03.04.2018
Ўтган мавсумнинг 5-турида «Қўқон-1912» ўз майдонида Самарқанднинг «Динамо» жамоаси устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўшанда мезбонлар бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг матбуот анжуманидаги бир фикри эътиборимни тортган. «Мен шогирдларимнинг ўйинга бўлган муносабатидан хавотирга тушдим, рақибни менсимаслик ҳолатлари бўлишидан қўрқиб тургандим, хайрият ундай бўлмади», – деганди Ҳасанов.
Қизиғи, ўшанда «Динамо» қаторасига ўйинларда ғалаба қозонган, ҳатто Тошкентда «Пахтакор»ни ютган, турнир жадвалида «Қўқон»дан олдинда турганди. Қаранг, мураббий ўз олдига вазифаларни вазиятдан ёки жадвалдан эмас, ўз имкониятидан келиб чиқиб қўймоқда. Шогирдларидан хавотир оляптими, демак ўша шогирдлар ҳам ўз даражаларини баланд эканини билишади, мураббий аввалроқ буни сингдириб бўлган. Демак, Нўъмон Ҳасанов Қўқонда каттароқ жамоа тузмоқчи, деб хулосага келгандим.
Биринчи даврани 2-ўринда якунлаган қўқонликлар иккинчи даврани бўш ўтказишди. Энди эса, бир қатор янги трансферлар билан янги мавсумга кириб келди. «Қўқон 1912» 4 ўйиндан икки ғалаба ва икки мағлубият билан 6-поғонани эгаллаб турибди.
ТРАНСФЕРЛАР
«Қўқон» ушбу мавсум олдидан ўзагини сақлаб қолган ва фақат позицияларни кучайтириш бўйича иш олиб борган кам сонли суперлига жамоаларидан биридир. Деярли барча етакчилар сақланиб қолиш билан бирга, ҳар бир трансфер белгиланган режа асосида бажарилганини кўриш мумкин. Мана шу ерда, мураббийга бир неча мавсум имконият бериш жамоанинг кейинги қадамларни ташлашида хато қилмаслигини кафолатлайди. Чунки, бир ярим йилдан буён Қўқонда мураббийлик қилиб келаётган Ҳасанов жамоани қандай кўрмоқчи эканини аллақачон аниқлаб, мавжуд муаммоларни белгилаб олган.
Ўтган мавсумдаги асосий муаммо дарвозабон позицияси эди – бу чизиқда Қўқонда уч дарвозабон доимий равишда алмашиб қўриқлашди ва уларнинг бирортаси ҳам барқарорлик кўрсата олмади. «Нефтчи»дан таклиф этилган Юсупов ҳозирча ишончни оқлаяпти дейиш мумкин.
Ҳимоя марказида ҳам тўлиқ янгиланиш рўй берди. Дастлабки турларда Милич-Комилов жуфтлиги мунтазам равишда тандем сифатида ҳаракат қилишяпти. Бу трансферлар ўз навбатида ўнг қанот ҳимоясидаги муаммони ҳам ёпди: ўтган мавсумда Жалил Кимсанов у қадар ишончли кўринмаган, Ҳасанов натижада уч ҳимоячи билан вариантларни ҳам синаб кўрган эди. Энди эса, Мурод Холмуҳамедов ўнг қанотда тўп сурмоқда.
Суҳроб Бердиев туфайли ўтган йили чап қанот ҳужуми кучли кўринганди, бу сафар сербиялик легионер Спремо, ҳамда Муҳаммаданас Ҳасанов (ўринбосарлар таркибидан жалб этилди) каби футболчилар қанотлардаги мувозанатни тиклашса керак.
Жамоани тарк этган Филип Райевац (бу ҳақида кейинроқ) ўрнини Баҳодир Пардаев ва Игорь Таран каби янги футболчилар босишга ҳаракат қилиб кўрадилар.
СХЕМА
Ҳасанов ўтган мавсумда синаб кўрган 3-5-2 дан бутунлай воз кечган кўринади. Мерзляков чап қанотда латерал ролини бажариб бериши мумкин, аммо ўнг қанотда бу позиция муаммолигича қолган бўларди. Жамшид Ҳасанов ҳам, Муҳаммаданас Ҳасанов ҳам ҳимояланишда у қадар кучли эмаслар, Холмуҳамедов эса, бутун қанотни бир ўзи ёпиши қийин.
Умуман икки янги марказий яримҳимоячи сотиб олинганидан ҳам билиш мумкинки, Ҳасанов пастдаги схемада кўриниб турганидек, 4 ҳимоячи билан ўйнайди. Ўтган мавсумда ҳимояда ҳам ўйнаган Гожкович эса, таянч яримҳимоясида тўп сурмоқда. Агар футболчилар орасидаги боғламлар кўнгилдагидек шаклланса, менимча, қўйида расмдаги таркибни оптимал деб белгилаб олиш мумкин бўлади.
