Бундай баҳсларда биргина хато учрашув тақдирини ҳал қилиб қўяди. Бу сафар ҳам шундай бўлса керак.

– Қайси жамоага мухлислик қиласиз?

– «Барселона»нинг ўйинлари маъ-қул келади. Таркибида дунё тан олган юлдузлар тўп суришади. Менга айниқса, жамоанинг услуби ёқади. Ушбу клубга қайси мураббий келишидан қатъий назар, анъана сақланиб қолади.

– Жорий мавсум «Барселона»га аталса керак…

– Мен ҳам шундай фикрдаман. Лекин ҳали олдинда учрашувлар кўп. Учта мусобақада қатнашадиган жамоаларга осон бўлмайди. Қайсидир ўйинларда чарчоқ аломатлари панд бериб қолиши ҳеч гап эмас.

Гарчи ҳозир «Реал» Испания чемпионатида принципиал рақибидан сезиларли фарқ билан ортда қолиб кетган бўлсада, бу клубни ҳисобдан чиқаришга эрта. Ҳақиқий кураш ҳали олдинда. Лекин «Барселона» чемпионликка эришса, бунга қарши эмасман.

– «Футболчилардан кимга мухлислик қиласиз?» деган савол менимча, ноўрин бўлса керак, шундайми?

– Ҳа, шубҳасиз, Месси! Аргентиналик футболчи майдонда худди рақсга тушаётганга ўхшайди. Унинг ўйинларини шунчаки томоша қилиш керак.

Ҳар бир ҳаракатидан завқ олиш мумкин. Унинг бир ўзи энг муҳим баҳсда «хет-трик»ка эришиб, термасини мундиалга олиб чиқди. Шунинг ўзиёқ Леонинг қандай футболчи эканини исботлаб турибди.

– Футболдаги фаолиятингиз қай тарзда бошланган? Нима учун касб сифатида айнан миллионлар ўйинини танлагансиз?

– Етти ёшимдан спортнинг шу тури билан профессионал тарзда шуғулланишни бошлаганман. 1988 йили ҳозирги Косово ҳудудида туғилганман. Болалигим Печ шаҳрида ўтган. Профессионал футболдаги биринчи мураббийим – Ристо Бабарожич.

Белград шаҳрида ушбу мутахассисдан футбол сабоқларини ўрганганман. Буни қарангки, легионер сифатида илк бор Ўзбекистонда ўйнадим.

Унгача фақат Сербия клублари сафида тўп сурганман. Ўзимга қолса, яна 3-4 йил Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган бўлардим.

– Гожковичлар оиласида фақат сиз футболни танлаганмисиз?

– Ҳа, бошқа футболчилар йўқ. Улар бошқа соҳада меҳнат қилишади.

– Профессионал футболчи сифатида илк бор қайси жамоа билан шартнома имзолагансиз?

– Печ шаҳрининг «Будучность» клуби билан битим тузганман. Катта футболга йўл шу жамоадан бошланган.

– Сербияда қайси клубларга мухлислик қиласиз?

– Менга кўпроқ «Партизан»нинг ўйинлари ёқади. Шу жамоа мухлисиман, десам ҳам бўлаверади.

– «Партизан» ва «Црвена Звезда» ўртасида ўзига хос қарама-қаршилик бор…

– Худди шундай. Бу жамоалар учрашганда, шаҳар икки қисмга бўлинади. Лекин менга барибир, кўпроқ «Партизан» ёқади. Мазкур клубларнинг ўзаро қарама-қаршилигида ҳам «Партизан»га мухлислик қиламан.

– Нима учун айнан «Партизан»?

– Аниқ сабабини билмадиму, лекин болалигимдан, ақлимни таниганимдан бери шу клубга ишқибозлик қилганман. Оиламиздагилар ҳам ушбу жамоанинг мухлиси ҳисобланишади.

– Сербия терма жамоаси ЖЧ-2018 финал босқич йўлланмасини қўлга киритди. Бу билан сизни табриклайман. Мамлакатингизда мазкур воқеани роса байрам қилишгандир?

– Албатта. Жаҳон чемпионати чиптаси қўлга киритилган кун бутун Сербия ухламади, десам бўлаверади. Халқимиз бу кунларни узоқ кутганди. Ўйлайманки, термамиз ҳақли равишда Россияда ўтказиладиган мундиалга борадиган бўлди.

Ҳозир Сербия миллий жамоасида кучли авлод футболчилари жамланган. Улар ЖЧ-2018да ҳам яхши ўйин намойиш этишади. Фурсатдан фойдаланиб, термамизга омад тилайман. Афсуски, Ўзбекистон миллий жамоаси бу имкониятдан фойдалана олмади.

Бунга жуда ҳам яқин келинганди. Биргина аниқ зарба термангизни мундиалда қатнашишдан маҳрум қилди. Акс ҳолда, жаҳон чемпионатида иккита жамоага мухлислик қилган бўлардим.

– Гарчи Славолюб Муслин Сербия термасини ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқсада, СФФ бош мураббийни истеъфога чиқарди. Бу сиз учун ҳам кутилмаган воқеа бўлдими?

– Ҳа, у кучли мутахассис эди. Нима учун бундай қарорга келинганини тушуна олмадим. Менимча, Муслинга нисбатан адолатсизлик қилинди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳозирги мураббий ва футболчиларга омад тилашдан ўзга чорамиз йўқ.

– Сизнингча, Сербия футболи тарихидаги энг кучли ўйинчи ким? Синиша Михайловичми ёки..?

– Бу номга даъвогарлар бисёр. Михайловичдан ташқари, Драган Стойкович, Неманья Видич, Саво Милошевич каби футболчилар ҳам энг яхшилар қаторида зикр этилади. Ҳозир аниқ бир номни Сербия футболи тарихидаги энг яхшиси, дея олмайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.iff.uz

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО