29.01.2018
Ёш футболчиларимизнинг Осиё чемпионатида эришган юксак ғалабаси ҳам ана шундай улкан ислоҳотларнинг, эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижасидир.
Осиё чемпионатида қитъамизнинг ўн олти давлат терма жамоаси ғолиблик учун баҳслашди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари халқаро спорт жамоатчилигида ўз сўзини айта олди, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг муносиб фарзандлари эканини исботлади.
Аслида, бутун дунёда катта қизиқиш билан томоша қилинадиган миллионлар ўйини ҳисобланган футбол бўйича ҳар қандай нуфузли мусобақада юқори натижага эришиш осон эмас. Ўзбек футболи тарихида ҳам бундай юқори натижалар ҳар йили ҳам қайд этилавермайди.
Ўзбекистон футболчилари 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ва 2012 йил Эронда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган эди.
Осиё футбол конфедерацияси томонидан Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида ўтган кескин ва муросасиз баҳсларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари шижоату матонатда, истеъдоду маҳоратда рақибларидан ҳар томонлама устун эканини исботлаб, ҳақли ғалабага эришди.
Футболчиларимиз “А” гуруҳидаги биринчи учрашувда қатарлик тенгдошларига имкониятни бой берган бўлса-да, Хитой ва Уммон ёшлар терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Чорак финалда Япония ёшларини 4:0, ярим финалда Жанубий Корея вакилларини 4:1 ҳисобида енгди.
Мусобақанинг финал баҳсида футболчиларимиз Вьетнам ёшлар терма жамоаси устидан 2:1 ҳисобида зафар қучиб, Осиё чемпиони бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков ОФК томонидан мусобақанинг энг фойдали футболчиси, деб топилди. Унга Тойота компанияси томонидан 20000 АҚШ доллари миқодорида мукофот пули берилди.
Ёш футболчиларимизнинг тарихий ғалабаси халқимизга улкан қувонч ва шодлик бахш этганини, уларнинг қалбида фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдириб юборганини ҳис этиш қийин эмас. Бутун халқимиз бу ғалабани катта ҳаяжон ва хурсандчилик билан қарши олди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Осиё чемпионатида улкан ғалабага эришган ёш футболчиларимизга ўзининг самимий табригини йўллаб, уларнинг қўлга киритган натижасига қуйидагича таъриф берди:
“Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.
Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади”.
– Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини катта ҳаяжон билан кузатиб бордик, – дейди Акмал Мадвалиев. – Очиғи, ушбу нуфузли мусобақада юксак муваффақиятга эришган футболчиларимизга жуда ҳавасим келди. Уларнинг оламшумул ғалабаси биз, ёшларнинг ўзимизга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлаб, янги-янги марралар сари дадил қадам ташлашимизда кўтаринки руҳ бағишламоқда.
…Мана, орзиқиб кутилган дамлар – футболчиларимиз “Ўзбекистон” меҳмонхонасига етиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Ўзбекистон!” деган такрор ва такрор ҳайқириғига уланиб кетади. Уларни ҳаяжон билан ота-оналари, яқинлари, тенгдошлари қизғин табрикламоқда. Қалбларимиздан чексиз ғурур ва ифтихорга йўғрилган самимий дил изҳорларимиз, эзгу тилакларимиз беихтиёр тилимизга, кўзимизга кўчади: “Ғалаба муборак, Ватанимизнинг ёш чемпионлари! Сизлар бутун дунёга Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳиятини намоён қилдинглар!”.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизни ғалабамиз билан табриклаганидан қувониб, қалбимиз фахрга тўлди, – дейди ёш футболчи Рустамжон Ашурматов. – Президентимизнинг юксак эътиборини, самимий дил сўзларини ўқиб, қўзимизга ёш келди. Келгусида бунданда улкан ғалабаларни қўлга киритишга бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз.
– Ғалабамиз шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, Ватанимиз байроғи кўтарилганда шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимдан ғурурланиб кетдим, – дейди Забиҳилло Ўринбоев. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг футбол билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
– Осиё чемпионатининг финал учрашувида ҳал қилувчи голни урганимдан, халқимиз ва терма жамоамизнинг ғалабасига ҳисса қўшганимдан бахтиёрман, – дейди Андрей Сидоров. – Бу чемпионатда биз муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек футболчилари ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини яна бир карра исботладик.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.
Шу куннинг ўзида чемпионларимизга Президентимиз совғаси – автомобиллари топширилди.