Ва асосийси ҳар бир чизиқда Нўъмон Ҳасанов учун захира вариантлар бор. Гожкович ўрнини Баҳодир Акрамов ҳам тўлдира олади. Носир Отақўзиев Тараннинг ўрнида ҳам, Рўзиевнинг ўрнида ҳам ўйнай олади. Ўз навбатида Баҳодир Пардаев марказий ҳужумчи сифатида ёки ўтган мавсум бошларидаги каби чап қанотда ўйнаши мумкин.
Ҳақиқий қанот ҳужумчилари тўрт нафар – Бердиев, Спремо, М. Ҳасанов ва Ж. Ҳасанов. Муаммо шундаки уларнинг кейинги уч нафари ўнг қанотга ихтисослашган, чапда эса Бердиев билан рақобат қилиш қийин. Балки келажакдаги ротацияларни ўйлаб, мураббий «Навбаҳор» билан ўйинда М.Ҳасановни чап қанотда ҳам синаб кўрди.
ТАКТИКА
Учинчи йилга келиб, Нўъмон Ҳасановнинг айнан қандай жамоа қурмоқчи бўлаётганини пайқаш мумкин. Ўтган йили барибир кўпроқ футболчиларнинг индивидуал устунликларига урғу берилган бўлса, бу сафар Ҳасановнинг чизгиларини кўриш осонроқ бўлмоқда.
«Қўқон 1912» тўп назоратига асосланган, кўпроқ майда ва ўрта масофага тўп узатиш орқали позицион ҳужумлар уюштириш ва комбинацион футболга урғу бермоқда. Буни 4 турдаги статистика ҳам кўрсатиб турибди: Қўқон жамоаси бу ўйинларнинг барчасида тўпни назорат қилиш фоизи бўйича ҳам, паслар ва аниқ паслар сони бўйича ҳам рақибидан устунлик қилди.
Умуман Суперлигада айнан мана шу йўналишга урғу бераётган жамоалар кўп эмас. Фақат (балки) «Локомотив», қисман «Пахтакор»ни кўрсатиш мумкин. Демак қўқонликлар машаққатли, лекин тўғри йўлдан боришмоқда, яъни жамоа пойдевори ва ўзаги мустаҳкам шаклланмоқда. Нўъмон Ҳасанов асосан «Пахтакор»даги ишлари билан таниш бўлса-да, илк мураббийлик қарашларини айнан Вадим Абрамов билан бирга шакллантирганини сезиш қийин эмас.
Бундан ташқари, ўйин услубидан ташқари, жамоа ўйинида аниқ «фишка»лар ҳам бўлиши керакки, бу орқали рақибга қийинчилик туғдириш ва вазиятлар яратиш имкони бўлади. Жамоа ўйинига яхшилаб эътибор қаратилса, буни кўрса бўлади.
Жамоанинг ҳужум бошлашида қанот ҳимоячиларнинг, хусусан Холмуҳамедовнинг ўрни катта. Бир қатор қисқа паслардан сўнг футболчилар асосан қанот ҳимоячиси ёрдамида олдинга ҳаракатланишни бошлашади, бу пайтда, муҳими, қанот ҳужумчиси ҳам марказга ўтмайди ва ўша қанотда сон жиҳатидан устунлик қилишга ҳаракат қилади. Бу нима учун керак?
Рақибнинг қанот ҳимоячиси Холмуҳамедовга пешвоз чиқа олмайди, чунки қанотда яна бир футболчи бор, уни ташлаб кетиш мумкин эмас. Натижада рақибнинг марказдаги уч футболчисидан бири Холмуҳамедовнинг олдини тўсишга мажбур бўлади, бу паллада эса, Гожкович ва Сиддиқовдан бири қанотга яқинлашиш орқали, ўзига хос учбурчак яратади. Бу пайтда Милич ва Комиловларнинг ҳам анча юқорида жойлашишлари «Қўқон»га рақиб жарима майдони яқинида тўпни назорат қилиш имкониятини оширади. Қўйидаги суратга эътибор беринг:
«Навбаҳор» дарвозасига киритилган гол ҳам, айнан қанот ҳужумчисининг имкон қадар чизиқ бўйлаб ҳаракат қилгани ва натижада Холмуҳамедовнинг юқоридаги расмдаги каби, очиқ қолгани натижасига юзага келганди.
