НЎЪМОН ҲАСАНОВ: “РИВОЖЛАНИШНИНГ ИККИНЧИ БОСҚИЧИГА ЎТДИК”

05.01.2018

“Мавсум-2017”да чемпионатимизга ўзига хос интрига олиб кирган жамоалардан бири “Қўқон-1912” бўлди. Биринчи даврадан кейин 2-ўринни эгаллаган клуб якунда 9-поғонани банд этди. Умуман айтганда, Нўъмон Ҳасанов жамоасининг кўрсатган ўйини ёмон таассурот қолдирмади. Шунингдек, мавсум якунларига кўра, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан ушбу клуб фейр-плей ва энг яхши мухлислар номинациясида ғолибликни қўлга киритди. “Қўқон-1912” жамоаси мавсум якунларига бағишланган байрам тадбирини ҳам ўтказди ва унга бизни ҳам таклиф қилишди. Шу фурсатдан фойдаланиб жамоа устози Нўъмон Нурматович Ҳасанов билан гаплашдик.

photo_2018-01-04_13-55-36

“МУХЛИСЛАРИМИЗ МАҚТОВГА ЛОЙИҚ”

  • Мухлисларимизнинг ютуғи нимада эди? Боиси, улар чинакамига ишқибозлигини кўрсатишди. Жонкуяр ва садоқатли мухлислар шунақа бўлишади. Бизда мағлубиятлар ҳам бўлди, айниқса, иккинчи даврада. Шундай пайтларда ҳам мухлисларимиз жамоамизни қўллаб-қувватлаб, ўйинлардан кейин қарсаклар билан кузатиб қўйишди. Шунингдек, четдан ҳам қўқонлик ишқибозлар ҳақида кўп илиқ фикрлар билдиришганини эшитаман. Ўйинлар давомида бу ерга рақиб жамоа ишқибозлари ҳам келишади. Ана шундай пайтда қўқонлик мухлислар ҳар бир келган ишқибознинг ҳурматини жойига қўйган ҳолда ўйиндан сўнг чойхонага чақириб меҳмондўстлик кўрсатишади. Мана шундай томонлари ҳам мақтовга лойиқ. Айтмоқчиманки, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан ҳақли тарздаги мукофот бўлди. Бундан кейин ҳам биз мухлисларимиз билан янада бирга бўлишни ва улар жамоамизни фаол қўллаб-қувватлашини хоҳлаймиз. Биз фақат мухлислар учун ўйнаймиз. Ютқазсак ҳам чиройли ва жанговор ўйин бўлсин. Бу – футбол ва унда мағлубиятлар ҳам бўлади. Аммо мухлисларимизни хурсанд қилиш учун янада жиддий ишлаяпмиз. Ишқибозларга шундай дейман: сизлар бизларни кутинглар ва биз сизлар учун, сизларни қувонтириш учун боримизни бериб ўйнаймиз.

photo_2017-12-30_17-23-57

“МАВСУМНИ 11-12 НАФАР ЎЙИНЧИ БИЛАН ЎТКАЗИШ ОҒИР”

  • Ҳали биз учун ҳаммаси олдинда. Футболчиларимизнинг ютуқ ва хатоларини ҳам кўрдим. Янги мавсумда албатта камчиликларимизни ёпишга ҳаракат қиламиз. 2017 йилги чемпионатнинг биринчи даврасидан кейин таркиб масаласида кучайишимиз керак эди, аммо буни тўлиқ амалга ошира олмадик. Бу эса якунда бизга панд берди. Захирадан майдонга тушган футболчи ўйинни кучайтириши керак. Асосий таркиб ўйинчилари эса толиқиб қолишди. Барибир бутун мавсумни 11-12 нафар футболчи билан ўтказиш ниҳоятда оғир. Ўзим ҳам футбол ўйнаганим учун бу вазиятни яхши биламан. Барибир қўл остимдаги йигитларга миннатдорчилик билдираман. Жамоамиз ўз ўйини билан стадионда ишқибозларни тўлдирди.

photo_2017-11-20_12-30-21

“ФЕЙР-ПЛЕЙ”НИНГ БИЗГА БЕРИЛИШИ ТЎҒРИ ТАНЛОВ”

  • Бу ерга келишимдан мақсад йигитларга футбол ўргатиш эмас, балки аввало бир яхлит жамоани шакллантиришдан иборат эди. Шундай ўйинчиларни тўплаганманки, улар футболчи ва инсонийлик томондан ҳам бир-бирини қўллаб-қувватладилар. Агар кимнидир ёмон хислатлари бўлса, буни албатта илғаб олган бўлардим. Футболчиларимиз бутун мавсум давомида шуни кўрсатишдики, ҳақиқатан бизда бир оила жамланган. Биласизми, ҳатто чемпионат давомида бирор марта ҳам қизил карточка олмаганимизни ўша Тошкентдаги ЎФФнинг тақдирлаш маросимида, жамоамизга фейр-плейни топшираётганида эшитдим. Ютқазган ўйинларимизда ҳам футболчиларимиз учрашувлардан кейин рақиб аъзоларини дўстона равишда табриклаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. Бунинг учун уларга раҳмат. Бош мураббий бўлгандан кейин у албатта жамоани бир оила қилиши керак. 4 футболчи у ерда, яна 4 футболчи бу ерда бўлса, бу нотўғри. Бизнинг жамоада ҳамма бир-бири билан иноқ ва қаерга боришса ҳам бутун жамоа бўлишади. Футболчиларнинг ўзаро бир-бири билан суҳбатларида ҳам мураббий бу нарсани сезади. Бундай иноқ даражага олиб чиқиш ўзидан-ўзи бўлмади. Футбол ягона иштирокчининг ўйини эмас, унда бутун жамоа ўйнайди. Шунинг учун футболда ҳаммасига фақат жамоавий ўйин эвазига эришилади. Бунга қайд этган натижаларимизда асосан жамоавий ўйин ва дўстона муносабат кўп ёрдам берди. Тўғриси, фейр-плейнинг бизга берилишини кутмагандим. Лекин жамоамизга ушбу мукофотни топширишганидан кейин тўғри йўл тутишганига ишонч ҳосил қилдим. Бу тўғри танлов бўлди.

qoqon_

“РАҚОБАТ ЕТАРЛИ ДАРАЖАДА КУЧЛИ ЭМАСДИ”

  • Жамоамнинг менга нимаси ёқди? Улар қўрқмасдан ўйнашни ўрганишди. “Пахтакор”ми, “Локомотив”ми, умуман ўз майдонимиздаги ўйинларда ҳам очколарни тортиб олдик. “Қўқон-1912” қачон “Пахтакор” майдонида ўйнаса йигитларда ҳаяжон ва қўрқув бўларди. Биз эса уларни қўрқмасликка ўргатдик ва талабларимизни футболчиларга етказа олдик. Шунчаки, баъзи ҳолатларда бизга омад етишмади. Энг аввало айрим етакчиларимизни йўқотдик. Хабарингиз бўлса, Носир Отақўзиев операция столига ётди. Жавоҳир Сидиқов ҳам жароҳатга учради. Натижада ўша ўйинчимизни ҳам 2-3 ойга йўқотдик. Кейинчалик Сидиқовни захирадан майдонга туширишни бошладик, аммо у ўз ўйинини йўқотиб бўлганди. Яна бир асосий жиҳат бизнинг захирамиз кучли бўлмади. Бу ерда рақобат йўқ эди. Шу боис футболчилар ҳам ўзларини майдонга туширишимни билишарди. Ўша рақобатнинг йўқлиги ҳам таъсир қилди. Тўғри, бу бизни камчилигимиз бўлди. Биринчи даврадан кейин таркибни етарли даражада кучайтириш учун бизда имкон бўлмади. Футболчилар асосан бир йиллик шартномалар тузишади ва яхши ўйинчиларни ҳар доим қўлга киритиш қийин бўлади. Четда ўйинчи олиб келишга эса бизда имконият бўлмади.

DSC_7377 копия

“БИЗ ЧАҚИРАЁТГАН ФУТБОЛЧИЛАР КУЧЛИ КЛУБЛАРНИ ТАНЛАШЯПТИ”

  • Айни пайтда таркибни кучайтириш ва селекция масаласида максимал даражада ишлаяпмиз. Бир нарсани билингларки, футболчини “Қўқон-1912” таклиф қиляпти ва шу билан бирга уни “Локомотив” билан “Пахтакор” ҳам чақиряпти. Сиз ўйлаб кўринг, бундай вазиятни кимни танлаган бўлардингиз? Албатта, кучли жамоани танлайсиз. Тўғриси, бу масалада бизга қийин бўляпти. Масалан, Шерзод Каримовни жамоамизга таклиф қилгандим. Аммо у “Локомотив” билан шартнома тузди. Барибир яхши ўйинчи кучлироқ жамоага ўтишни истайди. “Локомотив” билан ўйнаганимизда учрашувдан олдин аввало уларнинг захира ўриндиғига қарадим. 7 та ўйинчининг барчаси топ-футболчилар эди. Ўзимизнинг захирадаги ўйинчилар билан солиштирдим ва катта фарқ бор. Кучли клубларга футболчиларни жалб қилиш осон, бизга эса қийин. Боя айтганимдек, ҳар қандай ўйинчи биринчи навбатда кучли клубнинг таклифини кўриб чиқади. Футболнинг мана шундай жиҳатлари ҳам бор. Биз таклиф қилаётган футболчилар орасида “Пахтакор”дан Даврон Ҳошимов ҳам бор. У билан ҳар куни гаплашяпман. Умуман, бир қанча ўйинчилар билан гаплашяпман. Ҳеч бири йўқ дейишмаяпти. Аммо улар кутишяпти, бу ёғи тақдир-да.

 

“МУРОД ХОЛМУҲАММЕДОВ 10 ТА ПЕНАЛЬТИДАН 10 ТА ГОЛ УРАДИГАН ЎЙИНЧИ”

  • Мурод Холмуҳаммедов Қўқонга келиб футболчи сифатида анча ўсди. Унга кўп нарсаларни ўргатдик. Менинг машғулотимни тўла-тўкис ўзлаштириб олди десам ҳам бўлади. Тўғриси, ўйин пайтида бизнинг айёрлик хислатларимиз кўп эди. Кўп голларимизни ана шу айёрликларимиз эвазига киритганмиз, масалан стандарт вазиятлардан кейин. Муродга пенальти тепиш ҳуқуқини қўрқмасдан ишониб топширдим. Чунки у 10 та пенальтидан 10 та гол урадиган футболчи. Менимча, ҳеч бир жамоада стандарт вазиятларни ҳимоячи бажармаса керак. Бизда эса бурчак тўплари ва бошқа стандарт вазиятларни Холмуҳаммедов амалга оширади. Муродда эса ўйинни яхши ўқий олиш қобилияти бор. Мен талаб қилган нарсаларни тушунди. Футболчилар жамоамизда нимага ривожланишди? Чунки улар менинг талабларимни, хоҳлаган нарсаларимни яхши тушунишди. Чемпионатда иккита ҳужумчи билан ўйнаган жамоани биласизми? Фақат биз мана шундай тактика асосида тўп сурдик. Бошқалар эса асосан битта ҳужумчи билан ўйнашди. Кейинчалик Носир Отақўзиев жароҳат олганидан сўнг мажбуран битта ҳужумчи тактикасига ўтдик.