Бундай учбурчаклар қўқонликлар томонидан майдоннинг ҳар бир нуқтасида пайдо қилиниши мумкин. Сиддиқов, Рўзиев, Бердиев, Спремо каби футболчиларнинг қисқа пастда ва дриблингда уста эканликлари уларнинг имкониятини янада оширади.
Марказдаги бундай учликлар рақибнинг кўп футболчиларини марказга жамлайди ва қанотларда бўшлиқлар вужудга келтиради.
Бундай услуб фақат «Навбаҳор» учун танланмаганди. Эътиборингизга энди «Қизилқум»га қарши ўйиндаги шунга ўхшаш ҳолатларга қаратаман.
СТАНДАРТЛАР
Стандарт вазиятлар, айниқса, Мурод Холмуҳамедов ижросидаги ҳар қандай масофадан ва нуқтадан амалга оширилаётган узатмалари ҳимоячилар учун ҳақиқий муаммога сабаб бўлмоқда. Ўтган мавсумда ҳам бу «Қўқон»нинг асосий қуролларидан бири бўлган ва урилган голларнинг 48 фоизи стандарт вазиятлардан сўнг юзага келганди.
МУАММОЛАР
1) Сиддиқов – Рўзиев дилеммаси.
Жавоҳир Сиддиқов жамоа сафига келиб қўшилмасдан олдин, 2016 йилги мавсумда Қувондиқ Рўзиев Сиддиқовнинг бугунги ишини бажарарди. Ҳимоя ва ҳужумни боғлаш, дриблинглар ёрдамида олдинги чизиқда сон жиҳатидан устунлик қилиш айнан Рўзиев зиммасига юклатилганди.
Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида Рўзиев Қўқонга қайтди ва энди Ҳасанов бу икки иқтидорли ва ўхшаш футболчиларга таркибдан жой топиб бериш керак. Ҳозирча, ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида бундай схема ўйлаб топилмади ва икки футболчи биргаликда майдонда бўлганларида улардан бирининг ўйинида пасайиш сезилмоқда. Ё Сиддиқов кучли ўйнаб, Рўзиев сояда қоляпти, Рўзиевнинг ўйини қавушиб, жамоа унга ўйнай бошлаганда эса, Сиддиқов эътибордан четда қолмоқда. Улардан «Хави – Иньеста» жуфтлигини ясаш ҳозирча Ҳасановнинг энг катта орзуси бўлса керак.
Дастлабки турларда, Сиддиқов бироз олдинроқда ҳаракат қилди ва орқароқда ҳаракат қилиб ҳужумларни бошлаш Рўзиевга топширилганди. Аммо Рўзиевнинг ўйини кўнгилдагидек чиқмади ва «Навбаҳор» билан ўйинда Сиддиқов эски позициясига қайтарилди.
Аслида ўша ўйинлардаги эксперимент Сиддиқовнинг ўйинини ҳам чеклаган эди. Сабаби, Жавоҳир анча жуссаси кичик ва жисмоний кўрсаткичлари унинг асосий устунлиги эмас. Уни рақиб жарима майдонига яқин жойда ўйнатишдан фойда кам бўлади. Чунки рақиб дарвозасига яқинлашган сари босим ортиб, ҳимоячиларнинг қаршилиги кучайиб боради. Жавоҳир эса, бундай вазиятларда тўп учун курашиши қийин. У кўпроқ очиқ худудларда тўпни эгаллаши ва тезлик олиб, рейдлар уюштириши,ҳужумларни бошлаши керак. Эътибор берган бўлсангиз, терма жамоа сафида Марокашга қарши ўйинда ҳам 1-таймда рақиб агрессивроқ ҳаракат қилганида Сиддиқовнинг ўйини чиқмади. Иккинчи таймда терма жамоамиз кўпроқ тўп билан муомала қила бошлагач, ва асосийси Сиддиқов сал орқароққа ўтказилгач, тўп билан кўпроқ муомала қила бошлади.
Қувондиқ Рўзиев эса, шеригига қараганда бақувватроқ, корпус билан яхши ўйнайди ва яхши зарбага эга. Менимча, Ҳасанов уни кўпроқ олдинги чизиқда синаб кўриши керак.
Балки таянч яримҳимоячи Баҳодир Акрамов қайтгач, Сиддиқов-Рўзиев жуфтлиги марказдаги ромбнинг юқори учлари бўлиб ҳаракат қилишар? Кўрамиз.
2) Филип Райевац
Райевацнинг жамоага қайтмаганини мураббий футболчининг касаллиги билан боғлаганди. Аммо Филип барибир Ўзбекистонга қайтди ва ҳозир турнир пешқадами «Бунёдкор»да жуда яхши ўйин кўрсатмоқда. «Қўқон» таркибига эса айнан у каби футболчи етишмаяпти.
Ўтган мавсумнинг катта қисмида сербиялик ҳужумчи кўп гол урмаган, аммо айнан унинг фаоллиги натижаси ўлароқ Бердиев ва Отақўзиевлар сермаҳсул ўйин кўрсатишганди. Таркибда Райевацнинг борлиги «Қўқон 1912» нинг услубига ранг-баранглик олиб кирарди ва асосийси тезкор қарши ҳужумларнинг самарадорлигини оширарди.
Ҳар қандай тўпга курашадиган Райевац тўпни эгаллаб исталган масофага қадар олиб борар ёки жамоадошлари келгунча сақлаб турарди. Райевацнинг йўқлиги туфайли жамоа асосий қуролларидан бири – тезкорликдан айрилиб қолгандек.
Игорь Таран балки очилиб кетар, аммо у барибир кўпроқ қисқа масофаларда комбинацион футболга мос. Носир Отақўзиев ёши ўтиб бормоқда ва у бутун ўйин бу темпда ўйнай олмайди. У юқори қаватларда ғолиб чиқиши мумкин, аммо бир ўзи ҳимояга босим ўтказа олмайди, у тўпни эгаллаганда ёнида шериги албатта бўлиши керак.
Олдинги чизиқда фақат Баҳодир Пардаев қисман Райевацнинг ўрнини босиши мумкин, аммо у ҳам ҳозирча юқори спорт формасида эмаслиги панд бермоқда.
3) Ҳужумларни якунлаш
Яхши спорт формасидаги ҳужумчининг йўқлиги жамоа ўйинини ижобий натижага айлантиришда панд бермоқда. Бир қараганда ҳаммаси яхшидек, тўп яхши назорат қилиняпти, комбинациялар, боғламлар қониқарли даражада ишламоқда – лекин ҳужумнинг якуний босқичида аниқ режа кўзга ташланмаяпти. Оқибатда, ҳужумлар кураш майдонига Холмуҳамедовнинг ёки Мерзляковнинг узатмаси билан ниҳоясига етмоқда.
«Қўқон 1912» 4 турда атиги 3 гол (фақат икки жамоада камроқ кўрсаткич) урди. Бу ўтган йилги шу даврдан деярли икки баробар кам. Ундан ҳам кўпроқ, голлар қандай урилганига эътибор беринг: бир гол пенальтидан, бир гол рақибнинг ҳимоядаги хатосидан сўнг, яна бир гол эса, рақиб томонидан ўз дарвозасига урилди. 3 голдан 2 тасида рақиб бир ўйинчи кам бўлиб қолган паллада содир бўлган.
ЭЪТИБОР БЕРИШ ЛОЗИМ
«Қўқон 1912» нинг асосий формаси билишимча, оч ҳаворанг, иккинчи либоси эса оқ. Аслида, менимча, иккинчи форма тўқроқ рангда бўлиши керак эди. Мисол учун «Навбаҳор»га қарши ўйинда меҳмонлар оқ рангли кийимда ҳаракат қилишди. Қўқон жамоаси эса оч ҳаво рангли либосда ўйнади. Тўғри, ҳозирда оқ-қора телевизорлар вақти ўтгандир, лекин барибир, бу жиҳатни салбий баҳолаган бўлардим.
ХУЛОСА
Албатта, бу фикрлар кўпроқ ўтган мавсум ва ушбу мавсумдаги дастлабки 4 ўйиндан кейин чиқарилган хулосалардир. Тан олиш керак, 4 тур бугунги жамоага тўлиқ баҳо бериш учун етарли эмас. Биринчидан, қўқонликлар 4 ўйиндан 3 тасини сафарда ўтказдилар. Иккинчидан эса, ҳали жамоа «Пахтакор», «Насаф», «Локомотив» ёки «Бунёдкор» каби кучли жамоалар билан учрашмади. Ҳасанов шогирдлари бу рақибларга қарши ҳам мана шундай комбинацион ва хотиржам ўйин кўрсата олишадими? Бу жуда мураккаб савол. Чунки индивидуал маҳоратга эмас, системага таяниладиган жамоаларга нисбатан қаршилик савияси ва юкламалар ошса, боғламлар ишламай қолиши ва жамоа сочилиб кетиши ҳам мумкин.
Умумий ҳолатда эса, жамоа кўрсатаётган ўйин сифати, ижрочилар маҳорати ва таркибнинг уч йилдан буён шаклланиб келаётганини эътиборга олсак, назаримда, топ-4 дан ташқари, қўқонликлар «Бухоро» ва «Навбаҳор» билан бирга кучли олтилик учун курашишса керак.
Қаҳрамон Асланов