DSC_7209 копия

“РАЙЕВАЦНИНГ ЖАРОҲАТИ БЎЛМАГАНИДА ЖОН ДЕБ ОЛИБ ҚОЛГАН БЎЛАРДИМ”

  • Райевац иккинчи даврада нега кам гол урди? Сабаби бор ва буни ҳеч ким билмаса керак. Гап шундаки, Филипнинг орқасида “грижа”си бор эди. Футболчи машғулот ўтказмасдан футбол ўйнашига тўғри келди. Кўряпсизми, уни ноилож майдонга туширишга қарор қилдим. Бунга ўхшаган ҳужумкор ўйинчини Ўзбекистонда фақат 3-4 тасини биламан холос. Айтишим керакки, Райевацдан кўплаб рақиб ҳимоячилари қўрқишди. Чунки у жисмонан бақувват эди ва ўйинчимизга урилиб, йиқилиб тушган ҳимоячиларни ҳам кўп кўрдим. Афсуски, унинг жароҳати бор. Биринчи даврада у кетма-кет голлар уриб бизга фойда келтирганди. Агар унинг жароҳати тузалганида Райевацни яна жон деб олган бўлардим. Дарко Гожкович эса албатта жамоамизда қолади.

Без имени-1

“БИЗ РИВОЖЛАНИШНИНГ ИККИНЧИ БОСҚИЧИГА ЎТДИК”

  • Ҳар бир мураббий ҳам жамоаси билан кўтарилишни хоҳлайди. Жамоамиздаги ўйнаган ўйинчиларда албатта ўсиш бўлади. Бунгача танилмаган футболчилар анча танилиб қолишди. Яна қайтараман, албатта қўл остимдаги ўйинчилар янги мавсумда янада ривожланишади. Биз энди ушбу мавсумдан бошлаб ривожланишимизнинг иккинчи босқичига ўтамиз. Бу босқичда биз умуман бошқача ўйин кўрсатамиз. Айтмоқчиманки, энди дастуримиз ўзгаради. Футболчиларимиз тўпни бир-бирига аниқ, тез ва сифатли ошириш устида ишлашяпти. Тўп билан муомала қилиш борасида ишлаяпмиз. Умуман, янги мавсумда бошқача ўйин кўрсатамиз.

photo_2017-12-26_21-48-45

“ТОШКЕНТДА ШУҒУЛЛАНАМИЗ”

  • 4 январда Тошкентда йиғиламиз. У ерда 20 кунлик тайёргарлик дастуримизни олиб борамиз. Ушбу йиғинимиз давомида албатта назорат учрашувлари ҳам бўлади. Бу ўйинлар орқали футболчиларимизнинг ҳолатини ҳам яхшироқ билишим керак. Шу билан бирга барибир жисмоний тайёргарлик бўйича ишлашни ҳам тўхтатмаймиз. Менимча, хориж йиғини ташкил этилмайди.

photo_2017-12-26_17-31-14

“ЮСУПОВ БИЛАН ПАРДАЕВ ЖАМОАМИЗДА ЎЙНАШАДИ”

  • Мақсадларимиз ўзгармайди, аммо энди ихтиёримиздаги футболчиларда катта ўзгаришларни кўрасизлар. Буни нафақат ўйин, балки кенг миқёсида айтяпман. Албатта, таркибга янги ўйинчиларни қўшамиз. Қолаверса, чемпионат тугаганидан кейин айрим футболчиларимизга “Пахтакор”, “Насаф” каби клублардан таклифлар тушди. Аммо биз улар билан гаплашдик ва яна бирга ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ўткир Юсупов билан Баҳодир Пардаев ҳам янги мавсумда “Қўқон-1912” шарафини ҳимоя қилишади. Никита Рибкин кетди. Аслида у кетмасди, аммо ўзим унинг бошқа жамоага кетишига рухсат бердим.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди

“Футбол Экспресс” газетасидан олинди.

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО